Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:17

Мажбурий меҳнат вазиятини ўрганган ҳуқуқ фаоли ҳужжатлари ўғирланганини иддао қилди


Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов
Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов

Қашқадарё вилояти Қамаши туманига мажбурий меҳнат вазиятини ўрганиш учун борган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов милиция бўлимида тўрт соат ушлаб турилгандан сўнг қўйиб юборилди. Ҳуқуқ фаолининг иддао қилишича, милиция ходимлари унинг портфелидан бир қанча ҳужжатларни ўғирлаб олган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси фаоллари Шуҳрат Рустамов ва Малоҳат Эшонқулова 28 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманига мажбурий меҳнат вазиятини мониторинг қилиш учун борганда, Шуҳрат Рустамов туман милицияси ходимлари томонидан ушлаб кетилган.

Тўрт соатлик сўроқдан сўнг қўйиб юборилган Шуҳрат Рустамовнинг Озодликка иддао қилишича, портфелидаги ҳужжатларнинг бир қисми сўроқ пайтида ўғирлаб олинган:

- Биз кечқурун Қамашидаги бир одамнинг тўйида ўтирган эдик. Милиция ходимлари сиз бир аварияга гувоҳ экансиз, кўрсатма беришингиз шарт, деб олиб кетишди. Боргандан кейин билсам, уларни менинг портфелим қизиқтирган экан. Портфелимни мен ўтирган хонадан олиб чиқиб кетишди. Менимча СНБ кўрган, шекилли. Ҳужжатларимдан кўп нарса йўқолган, ксерокопия ҳам қилиб олишган шекилли, биттаси адашиб сумкага тушиб қопти. Бундан ташқари суратларни ҳам олиб қўйишган. Мен бугун йўқолган ҳужжат ва суратларни қайтариб беришларини талаб қилиб, шикоят ёздим ва почта орқали юбордим”, деди Шуҳрат Рустамов.

Альянс фаолларидан бири Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, милиция ходимлари уларнинг ҳар бир қадамини кузатиб юришган:

- Бизнинг фаолларимиз Қамаши туманида мактаб ўқувчиларининг пахтага чиқарилгани, ҳокимнинг йиғилишларда фермерларни ургани ҳақида аудио ва видеоёзувлар қилган экан. Ўшаларни олгани келган эдик. Фуқаролик кийимидаги милиция ходимлари ҳар бир қадамимизни кузатиб юришди. Лекин шундай бўлса ҳам бир қанча ҳужжатларни қўлга киритдик. Шуҳрат Усмоновни ҳам қарийб тўрт соат ушлаб туриб сумкасини текшириб чиқишди, бироқ асосий ҳужжатларни ўзимиз билан олиб келдик. Уларни ўрганиб эълон қиламиз, деди Малоҳат Эшонқулова.

Малоҳат Эшонқулова уларга яқиндан ёрдам бермоқчи бўлган маҳаллий журналистлардан бири Умида Холмирзаеванинг тақдиридан хавотир эканлигини қўшимча қилди:

- Бу синглимиз биз билан учрашмоқчи эди. Лекин уни ҳеч қаердан топа олмадик. Уйига борсак қўшнилари уч кундан буён дом-дараксиз эканлигини айтишди. Биз билан учрашмаслик учун милиция ходимлари уни қамаб қўйган бўлишлари мумкинлигидан хавотирдамиз. Чунки у илгари бизга маълумот бергани учун устидан жиноят иши қўзғатмоқчи бўлишган эди, деди Малоҳат Эшонқулова.

Қамаши тумани ички ишлар бўлимидан Шуҳрат Рустамовнинг иддаоларига муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси фаоллари пахта терими мавсуми бошланганидан буён мажбурий меҳнат ҳолатларини мониторинг қилишга уринмоқда.

Альянс вакиллари айрим вилоятларда бўлиб, бюджет ташкилоти ходимлари, коллеж ва мактаб ўқувчиларининг пахта теримига мажбурий жалб этилаётгани ҳақида бир қанча хабар тарқатди.

Хусусан¸ Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова Хоразм вилоятида пахта теримига талаблар ва давлат муассалари ходимларининг ёппасига жалб этилиши ҳолатларини ўрганаётганида қўлга олинган эди. Милициядаги узоқ суриштирув ва инсон қадрини камситувчи текширувлардан сўнг ҳуқуқ фаоллари 29 сентябрда Тошкентга қайтишга мажбур бўлган эди.

26-27 сентябрь кунлари Хоразм вилоятининг Хазорасп тумани пахта далаларини кузатган ҳуқуқ фаоллари - Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова "Вилоят раҳбарлари Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ва раҳбариятни алдамоқда", деб хабар тарқатди.

Инсон ҳуқуқи фаоллари бюджет ташкилоти ишчилари ва айрим ҳудудларда 18 ёшга тўлмаган ўқувчилар ҳам пахтага теримига чиқарилганига гувоҳ бўлганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG