Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Ҳаж учун... пора, шамолнинг юзига шапати


Наманганлик милиционер порахўрлик ва фирибгарликда айбланиб 8 йилга қамалди. Тошкентда доимий пропискаси бор айрим фуқаролар уй сотиб ололмаяпти. Мева ва сабзавотни автомобилда экспорт қилиш тақиқланди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Паровоз” ёрдамида ўқишга кирган талаба икки йил ўтиб ўқишдан ҳайдалди”

Жиззах политехника институти талабаси Сарвар Эргашевнинг ғирром йўл билан ўқишга киргани орадан икки йил ўтиб аниқланди (“Ҳуқуқ”, 10 сентябрь).

Қайд этилишича, Тошкент давлат педагогика университети талабаси Илҳом Қурбонов С.Эргашевнинг ўрнига имтиҳонга кирган. С.Эргашевнинг абитуриентлик ҳужжатига И. Қурбоновнинг расми ёпиштирилган ва “паровоз” ҳеч кимга сездирмай тестларни юқори балл билан ечиб чиқишга муваффақ бўлган.

Мазкур ҳолат орадан икки йил ўтиб қай тариқа фош этилгани очиқланмаган. Айтилишича, “паровоз” вазифасини бажарган И.Қурбонов ҳам ўқишдан ҳайдалган. Собиқ икки талабага тегишли бошқа жазо ҳам берилган.

“Тошкентда доимий пропискаси бор айрим фуқаролар уй сотиб ололмаяпти”

Тошкент шаҳрида доимий прописка қилиш тўғрисида қарор кучга кирганига уч йил бўлган эса-да, бу борада тушунмовчиликлар юзага келмоқда (“Даракчи”, 10 сентябрь).

Масалан, 2012 йил июлда Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган фуқаро А.Алибаев орадан 3 йил ўтганига қарамай, уй сотиб ололмаяпти.

Гап шундаки, 2012 йил февралда тасдиқланган низомга кўра, фуқаро Тошкент шаҳрида ўз номига уй сотиб олиши учун камида уч йил доимий яшаб турган бўлиши керак. Лекин фуқаро А.Алибаев тегишли ҳужжатлари тайёрлаб нотариал идорага мурожаат этганида, ҳозирча бу масала ёпиқ деган жавоб олган.

Ички ишлар вазирлиги бошқармаси бошлиғи Б. Шорихсиев фуқаронинг мурожаатини изоҳлаб, айни пайтда вазирлик томонидан ушбу маълумотномани бериш юзасидан ҳужжатларга қўшимчалар киритилаётганини билдирган.

“Наманганлик милиционер порахўрлик ва фирибгарликда айбланиб 8 йилга қамалди”

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида профилактика инспектори бўлиб ишлаган Маъруф Нодиров 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Ҳуқуқ оламида” газетаси хабарига кўра, милиция зобити мансабидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни касб қилиб олган ва бир неча йил давомида порахўрлик, фирибгарлик жиноятларини содир этиб келган.

Суд ҳукми билан милиция вакили 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

“Ҳажга жўнатиш эвазига пора олган раис жиноий жавобгарликка тортилди”

Наманган вилояти Косонсой тумани Чиндовул қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ш.Рустамов фуқаро А.Тошпўлатовдан унинг отасини Саудия Арабистонига – ҳаж зиёратига юбориш эвазига 200 доллар пора олаётганда ушланди (“Диёнат”, 10 сентябрь).

Мазкур жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Маълум қилинишича, суд ҳукмига кўра порахўр оқсоқол тегишли жиноий жавобгарликка тортилган.

“Ўзбекистондан мева ва сабзавот фақат темир йўл ва самолёт орқали жўнатилади”

Ўзбекистонда 1 сентябрдан мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларини автомобиль орқали экспорт қилиш тақиқланди (“Оила даврасида”, 10 сентябрь).

Вазирлар Маҳкамасининг 28 август кунги қарорига кўра, мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари, шу жумладан, картошка ва узумни экспорт қилиш фақат темир йўл ва ҳаво транспортида амалга оширилиши мумкин.

Маҳсулот экспорти учун қўлланиладиган транспорт воситаларини қатъий назорат қилиш божхона идорасига юклатилган.

“Дам олиш ва байрам кунларида ҳам ишлаётган фаррошлар иш ҳақи камлигидан норози”

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Ободошлаштириш бошқармаси ишчилари дам олиш ва байрам кунлари ҳам ишлаганига қарамай, маоши камлигича қолмоқда (“Адолат кўзгуси”, 10 сентябрь).

“Иш берувчига бу ҳақда айтсак, белгиланган тариф бўйича тўляпман дейди. Туман ҳокимлигига ҳам оғзаки мурожаат қилдик, фойда йўқ. Биласиз, ишимизда ювиниб олишимиз муҳим. Лекин ишдан кейин бунақа шароит йўқ, гигиена талабларига умуман риоя қилинмайди”, дея арз этган ободонлаштиришга масъул меҳнаткашлар.

“Орол денгизидан ноқонуний йиғиб олинган 4,5 тонна қисқичбақа уруғи бўйича иш очилди”

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманилик фуқаро уйида яширин равишда 138 та қопда 4551 кг Артемий қисқичбақасини сақлаётгани аниқланди (“Инсон ва қонун”, 8 сентябрь).

Денгиз маҳсулотининг қиймати 214 миллион сўмдан ошади. Газетага кўра, балиқлар учун яхши озуқа ҳисобланган Артемий қисқичбақалари Орол денгизидан ноқонуний йиғиб олинган.

“Келинларнинг сепига китоб қўшиб бериш керак!”

Дунёнинг айрим мамлакатларида келиннинг сепига китоб қўшиб берилади, Ўзбекистонда ҳам ушбу таомилни йўлга қўйиш керак (“Китоб дунёси”, 9 сентябрь).

Буни ёзувчи Қўчқор Норқобил ёшларни китобга ва мутолаага қайтариш воситаси сифатида таклиф қилган. Муаллиф, шу билан бирга, ҳар ойнинг бир кунини мамлакатда “Китоб куни” деб эълон қилишни тавсия этади.

“Вазир ҳам, олим ҳам, врач ҳам, ҳамма-ҳамма... ўша куни китоб дея уйғонса...” деб ёзади у.

Ёзувчи интернет ва китоб мутолаасини бир-бирига қарши қўйишни ҳам ёқламайди: “Мутолаага интернетни қарши қўйиб компьютернинг ёқасига ёпишмоқ – тезоқар дарё йўлига қоғоздан банд қўйдим ё шамолнинг юзига шапати тортдим деган билан баробар” деб ёзади у.

XS
SM
MD
LG