Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:06

Россия Марказий Осиёда ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда


Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов.
Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов.

7 октябрь куни Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов еткачилигидаги ҳарбий делегация амалий сафар билан Ўзбекистонга келди ва шу куни делегация раҳбари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Шу куни Россиянинг Тожикистондаги 201- ҳарбий базаси ихтиёрига ҳаводан зарба берувчи Ми-24П ва Ми-8МТВ жанговар-транспорт вертолетлари берилажаги эълон қилинди.

Таҳлилчилар фикрича, Россиянинг Марказий Осиё йўналишидаги ҳарбий фаоллашуви замирида, Афғонистон баҳона, минтақада ўз позицияларини мустаҳкамлаш мақсади ётибди.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати ва ахборот бошқармасининг хабар қилишича,

Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов чоршанба куни Тошкентда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан сўзлашувлар ўтказди.

Мулоқот чоғида глобал ва минтақавий хавфсизлик, шунингдек, мавжуд муаммо ва таҳдидларни бартараф қилиш йўлида муштарак ҳаракат қилишга доир масалалар муҳокама қилингани хабар қилинди.

Айтилишича, Анатолий Антонов Ўзбекистон Россия Федерациясининг стратегик ҳамкори эканлигини, бу мамлакат билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик минтақадаги барқарорликни сақлашнинг муҳим омили эканлигини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, россиялик ҳарбий меҳмон ҳарбий соҳадаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш Марказий Осиёда хавфсизлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун қулай замин яратажагини таъкидлаб ўтган.

Анатолий Антоновнинг Абдулазиз Комиловнинг илтимосига кўра, Россия Федерацияси қуролли кучларининг Суриядаги ҳарбий операцияси мақсади ва хусусиятларини тушунтириб бергани ҳам хабар қилинди.

РФ Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати ва ахборот бошқармаси расмийси ҳарбий делегация сафарига оид Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов еткачилигидаги ҳарбий делегациянинг Ўзбекистонга амалий сафари тўғрисидаги дастлабки хабарда сафар 2 кунлик эканлиги, россиялик ҳарбийлар Ўзбекистон мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан ҳам учрашажаги айтилган.

Айни пайтда, яъни

Россия мудофаа вазирлиги делегациясининг Тошкентга сафари бошланган куни ТАСС Россия Марказий ҳарбий округи расмий вакили Ярослав Рошчупкинга таяниб, Россиянинг Тожикистондаги 201- ҳарбий базаси ихтиёрига ҳаводан зарба берувчи Ми-24П ва Ми-8МТВ жанговар-транспорт вертолетлари берилажаги тўғрисида хабар қилдики, бу икки воқеани, бир қарашда, Толибоннинг Афғонистон шимолидаги фаоллашуви билан тушунтириш мумкин.

Эҳтимоли оз таҳдид

Лекин Россия сиëсий тадқиқотлар институтининг Марказий Осиë бўйича етакчи таҳлилчиси Аждар Куртов Толибоннинг таҳдидига ишонмаслигини билдираркан, бундай деди:

- Толибоннинг ҳужум қилиш эҳтимоли катта эмас, деб ҳисоблайман. Чунки улар Афғонистоннинг сиёсий майдонида 90- йилларнинг ўрталарида пайдо бўлди. Яъни улар минтақа чегараларида пайдо бўлганига анча бўлган. Лекин кесиб ўтишгани йўқку?! Агар қандайдир гипотетик таҳдид ҳақида гапирилар бўлса, у таҳдид “Ислом давлати” гуруҳидан бўлиши мумкин. Бироқ бу гуруҳ Афғонистонда муваффақият қозонгани йўқ. У нафақат ҳукумат кучлари билан, балки Толибон билан ҳам фаол курашмоқда. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар уруши, Афғонистон ҳудудидаги фуқаролар уруши ҳақида гапиришимиз мумкинки, бундай шароитда Толибон бўладими, бошқа гуруҳлар бўладими – чегарани кесиб ўтишга уринмайди ҳам. Бундай ҳаракат улар учун ўз жонларига қасд қилишга тенгдир.

Россиялик таҳлилчи Аждар Куртовникига ўхшаш фикрни сиёсатшунос Камолиддин Раббимовдан ҳам эшитдик:

- Толибларнинг фаоллашганидан Кремль катта ташвишга тушаётгани йўқ.

Россия ҳарбийларининг Марказий Осиё йўналишида фаоллашувини Раббимов мана бундай тушунтирди:

- Украинадаги ҳаракатларидан кейин Россия билан Ғарб ўртасидаги конфронтация Россия Сурияга кириб борганидан сўнг янги даражага чиқаяпти. Бугун Россия ўзининг агрессив ўйин қоидаларини Марказий Осиёда ҳам ўрнатишга ҳаракат қилаяпти. Шу маънода Ўзбекистонга катта босим тушади, деди Раббимов.

(Раббимов “босим”, деганда нимани назарда тутаяпти? Бу савол жавобини унинг бугунги OzodNazarида тингланг)

Москвада Афғонистон масаласи

Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов етакчилигидаги ҳарбий делегация Тошкент сафарини давом эттирган 8 октябрь куни Россия мудофаа вазирлиги Москвада Афғонистон бўйича халқаро конференция бошлади.

Мудофаа вазирлиги расмий сайтига кўра, 2 кун давом этадиган мазкур анжуманда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳарбий вакиллари қатнашади.

Тадбир давомида Афғонистондаги вазият ва экстремизмнинг қўшни давлатларга ёйилиб кетиши олдини олиш масалалари муҳокама қилинажаги хабар қилинди.

Ёзги учрашув

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўртасидаги сўнгги учрашув жорий йил июни охирида - Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мудофаа вазирлари мажлиси “танаффуси”да бўлиб ўтган, Россия мудофаа вазири ўринбосари А. Антонов Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари Н. Муллабоев билан “ҳарбий соҳанинг бутун спектри бўйича Ўзбекистон билан Россия ўтасидаги мулоқотни давом эттиришга” келишиб олган эди.

XS
SM
MD
LG