Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:12

Тожикистонда ИДнинг 14 тарафдори қўлга олинди


ИДга хайрихоҳлик айблови билан қўлга олинган нораклик йигитлар.
ИДга хайрихоҳлик айблови билан қўлга олинган нораклик йигитлар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Норак шаҳри марказига ўзларининг Исломий давлатга содиқлиги белгиси сифатида қора байроқ осиб кетган бир гуруҳ ёшлар ушлангани ҳақида маълумот тарқатди. Айни пайтда қўлга олинган нораклик ёшлар ўзларининг гипноз қилинганини иддао қилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати томонидан 29 август куни тарқатилган хабарномада айтилишича, Норакда қўлга олинган 14 йигитнинг энг ёши 21, энг каттаси 37 ёшда. Уларнинг айримлари Тожикистонда куни кеча тақиқланган Ислом уйғониш партияси аъзолари бўлгани айтилмоқда. Бу иддао Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакиллари томонидан ҳозирча тасдиқлангани ҳам, рад этилгани ҳам йўқ.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Норак шаҳрида яшовчи бу йигитлар Интернет орқали “Исломий давлат” гуруҳига мансуб Юнус исмли тожикистонлик жангари билан танишганлар ва ўзларининг мазкур террор гуруҳига содиқлигини намойиш қилиш учун шаҳар марказига қора байроқ осиб кетганлар.

Қўлга олинганлардан бири Давлиё Саидов тергов пайтида Юнуснинг топшириғи билан Душанбедаги бозордан қора мато ва оқ бўёқ сотиб олганини айтган.

Йигитнинг айтишича, Юнус улардан қора байроқни осиб, албатта суратга олиб, фотони унга жўнатишларини талаб қилган.

Давлиё Саидов содир бўлган воқеа моҳиятини эндигина англаганини ва бундан таассуфда эканини айтган.

“Аввалгига ҳеч қанақа шубҳа-гумон йўқ эди, энди эса ўша пайтда худди гипноз қилинган одамдек ҳаракат қилган эканмиз, деб ўйлаяпман”, дейди Саидов.

Бу Хатлон вилоятида “Исломий давлат” гуруҳига дохил қора байроқ осилиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Август ойи бошида расмийлар Шаҳритус тумани марказида “Аллоҳ” сўзи ёзилган байроқ пайдо бўлгани ҳақида маълум қилгандилар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Шаҳритусдаги воқеа ортидан 8 киши қўлга олинганини, бу ишнинг асосий ташаббускори 15 ёшли Маҳмадали Абдуллоев бўлганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 28 август куни Тошкентнинг Юнусобод тумани Амир Темур кўчасидаги кўприкка ҳам “Исломий давлат” гуруҳиникига ўхшаш қора байроқ осиб кетилганди. Мазкур воқеа юзасидан 50 дан зиёд киши сўроқ қилинган.

Бундан ташқари, шу йилнинг май ойи бошида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ва Бухорода “Исломий давлат” гуруҳиникига ўхшаш байроқ осиб кетилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

XS
SM
MD
LG