Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

Ўзбекистонлик фаол “чиқиш визаси”ни олиш учун ҳукумат билан судлашмоқда


36 ёшли жиззахлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев вилоят ОВИРидан "чиқиш визаси" учун топширган аризасига рад жавобини олгач эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари топталаётгани ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига арз қилган. Шаҳар суди Пардаев шикоятини қондирмаганидан сўнг ҳуқуқ фаоли вилоят суди ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига шикоят киритди.​

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев жорий йил бошида "чиқиш визаси" олиш учун лозим ҳужжатларни ва анкетани вилоят ОВИРига топширган, лекин бир неча кун ўтиб “чет элга чиқишингиз мақсадга мувофиқ эмас”, деган мазмунда жавоб олган.

Шундан сўнг Пардаев эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари топталаётганидан норозилик билдириб, Жиззах вилояти Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғини судга берди.

Суд октябрь ойи ўрталарида Пардаев аризасини кўриб чиқди, лекин уни шикоятини қондирмади.

Суд мажлисига Жиззах вилояти Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўрнига келган инспектор Пардаевни анкетада “ҳеч қаерда ишламайман”, деб ёлғон маълумот берганликда айблади.

ОВИР инспектори Ўктам Пардаев Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаши ҳақида далилий ҳужжатларга эгалиги ҳақида судга айтган.

Бунга жавобан ҳуқуқ фаоли ўз ташкилоти ноҳукумат ташкилоти экани ва ойлик олмаслигини тушунтирган.

Шундан сўнг суд ишни ёпган ва ҳуқуқ фаолига бу юзадан Ички ишлар вазирлигига мурожаат этишни сўраган.

- Шундай қилдим. Вилоят судига шикоят киритдим. Ички ишлар вазирлигига хат ҳам ёздим. Ҳозирча ҳеч қанақа жавоб йўқ, - дейди Пардаев.

Асли касби мусиқашунос бўлган Ўктам Пардаев 2005 йилдан буён Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаб келади.

У вилоятдаги болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиб боради.

-Қизиқ, қачон чет элга чиқишим мақсадга мувофиқ бўлар экан, - дейди Ўктам Пардаев.

Олдинроқ Озодлик таниқли рассом Вячеслав Охунов ва социолог Баҳодир Мусаев ҳам шундай визани ололмай юргани ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўз фуқароларининг чет элга чиқиши учун виза бериш тартибини сақлаб қолган дунёдаги саноқли мамлакатларнинг бири бўлиб қолмоқда.

Чиқиш визаси ИИВ органлари томонидан икки йил муддатга берилади. МДҲ мамлакатларининг баъзиларига бориш учун виза талаб қилинмайди.

XS
SM
MD
LG