Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Озарбайжонда мамлакат хавфсизлик вазирлигининг 7 ходими қўлга олинди


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон расмийлари миллий хавфсизлик вазирлигининг етти нафар ходимини ўз ваколатини суиистеъмол қилганликда айблаб қўлга олди. Бундан бир неча кун аввал мазкур вазирликнинг етакчиси ўз лавозимидан бўшатилган эди.

Бу етти расмий Илҳом Алиевнинг ҳукумати мухолифатчи гуруҳлар, мустақил матбуот ҳамда мамлактдаги сиёсий ҳаётни назорат қилишни кучайтиришда давом этаётган бир пайтда қўлга олинди.

Мамлакат бош прокуратураси 20 октябрь куни эълон қилган билдирувда хавфсизлик хизмати ходимлари “тижорат ширкатлари фаолиятига ноқонуний равишда аралашишда” айбланиб қўлга олингани айтилади.

Билдирувда бошқа ҳеч қандай тафсилот берилмаган.

Озарбайжон матбуоти қўлга олингалар орасида вазирликнинг техник амалиётлар бўлимига етакчилик қилган Натаван Мирватова борлиги ҳақида хабар берди. Мирватова икки йил аввал кўрсатган хизматлари учун фахрий медаль билан тақдирланган эди.

17 октябрь куни президент маъмурияти 2004 йилдан бери миллий хавфсизлик вазири лавозимида ишлаб келаётган Элдор Маҳмудов ишдан бўшатилганини эълон қилган эди. Маҳмудов президентга содиқ ходим ўлароқ танилганди.

Мухолифатчи сиёсатчилар Алиевнинг Маҳмудов нега ишдан бўшатилганини изоҳлаб бермагани мамлакатда сиёсий қарорлар шаффоф тарзда чиқарилмаслигидан дарак беришини айтишмоқда.

2004 йилда Алиев Маҳмудовдан аввалги хавфсизлик вазирини ҳам бирор сабаб кўрсатмасдан ишдан бўшатган эди.

От изини босган той

Илҳом Алиев 2003 йил отаси Ҳайдар Алиев вафотидан кейин президент бўлган. Ҳайдар Алиев президент бўлишидан аввал КГБ агенти бўлиб ишлаган. Алиев президентлиги давомида мамлакат мустақилликнинг оғир йилларини ҳамда Арманистон билан фожеали урушни бошдан кечирган.

Озарбайжоннинг асосан Каспий денгизидаги офшор ҳудудларида жойлашган йирик нефть ва газ заҳиралари туфайли ExxonMobil, BP ҳамда Chevron каби йирик халқаро нефть ширкатлари мамлакатга инвестиция ётқизиб келади. Бойлик оқими Озарбайжон пойтахти Бокуни тубдан ўзгартириб юборган. Ҳозирги кунда шаҳарда кўплаб осмонўпар бино бор.

Келгуси ой мамлакатда парламент сайлови ўтказилиши кутилмоқда. Аммо кузатувчилар сайловда ҳозир етакчилик қилаётган партиялар яна ғалаба қозонишини ва сайлов қонунбузарликлар билан ўтишини башорат қилишмоқда.

Марказида Венада бўлган Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти мамлакат расмийлари ҳаддан ташқари кўп чекловлар қўйганини айтиб, парламент сайловини кузатиш бўйича ўз миссиясини бекор қилди.

Алиев 2013 йилда қайта президент этиб сайланганидан бери инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ҳамда мухолифатчи фаоллар тазйиқларга учраб келади. Озарбайжон расмийлари Amnesty International ташкилотининг мамлакатдаги фаолиятини ҳам тўхтатишди.

Тазйиқларга учраган журналистлар орасида Озодлик радиосига ҳисса қўшиб келган ва ўзининг журналистлик суриштирувлари билан ном таратган Хадича Исмоилова ҳам бор. Исмоилова солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда ва ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, етти йилдан ошиқ муддатга қамалди. Кузатувчилар суднинг бу қарорини таҳқирли ва шафқатсиз дея баҳолашди.

Озодликнинг озарий хизмати тайёрлаган ушбу мақолани инглизчадан ўзбекчага Нодир Атаев ўгирган.

XS
SM
MD
LG