Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:39

Темир қафасга солинган Ассад аскарлари Россия ҳужумидан қалқон сифатида ишлатилмоқда


"Тавҳид ва Жиҳод" жангари гуруҳи асир олинган ҳукумат аскарлари оилалари билан темир қафасларга солиниб, Россия ва Сурия армияси ҳаво ҳужумларидан қалқон сифатида ишлатилаётганини иддао қилди. Интернет тармоғида тарқатилган видеода 2-7 кишидан қафасларга жойланган одамлар аҳолига сазойи қилинаётгани ва сўнгра ҳаво ҳужумлари уюштириладиган нуқталарга олиб бориб жойланаётгани айтилган.

Суриядаги икки ўзбек жангари гуруҳидан бири бўлган "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи Дамашқда сазойи қилинаётган ҳукумат аскарлари ҳақидаги видеони тарқатди.

Гуруҳ иддаосича, президент Башар Ассад армиясига қарши курашаётган "Жайш ул-Фатҳ" жангари гуруҳлар коалицияси асирга олинган ҳукумат аскарларини нишонга қўйиш орқали Россия ва Сурия армияси ҳаво ҳужумларини тўхтатишга уринмоқда.

6 ноябрь куни интернетда тарқатилган видеода ўзини коалиция таркибида бўлган "Жайш ул-Ислом" гуруҳи аъзоси эканини айтган йигит бу ҳаракат тинч аҳолининг бомбаланишини тўхтатиш ниятида қилинаётганини даъво қилган.

Видеода Россия ва Сурия ҳукумати қўшинлари ҳаво ҳужумларидан, асосан, бегуноҳ аёллар ва болалар ўлаётганини даъво қилган шахс темир қафасларга жойланган одамларга сўз беради.

Қафас ичидан камерага юзланган киши ўзининг алавий экани, Ассад армияси аскари бўлгани, 3 йилдан буён асирда эканини айтади. У ҳам президент Ассад ва Россия армияси ҳужумларидан тинч аҳоли ўлаётгани ҳақидаги баёнотни такрорлайди ва бомбалашни тўхтатишни сўраб, ёлворади.

Сўнгра бошқа бир қафасда бораётган аёлларга сўз берилади. Ён қафаслардан бирида сақланаётган асирнинг рафиқаси эканини айтган аёл ўзини Мерфат Али, деб таништиради ва у ҳам ҳаво ҳужумларида, асосан, аёллар ва болалар ўлдирилаётганини айтиб, ҳужумларни тўхтатинг, деб ҳукумат армиясига мурожаат қилади.

Шу тариқа қарийб 10 дақиқалик видео якунига яқин камера ортидан сўзлаган овоз соҳиби Сурия ва Россия армиясига мурожаат қилади ва ҳаво ҳужумларида улар ўз одамларини ўлдиришини айтиб, таҳдид қилади.

Айтилишича, одамлар солинган қафаслар Дамашқ шарқидаги Гуто ва Дума минтақаларидаги аҳоли гавжум бўлган масжид, бозор ва аҳоли пунктларига жойланган.

Озодликда ҳозирча бу иддаоларни тасдиқловчи бошқа маъулмотлар йўқ. Айни пайтда жангари гуруҳлар тарқатган видео қаерда, қачон олинганига оид аниқ, тасдиқланган маълумотлар ҳам йўқ.

Аммо, видео тарқалганидан бироз ўтиб, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти исёнчи кучларнинг бу амалиётини қоралаган ва фуқаролар ҳамда ҳарбий асирлар ҳаётини таҳликага қўйиш жиноят эканидан огоҳлантирган эди.

"Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳининг иддао қилишича, сўнгги бир ҳафта ичида Дамашқда 200 га яқин одам ҳаво ҳужумлари қурбони бўлган.

30 сентябрдан бошланган Россия ҳаво ҳужумларида ҳукумат иддао қилгани каби "Исломий давлат" террор гуруҳи жангарилари эмас, балки Ассад режими мухолифлари ҳамда тинч аҳоли вакиллари ўлдирилаётгани ҳақидаги хавотирлар энг бошидан буён айтиб келинмоқда.

Бу ҳужумларни тўхтатиш йўлини топганини иддао қилган "Жайш ул-Фатҳ" жангари гуруҳлар коалицияси ҳам Ассад режими аскарлари, ҳам "Исломий давлат"га қарши курашаётган гуруҳдир.

Бу коалициядаги жангари гуруҳлар орасида Суриядаги ўзбекларнинг энг йирик жамоати бўлган "Имом Бухорий" катибаси ҳам бор. Бу катибадаги ўзбекларнинг Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг жанубидан боргани айтилади.

"Тавҳид ва Жиҳод" эса Сурия ҳудудида 2014 йилдан буён алоҳида гуруҳ сифатида президент Ассадга армиясига қарши курашиб келаётганини иддао қилган ўзбек жангарилари жамоатидир. Унинг сафидаги жангарилар ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистондан борган ўзбеклар экани айтилади.

Аммо, ҳар икки гуруҳнинг таркибида жами қанча жангари борлиги ва уларнинг қанчаси ўзбек экани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ, иккала гуруҳ ҳам "Исломий давлат"ни қўлламаслигини билдирган ва улардан бири - "Имом Бухорий" катибаси Толибларга, "Тавҳид ва Жиҳод" жамоати эса "Ал-Қойда"га байъат берганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG