Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

Самарқанд Жон Керрини кутиб олишга ҳозирланмоқда


29 октябрдан 3 ноябрга қадар Марказий Осиëнинг беш давлатига биринчи марта сафар қиладиган АҚШ Давлат котиби Жон Керри асосий минтақавий учрашувини жорий ҳафта охирида Самарқандда ўтказади. Оддий самарқандликларнинг Озодликка билдиришича¸ Керрининг беш давлат Ташқи ишлар вазирлари билан учрашуви арафасида Самарқандда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари жорий қилинган.

Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси эълон қилган расмий баëнотга кўра¸ чоршанба куни Венада европалик ҳамкасблари билан асосан Сурия бўҳронини муҳокама қиладиган Жон Керри¸ пайшанба куни Бишкекка келади.

Бу ерда юқори даражали қирғиз расмийлари билан учрашиш баробарида АҚШ дипломатлари раҳбари Марказий Осиë Америка университетининг янги биноси очилишида ҳам иштирок этади.

C5+1 форматидаги Марказий Осиë ва АҚШ дипломатлари раҳбарлари йиғини ўтган ой Ню Йоркда ўтказилган эди.(Бу сурат АҚШ Давлат департаментига оид)
C5+1 форматидаги Марказий Осиë ва АҚШ дипломатлари раҳбарлари йиғини ўтган ой Ню Йоркда ўтказилган эди.(Бу сурат АҚШ Давлат департаментига оид)

Марказий Осиëга илк бор сафар қилаëтган Жон Керри Бишкекдан Тошкент эмас¸ Самарқандга келади ва бу ерда Ўзбекистон раҳбарлари билан ўзаро муносабатларга оид сўзлашувлар ўтказади.

АҚШ Давлат котиби сафари кун тартибига киритилган асосий минтақавий йиғин – “C5+1” форматида Ўзбекистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашувининг ҳам айнан Самарқандда ўтказилиши белгиланган.

Расмий баëнотга кўра¸ бу учрашувда Керрининг минтақадаги ҳамкасблари билан асосан “минтақавий ва глобал имконлар ва муаммоларни” муҳокама қилиши кутилмоқда.

Сиëсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов¸ расмий баëнотдаги бу мавҳум изоҳни шарҳлай туриб¸ Жон Керри сафари¸ хусусан¸ Самарқанддаги учрашувда асосан икки масала муҳокама этилишини тахмин қилади:

- Менимча¸ кун тартибида¸ албатта¸ иккита мавзу бўлади. Биринчиси¸ хавфсизлик¸ яъни¸ Афғонистондаги вазият¸ қолаверса¸ Сурия ва Ироқдаги вазият. Ўйлайманки¸ Афғонистондаги вазият Марказий Осиë хавфсизлик иерархиясида биринчи ўринда туради. Марказий Осиë ҳукумати расмийлари билан Керри¸ албатта¸ шу масалани муҳокама қилади¸ фикр алмашади. Марказий Осиë ҳукуматлари Америкадан Афғонистондаги ўз масъулиятини сақлаб қолишини сўрайди. Бу нафақат Ўзбекистон¸ балки минтақадаги қолган ҳукуматлар позицияси ҳамдир. Агар АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан чиқиб¸ у ерда бўшлиқ пайдо бўлса¸ бу толибларнинг ҳокимиятга қайтишини ниҳоятда тезлаштириб юборади.

Иккинчиси¸ ўйлайманки¸ кун тартибида геосиëсий мавзу¸ албатта¸ бўлади. Бу ерда асосан Марказий Осиë ва АҚШ Россияга нисбатан ўз позициясини шакллантириш борасида¸ албатта¸ фикр алмашинув бўлади¸ дейди сиëсий таҳлилчи.

Самарқандликлар сирли меҳмонни кутмоқда

Самарқанд марказининг Керри ташрифи арафасидаги асл кўриниши - шаҳарда свет йўқ.
Самарқанд марказининг Керри ташрифи арафасидаги асл кўриниши - шаҳарда свет йўқ.

