Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

ЕХҲТ кузатувчилари Қирғизистондаги сайловни минтақадаги уникал ҳодиса ўлароқ баҳолади


Қирғиз парламентидаги бу бўш курсиларни яқин орада янги сайланган депутатлар эгаллаши кутилмоқда.
Қирғиз парламентидаги бу бўш курсиларни яқин орада янги сайланган депутатлар эгаллаши кутилмоқда.

4 октябрь куни Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловини кузатган ЕХҲТ вакиллари мазкур сайловнинг рақобат асосида ўтгани, унда иштирок этган барча партияларга тенг имкониятлар яратилганини қайд этдилар.

ЕХҲТкузатувчилари қисқа муддатли миссиясининг раҳбари Санчес Амор.
ЕХҲТкузатувчилари қисқа муддатли миссиясининг раҳбари Санчес Амор.

“Сайловларни рақобат ва эркин асосда ўтказилиши Марказий Осиёда уникал ҳодиса бўлди, чунки соат 20.00 га қадар ҳеч ким сайлов натижалари ва бўлажак парламент таркибини билмасди”, деди ЕХҲТкузатувчилари қисқа муддатли миссиясининг раҳбари Санчес Амор.

Унга кўра, сайловларни янги технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мамлакатда сайлов шаффофлигини ошириш бўйича сиёсий ирода борлигидан далолат беради. Айни пайтда ЕХҲТ вакили Қирғизистонда биометрик қайднинг ошиғич жорий этилиши муайян муаммолар туғдирганини, бунинг устида яна ишлаш лозимлигини таъкидлади.

Мазкур сайловларни кузатган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши кузатувчилари миссиялари ҳам бу сайловларга ижобий баҳо бердилар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларини жами 60 мамлакатдан бўлган 613 нафар кузатувчи кузатиб борган.

Парламентга қайси партиялар ўтолди?

4 октябрь кунги сайловларда парламентдан ўрин олиш учун 14 сиёсий партия ўзаро кураш олиб борди. Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, бу партиялардан 6 тасигина парламентга кириш учун зарур бўлган 7 фоизли тўсиқдан ўтолди.

Булар сайловчиларнинг 27,4 фоиз овозини қозонган Социал-демократлар партияси, 20,08 фоиз овоз йиққан “Республика – Ота Юрт”, 12,8 фоиз овоз жамғарган “Қирғизистон”, 9,3 фоиз овоз олган “Тараққиёт–Прогресс”, 8,5 фоиз овоз тўплаган “Бир бўл” ва сайловчиларнинг 7,75 фоизи қўлловига эга бўлган “Ота Макон” партияларидир.

Сайловнинг дастлабки натижаларига таянилса, 120 ўринли қирғиз парламентидаги 38 ўрин социал-демократларга, 28 ўрин “Республика – Ота Юрт”га, 18 ўрин “Қирғизистон” партиясига, 13 ўрин “Тараққиёт–Прогресс”га, 12 ўрин “Бир бўл”га, 11 мандат эса “Ота Макон” партияларига тегиши керак.

Парламентга ўтган бу 6 партия рўйхатларида ҳам этник ўзбеклар бор. Сайловнинг дастлабки натижаларига асосланган ва Қирғизистон нашрларида чоп этилган муҳтамал депутатлар орасида биз ўзбек миллатига мансуб 7 кишини санадик.

Аммо, қайд этилганидек, бу сайловнинг дастлабки натижаларига асосланган тахмин, холос.

Парламент сайловининг якуний натижаларини эса Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси яқин 20 кун ичида чиқармоқчи.

Бу давр ичида МСК масъуллари 4 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда кузатилган қонунбузарликлар, хусусан, сайловчилар овозини сотиб олишга уринишлар, сайловчиларни оммавий равишда участкага ташиш ва шу каби ҳодисалар юзасидан тушган аризаларни ҳам ўрганиб, ўз хулосаларини бермоқчилар.

XS
SM
MD
LG