Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:14

Обид Юнусов Чиғатой қабристонига дафн этилди


21 сентябрь тонгида Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов 81 ёшида дунёдан ўтди. Марҳум санъаткор “Парвона” спектаклидаги Ўткурий, “Тўйлар муборак” комедиясидаги куёв роллари ўзбек санъати ихлосмандлари қалбидан жой олган.

Ўзбекистон Халқ артисти, Обид Юнусов Тошкентдаги Чиғатой қабристонида дафн қилинди.

Жаноза маросимида қатнашган Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминовнинг Озодликка, айтишича таниқли артист билан видолашиш учун юзлаб одам Чиғатой қабристонига келган.

- "Умрлар бор тиригида ўликдир¸ умрлар бор ўлган одам тирикдир"¸ дейди Шайхзода ҳазратлари. 100 йил умр кўриб, бир савоб иш қилмасдан, ниҳол экмасдан ўтган одамлар ҳам бўлар экан лекин¸ баъзи бир инсонларнинг савобу эзгу ишлари миннатдор авлодлар қалбида турар экан. Обид ака ижро қилган образлар миллионлаб мухлислар ва юзлаб шогирдлар ҳамда фарзанду набиралар қалбида қолади, деган умиддаман¸ - деди Теша Мўминов.

Теша Мўминов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:02 0:00
Бевосита линк

Ўткурий ролини 803 марта ўйнаб машҳур бўлган Обид Юнусов бундан бир неча йил олдин Озодликка суҳбат бериб, қалбидаги армонлари билан ўртоқлашганди:

- Навоий ролини ўйнаш армон бўлиб қолди. Армон бўлганики, мен ўша ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимнинг ўзидаёқ, яъни тўққизинчи, ўнинчи синфларни битираётган пайтларимизда, одамлар: "Мактабни битиргач, ким бўласиз?" деб сўраган чоғларида, "Мен актёр бўламан, актёр бўлиб, Алишер Навоийни ўйнайман, мен Гамлетни ўйнайман", деб орзу қилганман. Институтни битириб, театрга ишга кирдим, шу "Алишер Навоийни ўйнайман" деб орзу қилиб, актёр бўлдим... Ҳали туғилмаган фарзандимни, ҳали онасининг қорнида ҳомила экани чоғида Олим Хўжаев кўриб қолиб, "Ие, ие, ие, исмини нима қўямиз?" деб сўраб қолганларида, "Отини Олим қўямиз", деганман. Мен шу Олим акага бўлган муҳаббатим учун ҳали туғилмаган фарзандимнинг исмини Олим қўйганман ўшанда. "Олим ака, мен сизни яхши кўрганим учун боламнинг исмини Олим қўйганман, шу ролни менга беринг" десам, "Эй, сенинг амплуанг бошқа, сен қўя қолгин", деб менга бермаганлар. Ана шу роль кўнглимда армон бўлиб қолди¸ - деган эди марҳум санъаткор.

Санъаткорнинг бу армони ҳақида ўзбекистонлик журналист Комилжон Шамсиддинов ҳужжатли фильм суратга олди.

Обид Юнусов оламдан ўтган куни Озодлик билан суҳбатлашган Комилжон Шамсиддинов марҳумни томошабинлар "Тўйлар муборак", "Майсаранинг иши", "Чинор остидаги дуэль" бадиий фильмларидан яхши билиши ва қадрлашини таъкидлади.

Комилжон Шамсиддинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:38 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдошга кўра, Обид Юнусов овози билан 1000 дан ортиқ фильм ўзбек тилига ўгирилган.

Ўзбек театри ва киноси намояндаси Обид Юнусов 1934 йили машҳур бастакор Юнус Ражабий хонадонида дунёга келган.

Санъаткорлар оиласида улғайган Обид акада ёшликдан актёр бўлиш иштиёқи кучли бўлган. Театрдаги илк ролларини Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқиб юрган пайтларидаёқ ўйнай бошлаган.

1956 йилда мазкур институтнинг актёрлик факультетини тугатган Обид Юнусов қарийб 40 давомида Тошкентдаги Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида ишлаган.

Одил Ёқубовнинг "Юрак ёнмоғи керак" асаридаги Камол, Рамз Бобожоннинг "Тоға ва жиянлар"идаги Бўривой, Иззат Султоннинг "Имон" ва "Кўрмайин босдим тиконни" асарларидаги Сиддиқжон ва Собир, Ширвонзоданинг "Номус"идаги Рустам, Уйғуннинг "Шубҳа", "Абу Райҳон Беруний" ва “Парвона” асарларидаги Салим, Қоратегин ва Ўткурий, Мақсуд Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек" фожеасидаги Аббос, Сарвар Азимовнинг "Қонли сароб"идаги Жеймс Тейлор, Вильям Шекспирнинг “Ҳамлет” ва "Вероналик икки йигит" асарларидаги Лаэрт, Фортенбранс, гўрков ва Валентин, "Насриддиннинг саргузаштлари"даги Насриддин, Абдулла Қаҳҳорнинг "Аяжонларим" асаридаги Каримжон, Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи" ва "Паранжи сирлари асарларидаги Холмат ва Мирзарайим, Александр Дюманинг "Ажал минораси" асаридаги Буридан, Эркин Воҳидовнинг "Олтин девор"идаги Қиличбек, Назир Сафаровнинг "Тарих тилга кирди" асаридаги Ғани, Саид Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони" ва "Фармонбиби аразлади" асарларидаги Маъмур, Зинат Фатхуллиннинг "Томоша давом этади" асаридаги Ҳожи Сиддиқ, Туроб Тўланинг "Нодирабегим" асаридаги Мадалихон, Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асаридаги Маҳмудхон, Учқун Назаровнинг “Ойна” асаридаги Қосим, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асаридаги Ёрмат ва бошқалар Обид Юнусов яратган образларнинг айримларидир.

Аммо, томошабинлар эътирофича, Обид Юнусов театрда яратган образларидан энг ёрқини Уйғуннинг "Парвона" комедиясидаги Ўткурий бўлган. Маълумотларга кўра, Обид ака Ўткурий ролини саҳнада 803 марта ижро этган. Унинг кинодаги энг муваффақиятли образларидан бири сифатида эса “Тўйлар муборак”даги куёв роли эсланади.

Обид Юнусов икки ўғилнинг отаси, 6 набира, 2 эваранинг буваси бўлган.

XS
SM
MD
LG