Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Сурияда Россия аскари ҳалок бўлди


Russia -- First Russian soldier killed in Syria - OSINT investigation by CIT, Conflict Intelligence Team, Ruslan Leviev
Russia -- First Russian soldier killed in Syria - OSINT investigation by CIT, Conflict Intelligence Team, Ruslan Leviev

Сурияда россиялик аскар ҳалок бўлди. Россиядаги Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи кўнгиллилари Сурияда шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлардан камида бир нафари ҳалок бўлганига доир маълумотларни тарқатишди. Россия Мудофаа вазирлиги 19 ёшли Вадим Костенко ўз жонига қасд қилганини иддао қилмоқда.


Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи Интернетдаги очиқ манбалар воситасида қўлга киритган маълумотларга кўра, Сурияда ҳалок бўлган аскар асли Краснодар ўлкасидан бўлган 19 ёшли Вадим Костенкодир.

Сурияда шартнома асосида хизмат қилган аскар ҳалок бўлганини CIT фаолларига Вадимнинг таниш қизи тасдиқлади. Унинг айтишича, Вадим Костенконинг жасади Севастополдаги базага олиб келинган, у хизмат қилган ҳарбий қисм қўмондонлиги Сурияда яна тўққиз нафар аскар ҳалок бўлганини билдирган.

Шу билан бирга CIT фаоллари Костенконинг ўлимига жанговар ҳаракатлар ёки ҳужум сабаб бўлганини тасдиқлай олмасликларини эътироф этишмоқда. Бу ерда гап бахтсиз ҳодиса ҳақида кетаётган бўлиши ҳам мумкин.

Рус аскари ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши ортидан, Россия Мудофаа вазирлиги Вадим Костенко ўз жонига қасд қилган, дея баёнот тарқатди.

Россиянинг Суриядаги ҳарбий интервенциясида иштирок этаётган рус ҳарбийлари ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабарлар аввал ҳам пайдо бўлган, лекин улардан бирортаси 100 фоиз тасдиқланмаган эди.

20 октябрь куни Reuters агентлиги, Сурия армиясидаги шахси очиқланмаган юқори мулозимлардан бирига таяниб, Башар Асад тарафидаги кучлар сафида жанг қилган Россия аскарларидан камида уч нафари ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Россия Мудофаа вазирлиги мазкур хабарни “информацион бўҳтон”, дея атаган эди.

Орадан бир кун ўтиб, Кремль назоратидаги Russia Today телеканали мухбири Дэниэл Бушелл "Эхо Москвы" радиоси эфирида Латкиядаги базадан “Москвага бир неча ярадор олиб кетилгани”ни гапириб берди. Лекин Бушелл гап жанговар ҳаракатларга алоқаси бўлмаган жароҳатлар ҳақида бораётганини билдирган эди.

Ундан аввал эса, Украинадаги манбалар Россия томонидан босиб олинган Севастополь шаҳридаги базага Сурияда ҳалок бўлган россиялик 10 аскарнинг жасади кетирилгани ҳақида хабар қилган эди.

CIT гуруҳи бу каби терговларни амалга ошириш билан танилган. Масалан, мазкур гуруҳ фаолари бундан аввал ҳам Украина шарқида Россия аскарлари ҳалок бўлганига доир маълумотларни тўплаб, очиқлаган. Бу сафар ҳам CIT гуруҳи маълумотларни очиқ манбалар, биринчи навбатда Интернетдаги ижтимоий тармоқлардан тўплаганини айтмоқда.

25 октябрь куни CIT фаоллари "Вконтакте" тармоғида аниқлаган бир хабарда “Сурияда ҳалок бўлган Вадик исмли аскар” ҳақида гап боради.