“Самарқандга қачон¸ ким келишини билмаймиз. Ой охирида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти президентлари келармиш¸ деган гап юрипти. Шаҳарга киришдаги ҳамма кўчаларда милиция постлари ташкил қилинган. “Сиëб” бозорида полний тозалаш кетаяпти¸ бозор ëпиқ ҳолда. Бозорда ишлайдиган ҳар бир одамдан милиционерлар паспорт нусхасини йиғишаяпти. “Сиëб” бозорига туташ “Шодиëна” савдо мажмуидаям шундай паспорт нусхалари йиғишаяпти.

“Гўри Амир” мақбараси яқинидаги маҳаллаларда ҳар битта уйни уйма-уй томидан подвалигача СНБ¸ пожарний ва милиция ходимлари текшириб чиқаяпти”¸ деб ëзди Озодликнинг Самарқанддаги манбаси.

Самарқандлик Маҳмуджон ака¸ шаҳарнинг қоқ маркази – “Сиëб” бозорига туташ маҳаллалардан бирида яшайди.

Бозор анчадан бери ëпиқ¸ кўчада оддий одамдан кўра формалилар ҳар доимгидек кўпроқ¸ дейди 28 октябрь куни Озодлик суҳбатлашган Маҳмуджон ака.

Самарқандда свет йўқлигидан светофорлар ҳам ишламай қолган¸ оқибатда шаҳар марказидаги транспорт ҳаракати назоратдан чиққан.
Самарқандда свет йўқлигидан светофорлар ҳам ишламай қолган¸ оқибатда шаҳар марказидаги транспорт ҳаракати назоратдан чиққан.

- “Сиëб” бозори ҳозир таъмирланаяпти. Қиш келганда нимага таъмирлаëтганини тушунмай турган эдик. Ҳамма ëққа кузатув камералари ўрнатишаяпти. Бозор бекилган¸ сотувчиларни чиқариб юборган. Савдо-сотиқ бозордан ташқарида бўлаяпти. Бозорга чиқсангиз¸ ҳамма ëқни ғиж-ғиж мелиса босган. Бу ердан юрманг¸ бу ерда ўтирманг¸ одамларни у ëқдан бу ëққа қувгани-қувган. Агар Америкадан меҳмон келаëтган бўлса¸ бу ремонт ҳамма ëқни хўжа-кўрсинга қилиб¸ бўяб¸ оқлаб кўрсатишга қилинаяпти эканда! Шаҳарнинг марказидаги уйларга кирсангиз на газ бор¸ на свет. Ҳаво ҳали 10 даражадан тушмай туриб¸ ҳолимиз хароб¸ қишда нима бўлади¸ ҳеч ким билмайди. Керри келади деб бир кунга¸ конституция кунига деб яна бир кунга свет-газ берадию¸ қолган кунлари қандай қиламиз¸ ҳеч ким билмайди¸ дейди самаркқандлик Маҳмуджон ака.

Жон Керрининг Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистонга сафари арафасида халқаро ҳуқуқ ташкилотлари унданмаҳаллий расмийлар билан учрашувларда мамлакатдаги инсон ҳақларининг аянчли вазиятини ҳам тилга олишни сўрадилар.

Айрим кузатувчилар таъкидича¸ Жон Керри Ўзбекистон каби минтақанинг авторитар давлати раҳабрлари билан сўзлашувларда¸ умум вазиятни муҳокама қилишдан кўра¸ аниқ сиëсий маҳбусларни озод қилишни сўраши мумкин.

Жон Керри сафари арафасида Туркманистон президенти 1000 нафардан ошиқ маҳбусни авф қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Ҳозирча улар орасида сиëсий маҳбуслар ëки журналистлар бор-йўқлиги маълум эмас.

XS
SM
MD
LG