Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:05

Хом-ашëфурушлик билан яшаб келган давлатлар учун қора кунлар бошланди


Кейинги 10 йил ичида иқтисоди тезлик билан ривожланиб¸ постсовет ҳудудининг энг бадавлат давлати¸ Осиëнинг "янги шери"га айланган Қозоғистонда бораëтган жорий молиявий-иқтисодий инқироз¸ таҳлилчилар фикрича¸ ўз ривожини хом-ашë савдосига қарам қилиб қўйган давлатларнинг ҳаммасини бирма-бир домига тортмай қолмаcлигини кўрсатмоқда.

Халқаро майдонда хусусий сармоядор ўз маблағини киритар экан, эътибор берадиган жиҳатлардан бири¸ у ëки бу давлат иқтисодининг қанчалик хом-ашë экспортига қарамлигидир.

Россия ва Қозоғистоннинг ана шундай қарамлиги¸ бу давлатлардаги улкан қурилишларда намоëн бўлган иқтисодий ривожланиш¸ асосан газ ва нефтни четга сотишдан келаëтган доллар устига қурилгани ҳаммага аëн эди.

Шу боис¸ хориж сармоядорлари жаҳон бозоридаги ëнилғи нархи гаровида қолаëтган бу давлатлардаги мўъжизанинг тугаши вақт қўлида эканини айтиб келаëтган эди.

Айни кунларда¸ бу каби тахмин ва башоратлар ҳаëтга кўчди ва жаҳон бозорида бир бочка нефть нархи қарийб 40 долларгача тушиб¸ ўз келажагини бочкасини ками 100 доллардан сотишни хаëл қилган Россия ва Қозоғистонни ҳам пастга торта бошлади.

Иқтисодий таҳлилчилар¸ бундай башорат ва огоҳлантирувларга қарамай¸ нефть ва газ¸ қолаверса қимматбаҳо металлар сотишдан бошқа соҳаларни ривожлантиришга хоҳиш кўрсатмаган Москва ва Остона¸ бундай сиëсат учун ҳали анча жазоланишини айтмоқдалар.

Улар фикрича¸ бундай сиëсат устивор давлатга хориж сармоядорини пул ëтқизиш бехатар эканига ишонтириш энди Россия ва Қозоғистон учун осон бўлмайди.

Хориж сармоясининг кирмаслиги эса¸ ўз навбатида¸ уларнинг ҳозирги инқироздан чиқиши узоқ йилларга чўзилишини англатади.

- Бу давлатлар ўтган 10 йил давомида хом-ашë бозори¸ биринчи галда эса¸ ëнилғи нархларининг баландлигича қолганидан мазза қилишди. Бунинг оқибатида¸ улар киримлари кўпайди¸ даромадлар ошди¸ айни пайтда¸ ички маҳсулот истеъмоли ошишига ҳам асос бўлди. Аммо бир-икки йил олдин вазият тескари томонга ўзгара бошлади – Хитой иқтисоди сустлашди¸ сармоя олиб киришдан чўчиш кучайди ва бозордаги хом-ашëга нисбатан талаб ҳам камайди. Оқибатда нархлар пастлай бошлади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Лондондаги Capital Economics тадқиқот марказининг ривожланаëтган давлатлар бўйича мутахассиси Уильям Жэксон.

Хом-ашë нархининг пасайиши ортидан ривожланаëтган давлатлар валютасига нисбатан талаб ҳам камайгач¸ бу валюталар қадри пастлай бошлади. Кирим камайиши ортидан озиб бораëтган бюджетини қандай мувозанатга солишни билолмай қолган ҳукуматларнинг хорижий қарзлари нархи миллий валюталар қиммати пасайгани сайин¸ кўтарилиб бормоқда. Бундай узоқни кўзламаган иқтисодий сиëсатнинг аччиқ калтаги эса¸ охир-оқибат¸ бу давлатларнинг аҳолиси бошида синмоқда – даромади камайгани сайин¸ улар ҳаëти қимматлаб¸ учма-уч кун кўриш оғирлашиб бормоқда.

Россия ва Қозоғистондаги иқтисодий-молиявий таназзул халқаро матбуот диққатида қолаëтган айни кунларда таҳлилчилар¸ ўз ҳаëт-мамотини хом-ашë сотишдан келадиган маблағга боғлаб қўйган ҳукуматларни бундан сабоқ чиқаришга ундамоқдалар. Бундайлар орасида эса¸ Ўзбекистон ҳам бор.

Хориж валютасидаги киримининг асосий қисми пахта ва автомобиль савдосига қарам бўлган Ўзбекистон¸ ҳар иккала маҳсулотига нисбатан талабнинг тушиб кетиши билан боғлиқ оғриқни аллақачон ҳис қилмоқда.

- Хом-ашëни четга сотиш иқтисодий ўсишнинг барқарор омили саналмайди. Хом-ашë сотиш кўп одамни иш билан таъминламайди¸ янги технологияларни ўрганишга муҳтож малакали кадрлар талаб қилмайди. Шу боис¸ хом-ашë савдоси одамлар турмуш даражасини мунтазам ошириш манбаи бўла олмайди. Бундай давлатлар ишлаб чиқариш¸ иқтисоднинг янги технологиялар билан боғлиқ соҳаларини ривожлантирмас экан¸ барқарор ривожланишга эриша олмайдилар. Хитой бўладими¸ ëки шарқий Европанинг ривожланаëтган давлатларими¸ улар тажрибаси иқтисодий ривожланишнинг бош омилларидан бири ишлаб чиқаришга асосланишини кўрсатмоқда¸ дейди британиялик таҳлилчи Уильям Жексон.

XS
SM
MD
LG