Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:50

МДҲдаги энг йирик Зангиота қамоқхонасининг қурилиши тўхтаб қолди


Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилаëтган янги қамоқхона, Google Earth.
Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилаëтган янги қамоқхона, Google Earth.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилаётган қамоқхона қурлишининг молиявий таъминоти узилгани боис тўхтаб қолгани ҳақида маҳаллий нашрлар хабар қилмоқда. 9 та блокдан иборат бўладиган қамоқхонанинг МДҲ ҳудудида халқаро талабларга жавоб берадиган энг йирик тергов изолятори бўлиши кутилаётган эди. Озодлик манбаси "Сангород" ва "Тоштурма" раҳбарияти 2016 йил май ойидан янги қамоқхонага кўчирилишидан огоҳлантирилганини айтмоқда.

Podrobno.uz. ахборот агентлиги Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига таяниб, туманда қурилаётган тергов изоляторини фойдаланишга топшириш номаълум муддатга қолдирилганини хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, бунинг сабаби қурилишни молиялаштиришдаги муаммолар билан боғлиқ.

"Қурилишни шу йилнинг охирига қадар тугатиш режаланган эди, лекин молиявий таъминот узилгани боис ишлар тўхтатиб қўйилди", дея иқтибос келтирадиган ўз манбасидан агентлик.

Аммо, муаммо конкрет нимада ва фойдаланишга топишириш муддати қачонга қолдирилгани айтилмаётир. Аслида бу қамоқхона шу йилнинг кузида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Агентлик манбаси қурилишни якунлаш ишлари энди 2016 йилнинг баҳорларида бошланиши мумкинлиги тахмин қилинаётганини айтмоқда.

Зангиота тергов изолятори қурилиши тўхтатилгани ҳақида, умуман, мазкур иншоот қурилиши ҳақида Зангиота тумани ва Тошкент вилоятидаги маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бирор маълумот бермади.

Лекин шу йил июль ойида Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистондаги вазиятга бағишлаган йиғинида иштирок этган ўзбек делегацияси Зангиотада халқаро талабларга жавоб берадиган тергов изолятори қуриляпти, деб мақтанган эди.

Йиғинда иштирок этган Ўзбекистон Жазони ижро этиш Бош бошқармаси вакили қамоқхонинг 8 қирра шаклида жойлашган блоклар кўринишида қурилиши камераларга ҳар томондан ёруғлик тушишини таъминлайди, деб урғулаган.

Озодликнинг Тошкент вилоятидаги қамоқхоналардан бирида шифокор бўлиб ишлайдиган манбасига кўра, янги қамоқхонага Тошкент шаҳридаги 18-сонли махсус колония - халқ тилида "Сангород" деб юритиладиган қамоқхона ва 1-сонли тергов изолятори - халқ тилида "Тоштурма" деб юритиладиган қамоқхоналарни кўчириш режалаштирилган.

"Кейинги йилнинг май ойидан "Сангород"ни янги қамоқхонага кўчасизлар, деб айтиб қўйишган", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда бу шифокор.

Аммо, у янги қамоқхонанинг фойдаланишга топширилиши кечиктирилгани ҳақида бирор маълумот йўқлигини айтди.

Podrobno.uz. ахборот агентлиги Зангиотада қурилаётган янги қамоқхонанинг МДҲ ҳудудида ҳажми ва халқаро талабларга мослиги билан энг йирик тергов изолятори бўлиши ҳақида ёзмоқда.

Агентлик берган хабарга кўра, тергов изолятори 9 та блокдан иборат бўлади. Ҳозирча бу муассасанинг қанча маҳбусга мўлжаллангани ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистонда жами 52 та жазони ижро этиш муассасаси бор. Булар орасида энг катта ва шароити энг оғир қамоқхоналардан бири Зангиота қамоқхонасига кўчирилиши кутилаётган "Тоштурма"дир.

Аммо, собиқ маҳбуслар қамоқхонадаги шароитни тасаввур қилиб бўлмас даражада оғир, деб хотирлайдилар.

Бу қамоқхонада 2013 йилнинг баҳорида 3 ой сақланган собиқ сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудов қамоқхона шароити ҳақидаги хотираларини Озодликка сўзлаб берди.

У кишига кўра, асосий муаммо маҳбусларга жой етмаслигидир. 12-14 кишилик камераларда, одатан 40-50 нафар атрофида маҳбус сақланади. Маҳбуслар вақтнинг асосий қисмини тик оёқда ўтказадилар. Камераларда тоза сув ва ҳаво етишмайди.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Собиқ сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудовнинг "Тоштурма" ҳақидаги хотиралари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:05 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ҳикояларни жамлаган zona.uz сайтида Тоштурманинг юқори қаватларидаги ёруғ камераларига тиқилган маҳбуслар энг кўп қийналиши, чунки қамоқхонанинг темир томи остидаги камераларда ҳавосизлик ва қуёш тиғи остидаги иссиқликдан маҳбуслар бўғилиш даражасига тушиб, қийналиши айтилган.

Ҳозир "Тоштурма" ва умуман, Ўзбекистон қамоқхоналарида қанча маҳббус сақланиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

2013 йилда Ўзбекистон Олий суд раиси бўлган Бўритош Мустафоев мамлакатдаги маҳбуслар сони ҳар 100 минг кишига 166 нафардан тўғри келади, деб баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG