Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:50

Каримов МДҲнинг Остона саммитида иштирок этмоқда


Ислом Каримов МДҲ давлат раҳбарларининг 15-16 октябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида ўтказиладиган йиғинида қатнашмоқда. Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, Каримов саммит доирасида қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан учрашади.

Остонадаги МДҲ саммити кун тартибидаги асосий масалаларнинг ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликни кучайтириш, халқаро ва минтақавий муаммолар борасиди фикр алмашиш экани хабар қилинди.

Шунингдек, саммитда МДҲга аъзо мамлакатлар орасида 2020 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепциясининг қабул қилиниши, ташқи чегаралар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган дастур ҳамда фавқулодда ҳолатлар олдини олиш бўйича ҳамкорлик дастурининг тасдиқланиши кутилмоқда.

МДҲнинг навбатдаги саммити Россия ҳарбий ҳаво кучлари Сурияда Асад мухолифлари истеҳкомларига зарба беришни бошлаган кезда ўтмоқда.

Россия шу ой бошидан Сурия президенти Башар Асадга содиқ кучларни қўллаб-қувватлашини билдириб, Суриядаги исёнчи ва террорчиларга қарши ҳаво зарбаларини бера бошлаган.

Таҳлилчиларга кўра, Путин Остонадаги саммитда Сурияда олиб бораётган амалиётлари борасида МДҲ бўйича ҳамкорлари қўллаб-қувватловини қозонишга уринади.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, саммитда президент Путин Суриядаги амалиётларнинг бориши ҳақида маълумот беради.

Ўзбекистон президентининг Сурияда Россия амалга ошираётган ҳаво зарбалари борасидаги фикри ўзгача.

Қозоғистондаги саммит арафасида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Россияни Суриядаги ҳарбий амалиётлари учун танқид қилгани ҳақидаги хабарлар рус матбуотида эълон қилинди.

Жумладан, Россиянинг “Регнум” ахборот агентлигининг Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналардан бири раҳбарига таяниб ёзишича, Ислом Каримов 8 октябрда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов шарафига ўтказилган расмий тадбирлардан бирида:

“Айрим давлатлар тўғри ҳаракат қилаяпмиз, деб ўйлайди. Лекин қаергадир киришдан олдин, у ердан қандай қилиб чиқиб кетишни ўйлаш лозим”, деб айтган.

“Каримов ўз сўзи давомида қайси давлат ҳақида сўз кетаётганини аниқлаштирмаган. Бироқ бу нутқ мазмунидан дипломатлар гап Россия ҳақида кетаётганини англаган”, деб ёзади “Регнум”.

Агентликнинг ёзишича, Каримов ўз сўзи давомида “замонавий қуролларни қўллаётганингдан фахрланиш керак эмас, бу жуда хавфлидир”, деб айтган.

Саммит арафасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қўшни давлатлар трансчегаравий дарёларда гидроиншоотлар қуриши борасидаги яна бир кескин баёноти Россия матбуотида эълон қилинди.

Gazeta.ru нашри Ўзбекистон президентининг: “Агар Қирғизистон трансчегаравий дарёларда гидроэлектростанциялар қурилишини Россия ёрдамида давом эттирса, Ўрта Осиёда уруш бошланиб кетиши мумкин", - деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Остонада бўладиган саммитда Россия, Белaрус, Молдова президентлари ҳамда Марказий Осиёнинг Туркманистондан ташқари тўрт давлати раҳбарлари қатнашмоқда.

XS
SM
MD
LG