Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:19

Мирзиёев Ялтани Россия шаҳри ўлароқ тақдим этмоқда


Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни 2016 йилда ўзбек ширкатларига иштирок этиш таклиф қилинмиш халқаро кўргазма-ярмаркалар рўйхатини тасдиқлаган. Унда Ялта Россияга оид шаҳар ўлароқ кўрсатилган.

“Украинская правда” нашрининг хабар қилишича, Мирзиёев имзолаган ҳужжатга кўргазма ўтказилиши режалаштирилмиш мамлакатлар ва шаҳарлар рўйхати илова қилинган бўлиб, рўйхат бош вазир томонидан тасдиқлангани урғуланади.

“Бу рўйхатдаги 32-бандда июль ойида “Ялта. Золотой грифон-2016”” деб номланган 35-Халқаро вино маҳсулотлари танлови келтирилган. Кўргазма ўтказиладиган жой эса “Ялта шаҳри. Россия” дея кўрсатилган”, дейилади “Украинская правда” хабарида.

Ялта Россия томонидан аннексия қилинмиш Қрим яриморолида жойлашган курорт шаҳарларидан биридир.

2014 йилнинг 28 март куни БМТ Бош ассамблеяси Қримдаги сепаратистик референдумни ноқонуний деб топган пайтда Ўзбекистон овоз беришдан тийилганди.

Бу воқеадан тўрт кун аввал - 24 мартда эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги вазият ва Қрим масаласи юзасидан расмий Тошкент позициясини акс эттирган баёнот тарқатганди.

Мазкур баёнотда “Ўзбекистон Республикасининг БМТ Низоми асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда “юзага келадиган халқаро баҳсларни тинч воситалар билан ҳал этиш, халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёхуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш” борасидаги позицияси қатъий ва ўзгармасдир”, дейилган.

Бундан Тошкентнинг, йўқ деганда, Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишини ёқламагани англашилганди.

2015 йил 3 апрелида Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтган МДҲ ташқи ишлар вазирлари йиғинида Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати ортидан Ғарб давлатлари жорий этган санкцияларга норозилик билдирилган баёнот қабул қилиниши керак эди. Мазкур баёнот Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига тақдим этилиши назарда тутилган.

Бироқ МДҲга аъзо давлатлар - Украина, Озарбайжон, Туркманистон ва Молдова билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам мазкур ҳужжатда Украина ҳудудий яхлитлиги кафолатланган Будапешт шартномаси Россия томонидан бузилмоқда, деган эътироз билан баёнотни имзолашдан бош тортганди.

Мирзиёев имзолаган ҳужжатда Ялтанинг Россияга оид шаҳар сифати кўрсатилиши Ўзбекистоннинг Қрим масаласида позицияси ўзгарганини кўрсатадими? Бу борада расмий Тошкент ҳозирча бирор изоҳ бергани йўқ.

Ўзбекистон бош вазири тасдиқлаган ҳужжат юзасидан Украина Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳали изоҳ бергани йўқ.

Украина парламенти Қримнинг Россия томонидан вақтинча босиб олиниш тарихининг бошланиши 2014 йилнинг 20 феврали эканини эълон қилган. Украина президенти Петро Порошенко 2015 йил 7 октябрида бу борада тегишли қонунни имзолаган.

Қрим аннексиясидан сўнг Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий қилган. Россия яриморолни босиб олганини инкор қилади ва буни “тарихий адолатнинг тикланиши” ўлароқ баҳолайди.

XS
SM
MD
LG