Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:22

Суфий уламо мақбарисига ўт қўйган 4 чечен оммавий равишда қораланмоқда


Суфий уламо мақбарасига ўт қўйиб юборганликда айбланаётган Курчалой қишлоғининг тўрт ёш турғуни Чеченистон президенти Рамзан Қодиров буйруғи билан оммавий равишда ҳақоратланмоқда. Қодиров фаоллик билан маҳаллий аҳолини ўсмирларни кескин қоралашга ундамоқда.

Ўсмирлар XIX асрда яшаб ўтган суфий уламо Кунда Ҳожининг шогирди Шайх Янгулбининг Курчалойдаги қабрига бензин қуйиб, ёқиб юборишганини тан олгани айтилмоқда.

Ўзини Кунда Ҳожининг авлоди эканини иддао қилиб келган Қодировга кўра, ёвуз ниятли ёшлар Интернетда “экстремистик ваъзларни” эшитиб, қабрни ёқиб юборишга қарор қилишганига иқрор бўлишган.

17 ноябрь куни, яъни мақбарага ўт қўйилганидан бир кун ўтиб давлат телевидениесида чиқиш қилган Қодиров ўсмирларни Суриядаги жангарилар билан алоқадорликда айблаб, улар ва уларнинг оилаларига “лаънат ёғдирилиши керак”лигини айтди.

Бу сўнгги икки ой ичида Чечнистондаги суфий зиёратгоҳларга қилинган иккинчи ҳужумдир. Биринчи ҳужум 9 октябрдан 10 октябрга ўтар кечаси амалга оширилган эди. Ўшанда Кунта Ҳожининг яна бир шогирди Шайх Дурдининг Шали шаҳридадаги қабристонда жойлашган мақбариси ёқиб юборилган эди.

Биринчи ҳужум бўйича ҳеч ким қўлга олинмади ва Қодиров бу мисли кўрилмаган ҳодиса ҳақида оммавий равишда ҳеч нима демади. Чеченистон Мусулмонлар диний бошқармасининг исми ошкор қилинмаган вакили большевиклар 1920 йилларда диний қарашларни сиқувга олганидан бери бундай вандализм ҳеч кузатилмаганини айтди.

Жуда кўп миш-мишларга сабаб бўлган октябрь ҳужуми Шимолий Кавказдаги исёнчилар тарғиб қиладиган салафийлик тарафдорлари ҳисобланган ўсмирларни сиқувга олишга имкон яратиш учун атайин амалга оширилган бўлиши мумкин. Бу ёшлар Қодиров талқинидаги чечен суфийлигини хуш кўрмайди. Ёш чечен жангарилардан бири Қодиров тарғиб қиладиган суфийликни “суфий эртаклар ва маҳаллий одатларнинг қоришмаси” ўлароқ таърифлаган эди.

Қодиров талқинидаги “анъанавий чечен исломи” мамлакатда мавжуд бўлган шофиъийлик сунний мазҳабидан фарқ қилади ва суфий руҳонийларни ҳурмат қилишни ва уларнинг мақбараларини зиёрат қилишни тарғиб қилади. Чеченистода тахминан 130 та бундай зиёратгоҳ борлиги айтилади.

Шолида октябрда содир бўлган ҳужумдан бери салафийларга ўхшаб мўйловини олиб, аммо соқолини ўстириб олган ўсмирлар хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан оммавий равишда қўлга олингани ҳақида жуда кўп хабар берилди.

Курчалойдаги ҳужумни Шалидаги ҳужум илҳомлантирганми ёки иккала ҳужумни ҳам ёш салафийлик тарафдорлари амалга оширганми, буни билишнинг иложи йўқ.

Қўлга олинган тўрт ўсмир 18 ноябрь куни уч оммавий йиғилишда қатнашишга мажбур қилинди. Бу йиғилишлар Курчалой, Гелдагана, Майртуп қишлоқларида бўлиб ўтди. Чеченистон Мусулмонлар диний бошқармаси вакилига кўра, яна бир неча бундай йиғилиш ўтказиш режалаштирилган.

Ўсмирларга Россия жиноят кодекси (214-моддаси) бўйича расмий равишда группавий вандализм айблови қўйилган ёки қўйилмагани номаълум. Бу жиноят учун уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган. Ҳозир Қодиров ёшларни қайт-қайта шарманда қилганидан кейин ҳотамтойлик қилиб уларни афв этиш-етмаслиги ҳам номаълум. Яқинда президент унга суиқасд қилишни режалаштирган ўсмирларни оммавий равишда кечирган эди.

XS
SM
MD
LG