Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:29

Қашқадарёда тиббий эксперт марҳумнинг яқинларидан “оғзига сиққанича” пора талаб қилди


Андижонда “Ипотекабанк” масъул ходими мижозни чув туширди. Наманганда “тез ёрдам” вақтида келмагани сабабли бемор вафот этди. Тошкентда хориждан юборилган почта жўнатмаларидан психотроп моддалар топилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ўзбекистонда электрон жавоб қоғозда ёзилган жавобга тенглаштирилди

Ўзбекистонда тегишли давлат органи фуқарога электрон тарзда юборган жавоб қоғозда ёзилган жавобга тенглаштирилди (“Адолат кўзгуси”, 17 декабрь). Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати жорий йил 3 декабрь куни маъқуллаган ва 9 декабрда мамлакат Президенти имзолаган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунда шундай тартиб кўзда тутилган. Электрон давлат хизматлари давлат органлари веб-cайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади. Қонунга кўра, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукумат бўйича ваколатли орган саналади. Ушбу қонун талабларини бузган шахсларга жавобгарлик белгиланган.

Қашқадарёда cуд-тиббий эксперт марҳумнинг яқинларидан 800 минг сўм пора талаб қилди

Қашқадарё вилояти Қарши тумани суд-тиббий эксперти Нормуҳаммад Аъзамов марҳумнинг ўғлидан 800 минг сўм пора талаб қилди (“Даракчи”, 17 декабрь). Республика шошилинч тез тиббий ёрдам Қашқадарё филиалига оғир аҳволда олиб келинган фуқаро Ўрол Чориев шифохонада вафот этган. Ички ишлар идораси қарори билан жасадни суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказиш белгиланган. “Эксперт Нормуҳаммад Аъзамов бевақт оламдан ўтган Ўрол Чориевлар оиласининг мусибатига ҳамдардлик билдириш ўрнига оғзига сиққанича пул талаб қилади. Беандиша, очкўз, нафс балосига йўлиққан экспертнинг тамагирлиги Чориевлар оиласининг иззат-нафсига тегади. Шундан сўнг улар ҳуқуқ идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлишади” деб ёзади газета. Маълум бўлишича, 1991 йилдан бери суд-тиббиёт экспертизаси тизимида ишлаб келган Н.Аъзамов 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Ипотекабанк” масъул ходими фирибгарлик қилди

“Ипотекабанк” Андижон вилояти филиали етакчи мутахассиси У.Парпиев фириб йўли билан катта миқдордаги пулни ўзлаштирди (“Ҳуқуқ оламида”, 17 декабрь). Андижон шаҳар прокуратураси вакили Шоҳида Нуровага кўра, У.Парпиев фуқаро М.Усмоновга кредит сифатида ажратилган 19 миллион сўм маблағни уни алдаб, “Бўстон сапфири” фирмаси ҳисобига ўтказган. Фирма эгалари берган 15 миллион сўм нақд пулни эса ўз манфаати йўлида сарфлаб юборган. “Ипотекабанк” масъул ходимига Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноий иш очилган.

Хориждан юборилган почта жўнатмаларидан психотроп моддалар топилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари хориждан Ўзбекистонга юборилган почта жўнатмаларидан тақиқланган психотроп моддалар топилганини маълум қилди (“Ҳуррият”, 16 декабрь). Масалан, Россиядан юборилган почта жўнатмасидан 500 дона “Феназепам”, Исроилдан жўнатилган буюмлар орасидан “Рокасет” таблеткалари топилган. Қайд этилишича, ушбу ҳолатлар бўйича божхона суриштирувлари олиб борилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон чегарасидан олиб ўтилиши тақиқланган психотроп ва наркотик воситалар рўйхати тасдиқланган.

Наманганда “тез ёрдам” вақтида келмагани сабабли бемор вафот этган

Наманган шаҳрида юраги хуруж қилган бемор олдига “тез ёрдам” машинаси вақтида келмагани оқибатида у вафот этган (“Диёнат”, 17 декабрь). “Тез ёрдам” чақирилганидан 45 дақиқа ўтса-да, етиб келмаган. “Тез ёрдам” вакиллари кечикиш сабаби сифатида йўл тирбандлиги, ҳеч ким уларга йўл беришни истамагани кўрсатган. “Бу фикрлардан сўнг табиий савол туғилади: йўллардаги автомашиналар тирбандлигига барҳам бериш мумкинми? Бунинг учун нима қилиш керак? Балки кўчаларни тўлдириб ётган киракаш “Дамас”лару хусусий таксилар қатновини чеклаш керакдир? Эҳтимол, автобуслар қатновини барқарорлаштириш лозимдир?.. Йўлларни янада кенгайтириш муаммонинг энг самарали ечимими?” деб ёзади газета.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Жануби-шарқий Осиё ва БААга арзонлаштирилган чипта сотади

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси 2016 йил 10 январдан 29 февралга қадар арзонлаштирилган чипталар сотувини амалга оширади. Компания матбуот хизмати маҳаллий матбуот нашрларига маълум қилишича, чегирмалар Жануби-шарқий Осиё ва Бирлашган Араб Амирликлари қатновларига татбиқ этилади. Бунга кўра, Тошкентдан Куала-Лумпурга бориб келиш 735, Бангкокка бориб келиш 770, Сингапурга бориб келиш 813, Шаржа ва Дубайга бориб келиш эса 741 ҳамда 786 евро этиб белгиланган.

Beeline ва UMS: Янги йил кечаси мобил алоқада муаммо бўлмайди

Ҳар йили Янги йил кечасида табриклар кўпайгани сабабли мобил алоқанинг ёмонлашуви кузатилади. Ўзбекистондаги етакчи мобил алоқа компаниялари, хусусан, “Beeline”, “UMS” ва “Узмобайл” вакиллари “Даракчи” нашрига бу йил байрам кечасида уяли алоқа хизматида муаммо бўлмаслигига ваъда берган. “31 декабрда барча ҳудудларда тармоғимиз сиғимини кенгайтирамиз. Техник ва IT дирекциямизнинг асосий қисми бу муддат давомида алоқа тизими яхши ишлаши, техник носозликлар бўлмаслиги учун навбатчиликда туради” деган “Beeline” cавдо белгиси остида хизмат кўрсатувчи “Unitel” компанияси жамоатчилик билан алоқалар хизмати раҳбари Ораз Абдураззоқов.

XS
SM
MD
LG