Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:21

Россия суди Надежда Савченко устидан маҳкамани бошлади


Надежда Савченко суд залида
Надежда Савченко суд залида

Россиянинг Ростов вилояти Донецк шаҳар суди украиналик учувчи Надежда Савченконинг ишни кўриб чиқишни бошлади. Бир йилдан ортиқроқ вақтдан бери Россияда тутқунликда қолаётган Савченконинг адвокатлари суд айблов ҳукмини чиқаришига шубҳа қилмаяпти, лекин ўз ҳимоясидаги аёлни оқлаш учун охиригача курашиш ниятида эканини айтмоқда. Уларнинг фикрича, Надежда Савченко устидан чиқариладиган ҳар қандай ҳукм уни Украина қамоқларидаги Россия фуқароларига алмашиш истиқболини яқинлаштиради.


Украиналик учувчи Ндежда Савченко устидан суд 22 сентябрь куни Россиянинг Донецк шаҳрида бошланди.

Савченко 2014 йилда Украина шарқида россиялик икки журналистнинг ўлдирилишига алоқадорликда айбланмоқда. Савченко бу айбловларни инкор қилиб, ўзининг қамоққа ташланганига норозилик ўлароқ 80 кун давомида очлик эълон қилган эди.

Сешанба куни Савченко судга мурожаат қилиб, ўзига нисбатан уюштирилган иш бошдан охригача ёлғондан иборат эканини баён қилди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб ҳукуматлари расмий Киевнинг Савченкони озод этиш талабларига қўшилган.

Унинг адвокати Марк Фейгиннинг Twitter орқали хабар қилишича, 22 сентябрь куни Ростов вилояти Донецк шаҳрида бошланган маҳкамага журналистлар киритилмаган.

Савченко суд томонидан икки журналистни ўлдирганликка алоқадорлик ва Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор, деб эълон қилинадиган тақдирда 25 йилгача қамоққа маҳкум этилиши мумкин.

Савченконинг айтишича, у 2014 йил июнь ойида бир кун давом этган жанг пайтида қўлга олинган ва айирмачилар томонидан Россияга яширин тарзда олиб ўтилган.

Унинг адвокатлари икки журналист ўлдирилган пайтда Савченко аллақачон айирмачилар қўлида тутқинликда бўлганини исботловчи далилларни қўлга киритганларини айтмоқда.

34 ёшли аёлнинг тутқинликда бошдан кечирганлари ва намойиш қилган матонати уни Украинада миллий қаҳрамон мақомига кўтарди.

Савчеконинг адвокатлари суд уни айбдор деб топишига шубҳа қилмаяпти, лекин унинг айбсизлигини исботлаш учун охиригача курашиш ниятида эканликларини айтмоқда. Улар суд қандай ҳукм чиқаришидан қатъий назар, Савченкони Украина қамоқларидаги Россия фуқроларига алмаштириш истиқболини яқинлаштиришига умид қилмоқда.

Россия билан Украина ўртасида маҳбусларни алмашиш тўғрисидаги гап-сўзлар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Шу йил февраль ойида Минскда эришилган битим ортидан Савченконинг озодликка чиқарилиши масаласи деярли ҳал бўлди, деган фикрлар пайдо бўлди. Лекин у ҳамон озод этилгани йўқ.

Наджеда Савченко адвокатлари маҳбусларни алмашиш хусусида сиёсий қарор қабул қилинса, ҳукм чиқарилишини кутишга ҳожати йўқ, деган фиркда. Унинг адвокатларидан бири Николай Полозов Озодлик рус хизмати – Свобода радиосига берган интервьюсида бундай деди:

– Надежда Савченкони алмаштириш масаласи ҳукмга боғлиқ, демаган бўларди. Умуман олганда, принципда уни озод қилишиб, узр сўраб, компенсация тўлашлари керак. Лекин Россиядаги жорий адлия тизими инобатга олинса, бу тасаввур қилиб бўлмайдиган сценарийдир. Бошқа ҳолларда, алмашинув сиёсий миқёсда амалга оширилади. Суд қарори эса, бу ҳолда шунчаки кўзбўямачилик холос, дейди адвокат.

Надежда Савченко адвокатларининг фикрича, унинг устида ҳукм октябрь ойида чиқарилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG