Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:57

Жиззахда газ қувури портлади. Ёнғин 20 километр нарида кўринди


13 ноябрь куни эрталаб соат 10 лар атрофида Жиззах вилоят марказидан 15 километр шимоли-шарқда жойлашган Самарқандқудуқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган газ қувури портлади. Ушбу хабарни расмий манбалар тасдиқлади.

Озодликнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбасига кўра, газ қувури портлаган эмас, ёрилган холос.

Идораси Жиззах шаҳрида жойлашган “Марказгазтаъминот” вакилининг айтишича, қувур ёрилиши оқибатида ёнилғидан узилган маҳаллалар газ таъминотини тиклаш 13 ноябрь соат 17 га режалаштирилган.

Газ қувури “портлагани" тўғрисидаги хабар етиб келгач, вилоят марказидаги Наврўз маҳалласида яшовчи тингловчимиз билан боғландик.

Унинг айтишича, Наврўз маҳалласи воқеа юз берган жойдан қарийб 20 км узоқликда. Лекин шунга қарамай тингловчимиз 13 ноябрь эрталаб Самарқандқудуқ қишлоғи томонда жуда катта аланга чиққанини кўрган.

- Уйимиз баландликда жойлашган. Шунинг учун аланга кўриниб турди. Нимадир портлагандай бўлди. Алангага кўзим тушган пайтда соат 10 лар эди, деди жиззахлик.

Бу киши билан савол-жавобимиз кундуз соат 2 да бошланган ва ўша пайтда, унинг айтишича, ёнғин тўхтаган эди.

- Ҳозир аланга кўринмаяпти, деди жиззахлик.

Озодликнинг Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбасига кўра, воқеа 13 ноябрь, соат 10 да эмас, балки 2,5 – 3 соат олдин бошланган.

- Эрталаб соат 7,30 атрофида Ғаллаорол – Янгиер – Тошкент магистрал газ қувурининг Жиззах тумани, Самарқандқудуқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи қисмида ёрилиш содир бўлган. Қувур ёрилганидан кейин ёнғин чиққан. Ўрта босимли қувур бўлган. Одамлар орасида қурбонлар бўлмаган, чунки воқеа содир бўлган жой атрофи - дала, аҳоли пункти эмас. Ёнғин кундуз соат 5 та кам 1 гача давом этди. Қувурнинг ёнғин чиққан жойидан икки томонидаги задвижкалар ёпиб қўйилди ва қувур ичидаги газ ёниб тугади, деди Озодликнинг Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбаси.

Унинг айтишича, истеъмолчиларни газ билан таъминлашда узилиш бўлмаган.

Афтидан, вазирлик ўзининг Жиззахдаги бошқармасидан ёки идораси Жиззах шаҳрида жойлашган “Марказгазтаъминот”дан олган маълумотномада вазият тўлиқ акс этмаган.

Чунки Озодликнинг “Марказгазтаъминот”даги манбасига кўра, газ қувуридаги авария туфайли “бир қатор маҳаллалар ҳамда Шимолий ГРЭСнинг газ таъминоти узилиб қолган”

Манбанинг айтишича, газ таъминоти 13 ноябрь соат 17 да қайта тикланиши керак эди.

Ўзбекистон магистрал газ қувурларидаги сўнгги портлаш бундан қарийб 3 ой олдин – 24 августда маҳаллий вақт билан соат 21 лар атрофида “Янгиер-Тошкент” газ магистралинингТошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани, “Дўстлик” ширкат хўжалиги ҳудудидан ўтувчи қисмида содир бўлган эди.

XS
SM
MD
LG