Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:24

Қорасувлик аёл ўғли қийноққа солинганини даъво қилмоқда


Қирғизистонда қорасувлик 62 ёшли аёл 2008 йилда одам ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўғлини қийноқлар остида қилмаган ишини тан олдирилганини даъво қилмоқда. Унинг даъвосича, ўғлининг қамалишига маҳаллий милиция вакилларининг унга қастланиб қолиши сабаб бўлган. Бибижон опанинг Озодликка айтишича, 2012 йилда Ўш вилоят судининг ўғлига нисбатан қийноқ қўллаган милиция ходимларини топиш тўғрисидаги қарори бажарилмаган. Қарийб сўнгги 3 йил давомида суднинг бу қарори жиноий иш ҳужжатлари орасидан олиб қўйилгани сабабли ўғли қамоқда қолмоқда.

Бибижон опа Мамажоновага кўра, 2008 йил 26 сентябр куни ярим тунда уйига ўн беш нафар милиция ходими киради ва ўғлини ич кийимда олиб чиқиб кетади.

Эртаси куни Қорасув милициясида унга ўғли фақат гувоҳ сифатида олиб келингани, савол сўроқдан сўнг қўйиб юборилишини айтишади.

Бироқ 2008 йили суд жараёнида ўғли одам ўлдирганликда айбланади ва 25 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Бибижон опа ўғлининг қамалиши бу воқеадан бир ой аввал милиция билан бўлган можаро учун ўч олиш бўлганини айтади.

Мамажонова иддаосича, бир ой аввал Қорасув бозорида таксичилик қилиб юрган ўғли Бахтиёр Мамажонов ўша пайтда Қорасув милицияси тезкор гуруҳига янги ишга келган милиция ходими билан тортишиб қолади.

Милиция ходими ўғлининг қарийб 10 доллар пулини тортиб олади ва оғизда турмайдиган сўзлар билан уни хақорат қилади:

“Ўшанда ўғлим менга телефон қилиб, “Ая мени бир милиция ходими қийнаяпти, машина калитимни оламан деб ҳаракат қиляпти”, деди. Мен ўша пайтда Қорасув ҳокимиятида ишлар эдим. Келдим, ўша ерда ГАИ ҳодимлари ҳам турган экан улар мени танир эди.

Уларга шунақа ишлар бўпти десам, урушган болани овқатланиб ўтирган еридан топиб келишди. Унга ўғлимнинг айби борми десам “йўқ” деди. Кейин мен Қорасув мелицияси раҳбарига кириб “шундай нотўғри ишлар бўлаяпти, ҳодимларингни тўғри йўлга солсанглар бўлмайдими”, деганимга ўша милиция ходими менга ўчакишиб қолган эди, шекилли. Мендан ололмаган қасдини боламдан олди,- дейди Бибижон Мамажонова.

Унга кўра, ўлдирилган шахс ўғлининг машинаси каби қизил рангли Тико автомашинасида кетган экан.

Бироқ судда машина номерининг мос келмаслиги каби бир қатор далиллар, ўғлининг айбсизлиги тўғрисида келтирилган гувоҳликлар инобатга олинмаган. 2012 йили Мамажонов аризаси билан унинг иши вилоят судида кўриб чиқилади. Судда Бахтиёр Мамажонов уйидан олиб чиқиб кетилгач, бир ой Қорасув милициясида сақлангани ва қийноққа солингани, аввал берган кўрсатмаси қийноқ орқали олинганини айтган.

“Калтаклангани тиббий кўрикдан ўтказилсин деб сўралган. Бироқ кўрикдан ўтказилмаган. Шундан кейин вилоят суди ўғлимни подвалда урганларни аниқлаш ва уларга нисбатан чора кўриш тўғрисида Прокуратурага қарор топширган. Бироқ бу ҳужжат ҳам йўқ қилинган”, -дейди Бибижон опа.

Унга кўра, 2012 йили вилоят суди ўғлини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Қирғизистон Олий суди эса вилоят судининг қарорини ўз кучида қолдирган.

Сўнгги 3 йил мобайнида Бибижон Мамажонова ўғлини айбсиз эканини исботлаш, уни калтаклаган милиция ходимларини жазоланишига эришиш учун бир неча маротаба турли инстанцияларга мурожат қилади. Лекин бунинг самараси бўлмаяпти.

“Аризаларимиз пинг-понг бўлиб орадан 3 йил ўтди. Охири Қорасув туман суди биз бу ишни кўриб чиқдик деди. Қорасув туман прокуратураси қайта ариза ёзди. Иш Ўш шаҳар судига ўтказилди. Лекин шаҳар суди ҳам қийноқ қўллаганларга жиноий иш қўзғамаслик тўғрисидаги қарор нотўғрилиги тўғрисида биз ёзган аризани қаноатлантирмади. Биз вилоят судига ёздик, у ҳам қаноатлантирмади. Ҳозир Олий судга ариза ёзганмиз шуни кутяпмиз”, - дейди Бахтиёр Мамажонов адвокати Ҳусанбой Солиев.

Адвокатга кўра, агарда вилоят суди Бахтиёр Мамажоновга қийноқ қўллангани юзасидан жиноят иши очиш тўғрисида қарор чиқарса, янги пайдо бўлган ҳолатлар юзасидан унинг умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин бўлади.

XS
SM
MD
LG