Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:21

Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни узди


Шайх Нимрнинг қатл этилиши ортидан норозилар Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ўт қўйган эди.
Шайх Нимрнинг қатл этилиши ортидан норозилар Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ўт қўйган эди.

Саудия Арабистони Теҳронда Саудия элчихонасига қилинган ҳужум ортидан Эрон билан дипломатик алоқаларини узганини билдирди. Саудияда шиа уламоси Нимр Бакр ан Нимрнинг қатл этилиши оқибатида норозилар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасига 3 январга ўтар кечаси ҳужум қилган эди. Қўшма Штатлар томонларни вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди, Ироқда эса сиёсатчилар ҳукуматдан Саудия Арабистони билан дипломатик алоқларни узишни талаб қилмоқда.

Саудия Арабистонида террорчиликда айбланган шиа уламоси Нимр Бакр ан Нимрнинг 2 январь куни қатл этилишидан норози бўлган намойишчилар якшанба кунига ўтар кечаси Теҳронда мазкур мамлакат элчихонасига бостириб кирган ва ўт қўйган эди.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Абдул ал Жубайр Эрон билан алоқаларнинг узилишига айнан норозиларнинг элчихонага бостириб киргани сабаб бўлганини расман тасдиқлади. Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Эрон дипломатлари мамлакат ҳудудини 48 соат ичида тарк этиши лозимлигини таъкидлади.

Абдул ал Жубайр ўз сўзи давомида Теҳроннинг Нимр қатл этилганини қоралаши Эрон ҳақиқатан ҳам террорчиликни молиялаштирадиган давлат эканига далил бўла олишини таъкидлади.

Саудия Арабистонининг бу баёнотига давлат телевиденияси орқали муносабат билдирар экан, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Хусайн Амир Абдуллоҳиён “Дипломатик алоқаларни узиш орқали Ар Риёд энг катта хатоси - шайх Нимрнинг қатл қилинишини ҳаспўшлай олмайди”, деб баёнот берди.

Эронда Саудия Арабистони элчихонасига ўт қўйилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:50 0:00

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Нимрнинг қатл этилишини қоралади, бироқ Саудия Арабистони элчихонасига қилинган ҳужумни ҳам “оқлаб бўлмайдиган ҳолат”, дея баҳолади.

Эрон расмийларига кўра, 3 январь куни элчихонага ҳужум қилган ва ўт қўйган норозилардан 44 киши қамоққа олинган.

Аввалроқ Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Саудия Арабистони Нимр Бакр ан Нимрни қатл этгани учун “худонинг қаҳрига учрайди”, дея баёнот берганди. Оятуллоҳ фикрича, Нимр Бакр ан Нимр ўз сиёсий қарашлари, жумладан, Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилгани учун қатл этилган.

Қўшма Штатлар эса Эрон ва Саудия Арабистони ҳукуматларини зудликда вазиятнинг кескинлашуви олдини олишга чақирди.

Ҳокимият шиалар қўлида бўлган Ироқда ҳам нуфузли шиа уламолари ва сиёсатчилари ҳукуматдан Ар Риёд билан дипломатик алоқаларни узишни талаб этмоқда. Ироқ бош вазири Ҳайдар Абодий Нимрнинг қатл этилиши минтақадаги хавфсизликка жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди. Ироқдаги таниқли шиа уламоси Муктади ал Садр эса Форс кўрфази давлатларидаги барча шиаларни Саудия Арабистонига норозилик билдиришга даъват этди.

Нимрнинг қатл этилиши нафақат Эронда, балки бошқа давлатларда ҳам шиаларнинг норозилик чиқишларига сабаб бўлди. Саудия Арабистонида намойишга чиққан юзлаб шиа норозилари ҳибс қилинди. Норозилар ва Саудия полицияси тўқнашувлари пайтида бир неча полициячи ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Аҳолисининг асосий қисми шиа, бироқ ҳокимият сунийлар қўлида бўлган Баҳрайнда Нимр қатл этилганига қарши норозилик намойишига чиққан шиаларга қарата полиция резина ўқ отди ва сув пуркагичлар воситасида намойишчиларни тарқатди.

Нимр 2012 йилда қамоққа олингунига қадар Саудия Арабистонида яшовчи шиа озчилигининг норозилик намойишларига раҳбарлик қилиб келган эди. Нимр террорчиликда айбланиб қўлга олинганди. Нимрнинг қатл этилиши Яқин Шарқ минтақасидаги шиаларнинг катта норозилигига сабаб бўлди.

Нимр билан бирга 46 одам, жумладан, уч шиа диссиденти ва Ал Қоиданинг бир неча жанггариси қатл қилинган.

Саудия Арабистони ва Эрон Яқин Шарқда, жумладан, Яман, Баҳрайн, Ироқ ва Сурияда ўз таъсирларини сақлаб қолиш учун кўп йиллардан бери ўзаро курашиб келади.

XS
SM
MD
LG