Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:41

Блог. Ўзбекистонда Пахта Яккаҳокимлиги Тугатилди


Ўзбекнинг Қайта Қургич Демократлари чорак аср муқаддам жаврайвериб жағи толган иш амалга ошди:

Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги тугатилди.

Жавраб-жавраб Оврупою Амриқога кетворган Қайта Қургич Демократлар истагини Доимий Демократик Ҳукумат амалга оширди.

Кетворган Демократларга қолса, улар “Ол пичоқни, кес ...ни” қилган бўлар - революция ясаб ташлардилар.

Доимий Демократик Ҳукумат - эволюция мухлиси - “янгини тузмай туриб, эскини бузмади”.

Пахта Яккаҳокимлиги 3 босқичда тугатилди:

Босқич рақам 1: Маъмурий-ташкилий асослар болталанди - колхоз ва совхозлар тарқатиб юборилди.

Босқич рақам 2: Моддий-техник база толқаланди - тракторлар металлолом сифатида Чинга сотилди, қолган-қутганининг ҳузурини Бекобод темир зовути кўрди.

Босқич рақам 3: Инсоний ресурслар тирқиради – кечаги колхозчининг боласи бугун Сибирда кучфуруш, қизи ё Туркия, ё Таиландда ку...фуруш.

Тамом. Пахта Яккаҳокимлиги Тугади.

Унинг ўрнига Пахта Абсолютҳокимлиги Ўрнатилди.

“Пахта”ни ташлавориб, “Яккаҳоким”нинг ўзини қолдирсак, бу сўзни “Монарх” билан алиштирса бўлади.

Монархлар ҳар-хил бўлади.

Матнимизнинг мағзини чақиш учун икки тури етарли:

Конституцион Монарх
Абсолют Монарх.

Совет даврида “Монарх Пахта” Конституцион Монарх эди.

Чунки унинг Конституцион асослари ва бу асослардан келиб чиқадиган мафкуравий аврамалари мавжуд эди.

Ва Қайта Қургич Демократлар шаклан “Монарх Пахта”га, мазмунан Конституцияга қарши курашган эди.

Доимий Демократик Ҳукумат Пахта Яккаҳокимлигига барҳам бериб бўлгач, Пахтага янги мақом берди – Абсолютҳоким – Абсолют Монарх.

Бу Монарх ҳеч қандай конституция-монструация билан чекланган эмас: бетўхтов, бетанаффус Монархдир.

Бу ишни Доимий Демократик Ҳукумат бир ҳамла билан бир босқичда амалга оширди.

Мана ўша бир неча босқичли бир босқич:

Тарқатилган колхознинг раисию пахта биргадларига Ер бўлиб берилдида уларга сен Фермерсан, Пахтанинг Эгасисан, дейилди.

Туман Ҳокимига сен Фермернинг Эгасисан, дейилди.

Вилоят Ҳокимига сен Туман Ҳокимининг Эгасисан, дейилди.

Бош Вазирга сен Вилоят Ҳокимининг Эгасисан, дейилди.

Бош Вазир Президентга Эгамсиз, деди.

Президент Бош вазирга Эгангман, деди.

Энг Катта Эганинг Эгаси борми-йўқми – Эгам билади.

Шундай қилиб, Пахтага эгалик қилиш вертикалидан Абсолют Пахта Монархияси пайдо бўлди.

Бу вертикал ўриснинг матрёшка ўйинчоғига ўхшайди: кичиги каттасининг, каттаси каттароғининг, каттароғи янаям каттароғининг, янаям каттароғи Энг Каттанинг ичида.

Ўзбекча бошқарув вертикали
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00

Бири иккинчисининг қорнида бўлгани учун гапирсаям овози чиқмайди. Фақат Энг Катта гапиради. Онда-сонда гапириб қўяди.

Энг Катта онда-сонда гапириб қўйганида Ўзбекнинг Қайта Қургич Демократлари чорак аср муқаддам ўртага ташлаган яна бир талаб ҳам адо этилганини мақтанадики, бу ҳақда алоҳида ёзармиз.

Ҳозирча эса, бугунги гапларга хулоса:

Хуллас, Қайта Қургич Демократларнинг Пахта Яккаҳокимлигини Тугатиш орзуси ушалди.

Уларнинг орзуларини Доимий Демократик Ҳукумат ушлатди.

Қайта Қургич Демократлар Оврупою Амриқоларда круасанларини уватмай еб, кофеларини ичиб, қоринларини қашиб ётаверса бўлаверади.

Тамом.

Ҳа, айтганча, ўқиганингиз сиёсатшуносликка ҳавас маҳсулидир. Биз биламизки, куни кеча Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани сохта илм, деб эълон қилинди.

Демак, юқоридаги гапларга эътибор бермасангиз ҳам бўлаверади.

Ундан кўра этакни кўтариб, пахтага чиқинг!

Барибир чиқсангиз ҳам чиқасиз, чиқмасангиз ҳам чиқасиз.

Чунки бугун Пахта Абсолют Ҳоким, Абсолют Монархдир.

Виват! Виват! Виват!

Давлатлари Зиёда Бўлсин, Ҳокими Мутлақ!

XS
SM
MD
LG