Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:59

Обама: Украина ва Сурия Россия таъсиридан чиқмоқда


АҚШ президенти Барак Обаманинг Капитолияда қилган чиқиши, Вашингтон, 2016 йил 12 январи.
АҚШ президенти Барак Обаманинг Капитолияда қилган чиқиши, Вашингтон, 2016 йил 12 январи.

Сешанба оқшомида АҚШ президенти Барак Обама “Мамлакатдаги аҳвол тўғрисида”ги ҳисоботи билан чиқиш қилди. Еттинчи ва сўнгги бўлган бу ҳисоботда Обама Оқ уй раҳбари сифатида президентлигининг сўнгги йилида амалга оширмоқчи бўлган режалари ва Қўшма Штатларнинг яқин истиқболдаги келажаги хусусидаги мулоҳазаларини баён этди.

АҚШ президентининг, анъанага кўра, Капитолияда лиқ тўла бўлган зал қаршисида қилган чиқиши бутун мамлакат бўйлаб намойиш қилинди.

Барак Обама ўз чиқишида иқтисодиётдаги имкониятлар ва барқарорлик, технологияларни қўллаш ва иқлимни ўзгартириш, миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат, мамлакатда ички сиёсий жараённи яхшилаш каби тўрт асосий масалани белгилаб ўтди.

Президент Обама Оқ уйдаги раҳбарлигининг сўнгги йилида устивор бўлган ички сиёсий масалалар – иммиграция тизимини ислоҳ қилиш, болаларни қуролли зўравонликдан муҳофаза қилиш, тенг меҳнат учун тенг ҳақ, таътилга тўланадиган пул, энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш кабиларга тўхталди.

Обама: АҚШ дунёнинг энг қудратли давлати!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:15 0:00

Россия ҳақида

АҚШ президенти Барак Обама, Москванинг уринишларига қарамасдан, Украина ва Сурия Россия таъсир доирасидан чиқиб бораётганини билдирди.

АҚШ президенти фикрича, замонавий дунёда Америка учун асосий таҳдид “ёвузлик империялари” эмас, балки такомил топмаган мамлакатлардир.

Бунга мисол сифатида Обама Россиядан ташқари иқтисодий муаммолари бутун жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган Хитойни ҳамда минг йиллик зиддиятлар қайта кучайган Яқин Шарқдаги вазиятни келтирди.

АҚШ президентига кўра, гап аҳамиятли бўлган ҳар қандай халқаро масалада кетган пайтда бутун дунёдаги одамлар лидер топиш умидида Пекин ёки Москвага эмас, балки ҳамон Америкага юзланмоқда.

Фаровонликка элтувчи руҳ

Шу ўринда Оқ уй раҳбари АҚШнинг ўзига хос кучли жиҳатларини қайд этди.

“Оптимизм, касбий этика, руҳ-идрокнинг очиқлиги, турфалик ва қонун устиворлигига содиқлик – булар бутун бошли авлодларнинг гуллаб-яшнаши ва хавфсизликни таъминлади”, деди Барак Обама.

АҚШ президентига кўра, айнан шу руҳ сўнгги етти йил ичида иқтисодиётни соғломлаштириш, соғлиқни сақлаш тизими ва энергетика секторини ислоҳ қилиш, фахрийларга ғамхўрлик ва ҳамжинс никоҳлар эркинлиги мустаҳкамланишида олға силжишда ёрдам берган.

Ўз иқтисодий сиёсати танқидчиларига жавоб бераркан, Обама АҚШ иқтисодиёти ҳозирги пайтда дунёда энг кучли, энг барқарор иқтисодиёт эканини урғулаб, 14 миллион иш ўрни яратилгани, ишсизлик эса икки баробарга камайганини қайд этди. Шу билан бирга, Обама иқтисодиёт тамал ўзгаришларга учраётгани туфайли америкаликлар орасида бироз бехаловатлик кузатилаётганини эътироф этди.

Обама Америка сайёрадаги энг кучли мамлакат бўлгани ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолаётгани, сўнгги 7 йил ичида АҚШнинг дунёдаги мавқеи мустаҳкамланганини таъкидлади.

Террорга қарши кураш ҳақида

Обама террорчиликка қарши кураш муаммосига ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.

“Ал-Қоида ва эндиликда ИШИД ҳам халқимиз учун тўғридан-тўғри таҳдидни ифода этади, чунки замонамизда инсон ҳаётини, шу жумладан, ўз жонини қадрламаган ҳатто бир неча террорчи ҳам кўп зарар етказиши мумкин”, дея қайд этди Барак Обама.

Обамага кўра, ҳозирда Америка халқи олдида бир қатор кўламли вазифалар турибди, улар сирасига "Исломий давлат" экстремистик гуруҳи устидан ғалаба қозониш ҳам киради.

АҚШ президенти бу нутқини Намояндалар палатаси мажлислар залида Намояндалар палатаси, Сенат, Олий Суд, Вазирлар маҳкамаси, дипломатик корпус ва АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси аъзолари қаршисида ирод этди.

Аввалги йилларда бўлгани каби ҳисоботдан кейиноқ Барак Обама сафарга отланади. Бу ҳафта президентнинг Луизиана ва Небраска штатларида бўлиб,у ерларда ишсизликни камайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирмоқчи.

XS
SM
MD
LG