Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:11

Хорватия ғарбий Европага йўл олган қочқинларга ёрдам беради


Венгрия ўз чегараларини ёпиши ортидан Сербиядаги минглаб қочқин Хорватия чегараларига ёпирилди. Ўз навбатида Хорватия ҳукумати қочқинларни қабул қилиб олишга ва уларнинг ғарбий Европага ўтишига тўсқинлик қилмаслигини айтмоқда.

Хорватия бош вазири Зоран Миланович ўз мамлакати чегараларини кесиб ўтган мухожирларга Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига ўтишларига тўсқинлик қилинмаслигини айтди.

Милановичга кўра, чоршанбага ўтар кечаси 150 қочқин Сербиядан Хорватияга ўтган.

– Хорватия бу одамларни қабул қилишга ва улар ўзлари хоҳлаган мамлакатга ўтишига кўмаклашади. Улар хоҳлаётган мамлакатлар эса Германия ва Скандинавия ўлкаларидир, - деди Миланович.

Венгрия Яқин Шарқ ўлкаларидан келаётган қочқинларни ўз ҳудудига киритмаслик учун Сербия билан чегарасини ёпиши ортидан минглаб қочқин Хорватияга ўтишга уринмоқда.

Ҳозирда қочқинлар Сербиянинг Хорватия билан чегарадош Шид шаҳрига йиғилмоқда.

Хорватия полицияси мамлакат ҳудудига ўтмоқчи бўлган қочқинларни рўйхатга олиб, Загреб шаҳри яқинидаги қочқинларни қабул қилиш лагерларига олиб ўтмоқда.

Уларнинг кўпчилиги Хорватия орқали Германияга етиб олишни исташади.

Хорватия Европа Иттифоқининг Шенген эркин виза ҳудудига кирмайди. Рейтер агентлиги мухбири чоршанбага ўтар кечаси Сербия-Хорватия чегарасини тахминан 100 қочқин кесиб ўтганига гувоҳ бўлган.

Айни пайтда юзлаб қочқин Сербиянинг Венгрия чегарасида оғир аҳволда қолиб кетган. Улар орасида ёш болалилар кўп.

Венгрия ҳукумати чегарадаги сим тўсиқларни бузиб ўтган қочқинларни жиноий жавобгарликка тортиш ва уч йилгача қамаш ҳақида огоҳлантирмоқда.

Венгрия полициясига кўра, чоршанба куни мамлакатга ноқонуний ўтган тўрт юзга яқин муҳожир ушланган.

Чегаралар ёпилмасидан олдин Венгрияга бир кунда тўққиз мингдан зиёд муҳожир кириб борган эди.

Сербия Венгриянинг чегарани ёпиш қарорини нотўғри демоқда. Ҳозирда муҳожирлар Греция ва Македония орқали Сербияга кириб келмоқда.

Сербия ҳукумати эса муҳожирлар оқимига дош беролмаётганини айтмоқда​ ва Венгриядан ҳеч бўлмаганда ёш болали аёлларни қабул қилишни сўрамоқда.

Бир кун аввал Австрия Венгрия билан чегараларида назоратни кучайтирди. Бундан олдин Германия Австрия билан чегарасида назоратни тиклаган эди.

Бунга ҳаддан зиёд қочқиннинг Австрия ва Германия жанубига ёпирилиши туртки бўлди.

Европа Иттифоқига бу йил ярим миллиондан ортиқ муҳожир кириб келди. Бу бир йил аввалгидан икки баравар кўпдир.

XS
SM
MD
LG