Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:45

Халқаро ташкилотлар Кремлни Қодиров “таҳдидларига” жавоб қайтаришга чақирди


Таниқли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россия президенти Владимир Путин ва унинг ҳукуматини Чеченистон раҳбари ҳамда унинг атрофидагилар журналист ва фаолларга қилган “таҳдид” ва “дўқ-пўписаларни” кўриб чиқишга чорламоқда. Amnesty International ҳамда маркази Нью-Йоркда бўлган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қодиров ва бошқа чечен расмийларининг етакчи журналист ва фаолларни ҳақорат қилувчи билдирувлари ва ижтимоий тармоқлардаги шарҳлари юзасидан хавотир билдирди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси директори Жоэль Симон Путинга юборган хатида: “Изланишларимиз ҳукумат танқидчиларига қарши таҳдидли реторика ортидан зўравонликлар содир этилганини, мухбирлар ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлганини кўрсатади”, деб ёзди. Симон хати қўмита вебсайтида 21 январь куни эълон қилинди.

Бундан бир кун аввал Amnesty International Россия расмийларини “Чеченистонинг сиёсий етакчилари”нинг “бир неча таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, матбуот ходими ҳамда сиёсий фаолга қилган очиқ таҳдидларига жавоб қайтаришга” чақирган эди.

“Бундай таҳдидларга жиддай ёндашиш керак”, дейилган эди ташкилот билдирувида.

Қодиров ва унинг атрофидаги сиёсатчилар кейинги ўн кун ичида либерал сиёсатчи, фаол ва журналистларга дўқ-пўписа қилиб келади. Ҳужумга учраганлар орасида мустақил фикрлайдиган “Эхо Москвы” радиосининг бош муҳаррири Алексей Венедиктов, тажрибали инсон ҳуқуқлари фаоли Лев Пономарёв ҳамда мухолифатчи фаол Илья Яшинлар бор.

Қодиров Путин 2007 йил уни Россиянинг нотинч Шимолий Кавказ ҳудудида жойлашган Чеченистон республикаси етакчиси этиб тайинлаганидан бери шу лавозимни бажариб келмоқда.

15 январь куни Қодиров Путинга қаршиларни “халқ душманлари” деб атаб, уларни жазолашга чақирди. Орадан бир неча кун ўтиб кўп тиражли “Известия” газетасида чоп этиглан мақоласида Қодиров Путин рақибларини “чиябўрилар” деб атади ва Россияни сақлаб қолиш учун уларни жазолаш кераклигини айтди.

Кейинги ўн кун ичида Қодировга яқин Чеченистон расмийлари ижтимоий тармоқларда турли видео ва суратлар билан бўлишди. Кремль танқидчилари буларни таҳдид ўлароқ қабул олди.

Бу видеолар орасида Россия парламентининг чеченистонлик аъзоси, Қодировнинг яқин дўсти Адам Делимханов юклаган видео эътиборни тортади. Бу видеода Делимханов ва бошқа бир неча кишининг ўтган йилнинг февраль ойида мухолифатчи Борис Немцов ўлдириб кетилган кўприк яқинидаги кўприкда “Қодиров – Россиянинг ишонган тоғи, Аллоҳу акбар!”, дея қичқираётгани акс этган.

Қодиров танқидчиларининг аксари Немцов қотиллигида унинг қўли бор, деб ҳисоблайди. Қодиров ўзи буни рад этади. Немцов оила аъзолари ва дўстларининг Қодировни сўроқ қилинишига эришишга қаратилган уринишлари зое кетди.

Amnesty International ҳам, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам 2006 йил Путинни танқид қилган журналист Анна Политковская, 2009 йил эса чеченистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемирова ўлдирилишидан аввал уларга таҳдид қилинганини кўрсатувчи ҳисоботлар борлигини айтди.

Симон Путинга юборган хатида “Биз сизни матбуотни қўрқитишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни қоралашга чақирамиз ва Россия конституцияси ҳимоячиси сифатида давлат расмийлари журналистларнинг ҳукуматни ҳамда давлат агентликларини танқид қилиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини ҳурмат қилишларига эътибор беришингизни сўраймиз”, деб ёзди.

Amnesty International эса Россия расмийларини “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятлари учун таҳдидларга, ҳужумларга ёки таҳқирлашларга учраган барча шахсларни тезкорлик билан ҳимоя қилишга” чақирди.

Путин ҳали Қодиров ва қодировчиларининг ғазабнок билдирувлари бўйича ҳеч нима дегани йўқ.

Аммо Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 20 январь куни Қодиров “Известия”да чоп этилган мақоласида “қонуний сиёсат майдонидан ташқаридаги” “носистематик” мухолифатчиларни назарда тутганини айтди.

Interfax агентлигига кўра, Песков “Айтилган гапларни босиқлик билан қабул қилиш керак”, деган.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG