Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:25

Дикторнинг ўлими ҳақида маълумот сиздирганлар текширилмоқда


Абдумўмин Ўтбосаров ўқиб эшиттирган президент табриги эфирга берилган пайтда у аллақачон вафот этган бўлган, демоқда манбалар.
Абдумўмин Ўтбосаров ўқиб эшиттирган президент табриги эфирга берилган пайтда у аллақачон вафот этган бўлган, демоқда манбалар.

Ўзбекистон халқ артисти, олий тоифали сухандон Абдумўмин Ўтбосаровнинг ўлимидан олдин МТРК раиси билан низолашгани ва у ўқиган президент табриги унинг вафотидан сўнг берилгани ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистон Давлат телевидениесида хизмат суриштируви бошланган.

Миллий телерадиокомпаниядаги Озодлик манбасига кўра¸ фақат тор доира билган бу маълумотларнинг ким томонидан Интернет нашрларига сиздирилгани текширилмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли диктор Абдумўмин Ўтбосаров 31 декабрь куни 56 ёшида вафот этган ва 1 январь куни тупроққа қўйилган эди.

Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги бир қанча Интернет нашрлари диктор Абдумўмин Ўтбосаров МТРК раиси дашномига чидай олмасдан инфаркт бўлгани ва Ўзбекистон телеканалларида президент табриги ўқилган пайтда сухандоннинг ўзи ўлик бўлгани ҳақидаги тафсилотни ëзган эди.

МТРКдаги Озодлик манбасининг айтишича¸ бу тафсилотнинг матбуотга сизишидан Ўзбекистон Давлат телевидениеси раҳбарияти ғазабга келган:

- Мажлис бўлди. Режим бўлими (Ички хавфсизликни таъминлаш бўлими) каттаси чиқиб, ТВ ичидаги маълумотларнинг ташқарига сизиш ҳолатини қаттиқ танқид қилди. Кейин барчага топшириқ берилди. Бу топшириққа кўра, ТВда ишлаëтган дикторлар ўзларига нисбатан раҳбарларнинг хушмуомала экани ҳақида керакли одамларга айтишлари лозим. Бундан ташқари диктор Абдумўмин Ўтбосаровнинг 31 декабрь эмас балки 1 январь куни оламдан ўтгани уқтирилди. Энг муҳими, Абдумўмин Ўтбосаровнинг ҳамкасблари унинг ўлими юзасидан миш-миш тарқатганларни кескин танқид қилишлари зарурлиги таъкидланди,- дейди Озодлик манбаси.

Унинг айтишича¸ Абдумўмин Ўтбосаровнинг МТРК раиси билан низосига бевосита гувоҳ бўлган котиба¸ ëрдамчи ва ҳамширалар билан алоҳида суҳбат қилинган.

- Марҳум Абдумўмин аканинг оламдан ўтгани тўғрисида ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилган Муслимбек Йўлдошев ҳам гап эшитди. Идора ичкарисидаги гапларни ижтимоий тармоққа тарқатиш корпоратив этикага зид ва айни пайтда давлат манфаатларига зарар келтирувчи экани у кишига режим раҳбари тарафидан яхшилаб тушутирилди¸- дейди манба.

Бу мажлисдан сўнг Абдумўмин Ўтбосаровнинг ҳамкасблари унинг ўлими тафсилоти бўйича миш-миш тарқатганларни Ўзбекистондаги ҳукуматга яқин сайтларда кескин танқид қилиб чиқишди.

Дикторнинг сирли ўлими ҳақидаги хабарни илк тарқатган ҳамкасби Муслимбек Йўлдошев kun.uz сайтида Абдумўмин Ўтбосаровнинг ўлими борасидаги гапларни инкор қилиб чиқди:

“Буларнинг барчаси миш-миш, сизга ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон телевидениеси сухандонларига, хусусан, мен ишлаган вақтимда сафдошларимга бирор лавозимли одам ҳеч қачон бақирмаган, дўқ қилмаган, бирор нарсага тазйиқ ўтказмаган. Аксинча, уларга алоҳида муносабатда бўлиб, меҳр билан гапиришар эди. Ўйламайманки, Абдумўминга ҳам кимдир нимадир қилгану, шунинг натижасида унинг юраги кўтара олмаган. Мумкин эмас. Туҳмат, қип-қизил бўҳтон”,- дея ëзди Муслимбек Йўлдошев.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмовнинг ëзишича¸ "сухандонлар гуруҳи телевидениеда шоҳлардек ҳаёт кечиришган”.

Интернетдаги eltuz.com нашрига кўра, ЎзТВ сухандонлари Муслимбек Йўлдошев ва Шуҳрат Қаюмовлар махсус топшириқ асосида бу гапларни ëзиб чиқишган.

“Бодомзор қабристонида 1 январь куни жасади тупроққа берилган дикторнинг жанозасида ортиқча гап сўз бўлмаслигини МХХ зобитлари махсус назорат қилган”, дея таъкидланади мақолада.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон давлат телеканаллари 31 декабрь куни ярим тунда президент Ислом Каримовнинг Абдумўмин Ўтбосаров ўқиган янги йил табригини эфирга берган пайтда Ўтбосаров ўлик бўлган.

Манбаларимизга кўра, президент табриги 30 декабрь куни ёзиб олинган.

31 декабрь куни эса табрикнинг ўзгартирилган вариантини ўқиш зарурати пайдо бўлган.

Шу куни Абдумўмин Ўтбосаров уйидан зудликда телевидениега чақиртирилган ва МТРК раиси тарафидан тергалган.

МТРК раиси билан бўлган низодан кейин ўзгартирилган матнни ёзиш жараёнида Абдумўмин Ўтбосаровнинг тоби қочган. Юрак хуружи ортидан таниқли сухандон шифохонага олиб кетилган.

Сўнг матнни Алишер Бадалов исмли бошқа бир дикторга ҳам ўқитиб кўришган. Лекин, телевидение раҳбарияти Ўтбосаров ўқиган табрикни эфирга беришга қарор қилган.

Ўзбекистон Давлат телевидениеси раҳбарияти бу хабарлар юзасидан изоҳ бермади.

Узоқ йиллар телевидениеда ишлаган Абдумўмин Ўтбосаров вафот этгани ҳақида давлат телевидениеси ва матбуотида хабар ҳам берилмади.

Ўзбекистон давлат телерадиокомпанияси учун бу сўнгги бир йил ичидаги иккинчи катта йўқотишдир.

2015 йилнинг 2 март куни яна бир машҳур сухандон Раҳматилла Мирзаев ўз уйи олдида ўлдириб кетилган эди.

XS
SM
MD
LG