Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:43

Эрдўғон: Туркиянинг ўзини муҳофаза қилиш ҳуқуқини барча бирдек ҳурмат қилиши шарт


Россия қирувчи учоғи Туркия чегарасини бузгани учун турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилганидан сўнг президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз мамлакатининг ҳеч қайси ўлкага нисбатан душманлиги йўқлиги, айни пайтда Туркия ўз чегараларини ҳимоя қилиш ҳаққини ҳам ҳар бир кимса ҳурмат қилиши лозимлигини билдирди.

Онадўли агентлигининг хабар қилишича, Туркия президенти бу баёнотни Ўқитувчилар куни муносабати билан ўтказилган тантанали мажлис чоғида берди.

“Байирбужақ туркманлари яшаган ҳудуд ИШИД террор ташкилоти юрган ҳудуд эмасдир, ҳеч ким ҳеч кимнинг кўзини бўямай қўя қолсин. У ерда фақат Байирбужақ туркманлари бор, қондошларимиз бор, қариндошларимиз бордир” деган Эрдўғон “ИШИД террор ташкилотига ҳужум қиляпмиз” деганлар у ерда туркманларни нишонга олаётганини таъкидлади.

Туркия президентига кўра, Байирбужақ туркманлари бор-йўғи ўз тупроқларини қўришга ҳаракат қилаётибди, улар оилаларини жамлоқларга қўйиб келиб, курашда давом этаяптилар.

Байирбужақ туркманлари Суриянинг бошқа ҳудудларидаги туркманлар каби қондошлик сабаби ила Туркия учун алоҳида эътиборга эга эканлигини таъкидлаган Эрдўғон: “Ассад режими ва уни қўллаган ўлкаларнинг Байирбужақ туркманларини нишон олган ҳужумлари остида бўлган ниятларини жуда яхши биламиз. ИШИД ҳали мутлақо бўлмаган бу ҳудудда ҳужумлар Ассад режимини оёқда тутиб қолишга қаратилгандир. Туркия Жераблусдан (Сурия шимолий-шарқидаги ҳудуд) Ўртаер денгизига қадар узанган ҳудудни барча террор ташкилотларидан тозалашга қарор қилган. Туркия давлати сифатида бу ҳудудда яшаган барча биродарларимизга аввалдан ҳар қанақа ёрдамни бериб келаяпмиз, бундан кейин ҳам берамиз”, деди Эрдўғон.

24 ноябрь оқшомида Туркия президенти Россия ҳарбий самолёти уриб туширилиши ортидан юзага келган кескинликни юмшатиш ҳақида АҚШ президенти билан телефон орқали суҳбатлашди.

“Президентлар кескинликни юмшатиш ва бу каби воқеа қайта такрорланишининг олдини олиш шартлигини таъкидлашди”, дейилади Эрдўғон маъмурияти тарқатган баёнотда.

Суҳбат чоғида Барак Обама АҚШ ва НАТО Туркиянинг халқаро майдондаги суверенитетини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Айни пайтда икки лидер “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашдаги ҳамкорликни давом эттириш ҳақида ҳам сўзлашгани айтилмоқда.

Бу орада НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Су-24 учоғи уриб туширилишига оид Туркия версияси альянсга аъзо бошқа мамлакатлардаги манбалар томонидан ҳам тасдиқланганини баён этди.

“Бошқа иттифоқчилардан олинган маълумотлар ҳам Туркия версиясига мувофиқ келмоқда”, деди Столтенберг сешанба куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг Су-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган. Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атаган ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирган.

Октябрь ойида Анқара Россия самолётлари икки маротаба Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани тўғрисида баёнот тарқатган ва айни ҳаракат такрорлангудек бўлса, куч қўллаши мумкинлиги ҳақида Россия томонини огоҳлантирган эди.

Россия бамбордимончи самолётлари 30 сентябрдан бери Сурияда Башар Ассадни дастаклаш учун жанговар амалиётлар ўтказиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG