Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:18

Россия терговчилари: Ёмон янгиликларга эътибор берманг


Владимир Маркин.
Владимир Маркин.

Таниқли Россия расмийсида ёмон янгиликлар ҳақида ёмон янгилик бор: бундай янгиликлар сизни ўлдириши мумкин.

Аниқроғи, россияликлар учун Россия ҳақидаги ёмон янгиликлар бундай хавф туғдиради.

Федерал тергов қўмитаси матбуот котиби салбий хабарлар психосоматик таъсир қилиши ва ўлимлар сонини ошириши мумкинлигини айтиб, россияликларни ўз мамлакатлари ҳақидаги ёмон янгиликларга “эътибор бермасликка” чақирди.

Бундан ташқари, Владимир Маркин бу муаммони Ғарбда авж олаётган хавфли ва ҳалокатли “русофобия” янада кескинлаштираётганини, бу ҳол Россияга “юқиши” ҳамда мамлакатни барбод қилиши мумкинлигини айтди.

16 декабрь куни кремлпараст “Известия” газетасида чоп этилган мисли кўрилмаган мақоласида Маркин “Русофобия ОИТС каби бедаво ва ўлимга олиб келадиган касалликдир”, деб ёзди.

“Оғриқни қолдирувчи дорилар ҳамда ҳарбий психоз қўзғатувчилар ёрдамида вақтни чўза оласиз холос. Аммо натижа ҳар доим бир хил – ўзингизни барбод қиласиз ва шармандаларча ўласиз”.

Матбуот котиби Россияда салбий янгиликларнинг кўпайиб кетгани мамлакатда ўлим сонини ошираётганини иддао қилди.

“Масалан, 2010 йил ёзда содир бўлган ёнғинлар давомида нафақат тутун қаърида қолган ҳудудларда, балки бу мавзу асосий янгилик сифатида ёритилган ҳамма жойда касаллик ва ўлим сони ошган”, деб ёзди Маркин.

Бу ҳол билан курашиш учун Маркин бошни қумга тиқиш стратегиясини таклиф қилди.

“Омон қолишнинг ягона йўли русофобияга жавоб қайтармасликдир. Яраларимизга эътибор қаратишни кўзловчи бу уринишларга кўз юмиш қўлимиздан келади холос”, деб ёзди котиб.“Агар эътибор бермаслик йўлидан бошқа йўлни танласак, бу русофобия вируси учун озуқа бўлади. Тўғри терапия ижобий нарсаларга эътибор қаратиш ва нормализацияга эришиш учун кичик қадамларни қўллашдан иборат бўлиши керак”.

Маркиннинг бу илтимоси бежиз эмас, чунки Россия ҳозир иқтисодий кризисни бошдан кечирмоқда, мамлакатнинг асосий экспорти бўлмиш нефтнинг паст нархи эса ҳали-бери кўтариладиганга ўхшамайди. Россияни кузатувчилар иқтисодий муаммолар ҳукуматга бўлган қўлловни емираётганини кўрсатувчи белгилар бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида мамлакатни яқиндан кузатиб келмоқда.

Москвада жойлашган “Левада” маркази 16 декабрь куни чоп этган сўровнома натижаларига кўра, 2009 йилга солиштирганда россияликларнинг телеянгиликларга бўлган ишончи деярли икки баробарга тушиб кетган. Владимир Путин 2000-2004 йилларда тезкорлик билан қаттиқ назоратга олган Россия телевидение тармоқлари воқеа-ҳодисаларнинг Кремль тарғиб қиладиган версиясини россияликларга етказиб беришда муҳим рол ўйнайди.

“Хабар инфекцияси”

Маркин яна россияликларни “хабар жанги” содир бўлаётгани ҳақида огоҳлантирди. Котиб Украинани назарда тутиб, “қўшни мамлакат” мисолида “хабар инфекциясини” юқтирганларга нима бўлишини кўриш мумкинлигини айтди. Киев ва Ғарб Москвани Украинадаги россияпараст айирмачиларни қўллашда ва уларни қурол-аслаҳа билан таъминлашда айблаб келади.

“Бир неча йил аввал бу методлар Россияга қарши хабар урушининг атайин бир бўлаги эканлигини рад этиш мумин эди. Ҳозир эса хабар инфекциясини юқтирган бизга қўшни мамлакатларнинг бирида давлат ва иқтисоднинг ачинарли қолдиқларига қарашнинг ўзи кифоя”, деб ёзди Маркин.

Маркин мақоласи барча Кремль бошқарувидаги нашрлар каби Россияни хавф-хатар, экстремизм ҳамда ғарбдаги ахлоқий бузилиш қамровида қолган консерватизм қўрғони ўлароқ таърафилайди.

Маркин Тергов қўмитаси 2011 йилнинг октябрь ойида Бош прокуратурадан мустақил идора сифатида ажралиб чиққанидан бери қўмитанинг расмий чеҳраси ролини ўйнаб келади. Россия Федерацияси Тергов қўмитаси АҚШ Федерал тергов бюросининг эквивалентидир.

Маркиннинг ўзгачалиги фаол равишда ўз имижи устида ишлаб келаётганидир. Февраль ойида у “Бизда ягона ватан бор” деб номланувчи ватанпарвар қўшиқни ижро этди. Унинг ижроси рус телеканалларида эфирга узатилди. Хабарларга кўра, Маркин ижроси учун тушган даромад хайрия қилинган. Котиб яна рус филмида ўзини тасвирлаб кўриниш берди.

Маркин яна русофобия Россиянинг руҳий тўғрилигига бўлган ҳасаддан келиб чиқишини иддао қилди.

“Русофобия қаердан келади? Бунинг барчасини ҳасад келтириб чиқаради. Аммо улар бизнинг моддий бойлигимизга эмас, балки руҳий фазилатларимизга, яъни яхшилик, виждонлилик, ёрдамга тайёр туриш, боримиз билан бўлишиш ва ҳеч бир вазиятда иккиланмаслик каби ҳислатларимизга ҳасад қилишади”.

Кремль танқидчилари эса Маркинни ҳечам яхшилик ва ҳалоллик тимсоли ўлароқ кўрмайди. Тергов қўмитаси матбуот котиби сифатида айнан Маркин кўпинча инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Путинга қаршилар уйдирма эканлигини таъкидлайдиган жиноий айбловларни эълон қилади.

Маркин яна мақоласида “асоссиз космополитизм” ва “антисемитизм”ни ҳам танқид қилди. У бу иккисини мос равишда гонорея ва сифилис таносил касалликларига ўхшатди.

XS
SM
MD
LG