Вадим Костенко ҳалок бўлгани ҳақидаги ёзувларни ижтимоий тармоқларда топиш мумкин
Вадим Костенко ҳалок бўлгани ҳақидаги ёзувларни ижтимоий тармоқларда топиш мумкин

Кўп ўтмай, гап Ростов вилоятидаги 20926-ҳарбий қисм аскари Вадим Александрович Костенко ҳақида кетаётгани маълум бўлди. Костенконинг "Вконтакте"даги профили орқали CIT фаоллари унинг дўстлари ва қариндошларини топишди ва унинг жорий қўшинлар сафида хизмат қилишини аниқлашди. Марҳум йигит 2015 йил июнь ойида муддатли ҳарбий хизматни якунлаб, шартнома бўйича ҳарбий хизматда қолгани маълум бўлди.

Вадимнинг дўстлари профилида унинг ҳалок бўлганини тасдиқловчи бошқа ёзувлар ҳам бор.

Вадим Костенко ҳалок бўлгани ҳақидаги ёзувларни ижтимоий тармоқларда топиш мумкин
Вадим Костенко ҳалок бўлгани ҳақидаги ёзувларни ижтимоий тармоқларда топиш мумкин

CIT фаоллари Вадим Костенконинг танишлари билан ёзишмага киришиб, аскарнинг қариндошларига унинг Сурияда ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабарни Краснодар ўлкасида жойлашган Приморско-Ахтарск ҳарбий аэродроми, 75387-ҳарбий қисм бошлиқлари етказганини аниқлашди.

Мазкур аэродромда ҳозирда Суриядаги интервенцияда иштирок этаётган 960-ҳужумчи авиаполк жойлашган. CIT гуруҳи Вадим Костенко муддатли хизматдан кейин 960-ҳужумчи авиаполкда хизмат ўташ бўйича шартнома тузган, дея тахмин қилмоқда.

Костенконинг таниши CIT гуруҳи фаоли Руслан Левиев билан ёзишмада аскарнинг ҳалок бўлишига доир тафсилотларни очиқлади:

"У билан яна 9 аскарнинг ўлигини топишганини биламан. Унинг жасади солинган тобутни ҳозир Севастополдан жўнатишларини кутиб турибмиз. Ҳарбий қисмдан келишиб, унинг ўлими ҳақида хабар қилишди. Бунга ишонгимиз келмади, лекин уни ўлдиришган. Олдин у ўзини осди, деб айтишди, кейин уни осиб, отиб ташлашгани ҳақида айтишди. Охирги версияга кўра, унинг ўлигини топишган. Ақл бовар қилмайди, уларни қўриқлашган бўлса, 10 кишини қандай қилиб ўлдиришади. Бизга ҳақиқатни айтишмайди. Фақат Вадикнинг ўзи ва у билан ўлган 9 йигит билади ҳақиқатни.”

CIT суриштирув гуруҳи маълумотларига кўра, Вадим Костенко яқин вақт ичида Гречаная Балка хуторида дафн этилади. Унинг яқин қариндошларидан бири РБК агентлигига берган интервьюсида Вадим 14 сентярь куни Сурияга жўнатилгани, 25 октябрь куни эса унинг ўлими тўғрисида хабар олинганини тасдиқлади.

РБК агентлиги суҳбатдоши сўзларига кўра, ҳарбий коммендатура раҳбарияти дастлаб Вадим ўзини осгани тўғрисида хабар қилган. Кейин эса ортиқча тафсилотларсиз аскарнинг ўлиги топилгани тўғрисидаги версияни айтишган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Сурияда шартнома асосида хизмат қилган аскар ҳақида “ҳеч нарса билмаслиги”ни таъкидлаб, изоҳ учун Россия Мудофаа вазирлигига мурожаат қилишни маслаҳат берди. Орадан бир неча соат ўтиб эса, мудофаа вазирлиги Суриядаги “Хмеймим” ҳаво базасида россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган баёнотда: “Дастлабки маълумотларга кўра, хусусан аскарнинг мобил телефонидаги СМСлар таҳлилидан, ҳарбий хизматчининг ўлимига унинг қаллиғи билан муносабатлари бузилгани сабаб бўлган”, дейилади.

XS
SM
MD
LG