Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:34

Қирғизистонда "телефон террорчилари"га жазо кучайтирилиши мумкин


Қирғизистонда йил бошидан буён жамоат жойларида бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон маълумот тўққиз маротиба рўйхатга олинган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат хизматига кўра, бундай маълумот берганларнинг айримлари қўлга олинган бўлса, кўпчилиги ҳамон қидирилмоқда.

Бомба ўрнатилгани тўғрисида ёлғон маълумот бергани аниқланганлар орасида оддий одамлардан тортиб, юқори лавозимларда ишлаган амалдорларгача бор.

Ўтиб бораётган ҳафтада Қирғизистанда жамоат жойларида бомба ўрнатилгани тўғрисида кетма-кет икки ёлғон маълумот келиб тушган.

Пойтахт Бишкекнинг Улан Кичик районидаги уйларнинг бирига бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон хабар 21 декабр куни кечаси бўлган.

Милиция ҳодимлари ҳудудда истиқомат қилувчилардан ўз уйларидан чиқиб, хавфсиз жойда туришни сўраган ва маҳаллий аҳоли тунни аёзли кўчада ўтказишга мажбур бўлган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат хизмати ҳозирда бомба тўғрисида ёлғон маълумот берган одамни изламоқда.

20-декабрда стратегикобъектлардан бири бўлган “Манас” аэропортига бомба қўйилгани тўғрисида телефон қўнғироғи бўлган.

Тайёрагоҳ ҳудуди текширилган, учоқ қатновлари тўхтатилган, аммо бомба топилмаган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълум қилишича, “аэропортда бомба бор”, деган ёлғон маълумот номаълум IP-адресдан келган.

Қўмита расмийси Рахат Сулаймановга кўра, 2015 йилда жамоатчилик жойларига бомба ўрнатилгани тўғрисида жаъми тўққизта ёлғон маълумот келиб тушган.

“Ҳозир тўрт иш бўйича тергов якунланиб, судга ўтказилиш арафасида турибди. Қолган беш ҳолат юзасидан ҳали ҳам тергов ишлари олиб бориляпти. Ҳозир тушунтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз. Негаки, терорчилик ҳаракати тўғрисида ёлғон маълумот берганлар жазога тортилади,” - дейди Рахат Сулайманов.

Маълум бўлишича, “бомба бор”, деб ёлғон маълумот берганлар орасида оддий фуқаролардан тортиб, собиқ амалдорларгача бор.

Масалан, 24 сентябрда пойтахтдаги “Арзу” ресторанида “бомба бор,” деб ваҳима тарқатган шахс, яхши кўрган қизини рашқ қилиб, ёлғон маълумот берган.

4 октябрь парламент сайловлари чоғида Чўлпон-Ота шаҳрининг собиқ ҳокими Мирлан Маратов маст аҳволда бешта сайлов участкасига бомба қўйилган, деган ёлғон хабар тарқатган.

Бироқ, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ мулозими Марат Иманқулов, куч тизимлари портловчи модда ўрнатилгани тўғрисидаги ҳар бир маълумотни текширишга масъул эканликларини айтади.

“Мен етакчилик қилган уч йил давомида турли қўнғироқлар бўлган, аммо биронтасида ҳам бомба топмаганмиз. Бироқ халқаро тажрибага назар ташласак, террорчилар портловчи модда ўрнатганидан сўнг, уларнинг орасидан бири бу борада телефонда маълум қилиб қўйган ҳолатлар кўп. Албатда, бундай вазиятда кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин,” дейди Марат Иманқулов.

Унинг илова қилишича, телефон орқали бомба қўйилгани тўғрисида ёлғон маълумот берганларнинг кўпчилиги руҳий беморлар бўлиб чиқади.

Қирғизистонда ҳозир бомба тўғрисида ёлғон маълумот берганларни 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиш таклиф қилинмоқда.

Амалдаги қонунга асосан, террорчилик ҳаракати тўғрисида атайлаб ёлғон маълумот тарқатганлар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бу энг юқори жазо бўлгани билан кўп ҳолларда “телефон террорчилари” жарима билан жазодан қутилиб кетади.

XS
SM
MD
LG