Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:12

Қозоғистон давлат телевидениеси мухбири: “Бошқа ёлғон гапира олмайман!”


Бела Қудайбергенова.
Бела Қудайбергенова.

Ўтган ҳафтада Қозоғистондаги етакчи ҳукумат телеканалининг Лондондаги мухбири “ёлғон сўзлашдан чарчадим”, дея ишдан кетиб, катта шов-шувга сабаб бўлди.

3 декабрь куни Бела Қудайбергенова ўз Facebook саҳифасида “Хабар” телеканали ва унинг онлайн бўлими “24.kz” даги ишидан воз кечаётганини эълон қилар экан, “Ва ниҳоят кетяпман”, деди. “Энди жудаям бахтиёрман. Виждоним борлигини англаб етдим. Бошқа ёлғон гапира олмайман”, дея сўзини давом эттирди қозоқ журналисти.

Қудайбергенованинг бу гапи ижтимоий тармоқларда қозоғистонликлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Айримлар мухбирнинг қарорини олқишласа, бошқалар уни бу қарорга келишга “Хабар”нинг Лондондаги бюросини ёпиш режаси таъсир қилган бўлиши мумкинлигини айтишди.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати билан суҳбатда Қудайбергенова уни “Хабар”ни тарк этишга нима ундагани ҳақида сўзлаб берди.

Мухбирнинг айтишича, аввалига у телеканални янги йил байрамидан кейин тарк этишни режалаштирган, аммо ўта эътирозли топшириқ олганидан кейин тезроқ кетишга қарор қилган.

Журналистдан Қозоғистоннинг Лондондаги элчихонаси 16 декабрь куни нишонланадиган мустақиллик куни арафасида 2 декабрь куни ўтказган йиғилишни қозоғистонликлар “бахтиёр миллат” эканлигини исботловчи ҳодиса ўлароқ ёритиш сўралган.

Қудайбергеновага кўра, у люкс меҳмонхонада ўтказилган йиғилиш “Қозоғистон Британия ва халқаро ҳамжамият ҳурматига сазовор бўлган буюк мамлакат” эканини кўрсатишини айтиши керак бўлган.

“Бўлди, етар. Сабр косам тўлди, бошқа бу ишни қила олмаслигимни тушундим”, деди Қудайбергенова.

Озодликка берган интервьюси давомида журналист “Хабар” телеканалини Қозоғистон халқи ҳақида мунтазам равишда нотўғри маълумот беришда айблади.

“Мен бу дезинформация жуда кенг кўламли ва чуқур, деб ўйлайман. Нафақат мамлакат ичидаги вазият ҳақида, хориждаги аҳвол ҳақида ҳам шундай десак бўлади”, деди Қудайбергенова.

Мухбир яна журналистларни “ғилдирак тишлари” ўлароқ таърифлади.

“Биз хоҳлаган” нарсани айтадиган “мутахассисларни” топамиз, “улар бошқача бирор нима дейдиган бўлса, шунчаки буни йўқ қиламиз”, деди Қудайбергенова.

Мисол сифатида мухбир 2 декабрь топшириғи олдидан Қозоғистон элчихонаси интервью олиш учун муайян шахсларни тавсия қилганини айтди. Қудайбергенованинг таъкидлашича, бундай интервьюлар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ва “Қозоғистон қанчалик буюк эканлиги ҳақидаги ёлғонларни” тарғиб қилиш учун уюштирилади.

Ўзи этник қозоқ бўлган Қудайбергенова совет Россиясининг Астрахань областида туғилган ва Москва шаҳрида улғайган.

Мухбир “Хабар” ва “24.kz” учун 2003 йилдан бошлаб ишлаган. 2009 йилда Лондонга кўчиб ўтишидан аввал Москвада телевидение мухбири сифатида фаолият юритган.

“Хабар” телеканали бир бўлими ҳисобланган, маркази Олмаота шаҳрида жойлашган “Караван” ҳафталик газетасида куни кеча чоп этилган мақолада Қудайбергенованинг қарори қораланди.

Газетага кўра, Қудайбергенова яқин орада ишдан ҳайдалиши ҳақида хабар топганидан кейин “эшикни ортидан қаттиқ ёпишга” қарор қилган. Мақолада “айрим журналистлар ўз ишини ҳурмат қилмаслиги” ачинарли ҳол эканлиги айтилди.

Қудайбергенова эса “Караван”да чоп этилган шарҳларни “сафсата” дея баҳолади.

XS
SM
MD
LG