Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:13

Каналга чўктирилган муаллима ва пластикка ўтказилган пенсия


Қашқадарë вилояти Қарши шаҳрида Ипотека банк биноси олдида одамлар пластик картадаги пулни нақдга айлантириш учун навбат кутмоқда.
Қашқадарë вилояти Қарши шаҳрида Ипотека банк биноси олдида одамлар пластик картадаги пулни нақдга айлантириш учун навбат кутмоқда.

Мутахассис Ўзбекистонда тез-тез зилзила содир бўлаётганини... ижобий баҳолади. Сирдарёда пулдор аёл ёлғиз қарияни ўлдириб, каналга чўктирди. Пенсияни пластикка ўтказган мансабдорга иш қўзғатилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқелар ҳақида ёзди.

“Тошкентнинг Нукус кўчасидаги айрим бинолар бузилади”

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов Яккасарой тумани Нукус кўчасидаги бир қатор турар ва нотурар биноларни бузиш ва у ерда ободонлаштириш ишларини олиб боришга буйруқ берди. Бу ҳақда 28 январь куни шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов матбуот нашрлари орқали маълум қилди.

Бузиладиган бинолар Ягона буюртмачи хизмати инжиринг компания томонидан баҳоланади. Тегишли комиссия эса бузиладиган бино эгаларига ажратиладиган компенсация миқдори ҳақида хулоса беради.

Яккасарой туман ҳокимиятига эса бузиш ишларини ташкиллаштириш ва ҳудудни бузиш натижасида ҳосил бўлган чиқиндилардан тозалаш вазифаси юкланган.

“Сирдарёда пулдор аёл ёлғиз қарияни ўлдириб, каналга чўктирди”

Сирдарё вилояти Ховос шаҳарчасида яшаб келган 72 ёшли кекса муаллима Валентина Косицинанинг жасади Жанубий Мирзачўл каналидан топилди (“Даракчи”, 28 январь).

Тергов жараёнида қотиллик шу туманда яшовчи пулдор тадбиркор Гулнора Давлетова ҳамда унинг ўғли ва қариндоши томонидан содир этилгани аниқланган. Ўзига тўқ Давлетова ёлғиз яшовчи кекса В.Косицинанинг уйи ҳамда банкда жамғариб келаётган пенсия пулларини ўзлаштириш мақсадида уни ўлдирган. Қайд этилишича, жиноятчилар кекса муаллимани дастлаб калтаклаб қамаб қўйишган. Сўнг бўғиб ўлдириб, каналга чўктиришган.

“Қўлини қонга ботирган, фарзандини эса жиноятга бошлаган ховослик Гулнора Давлетовага бир муштипар аёлнинг уй-жойи, мисқоллаб йиққан нафақа пули керакмиди? Унинг Ховос шаҳарчасида данғиллама уйи, савдо дўкони, яна қанчадан-қанча тадбиркорлик йўли билан келадиган даромадлари бор эди”, деб ёзади газета.

Мутахассис: “Ўзбекистонда зилзила тез-тез содир бўлаётгани яхши”

Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматов мамлакатда кейинги пайтларда бот-бот зилзила содир бўлаётганини ижобий ҳодиса дея баҳолади (“Ҳуррият”, 27 январь).

“Силкинишларни тез-тез содир бўлгани бир жиҳатдан яхши, чунки бунда ер остида қувват, энергия йиғилишига имкон бўлмайди. Бу энергия йиллар мобайнида йиғилиб қолса, кучли силкинишга олиб келиши мумкин”, деган физика-математика фанлари номзоди У.Нурматов.

Мутахассис бундан қўрқув ва ваҳимага тушмасликни уқтирган. Қайд этилишича, Ўзбекистонда XIX аср охири ва XX аср бошларида зилзилалар кўп кузатилаган, XXI асрда бу яна такрорланмоқда. Мутахассис бу ҳолатни “даврнинг қайталаниши” деб атаган.

“Пенсионерларнинг розилигисиз пенсия пулини пластикка ўтказган мансабдорга иш қўзғатилди”

Сирдарё вилояти Ховос тумани бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Х.Бойсариевга нисбатан иш қўзғатилди (“Адолат кўзгуси”, 28 январь).

Пенсия жамғармаси бўлими шу ҳудудда яшовчи фуқаро М.Отабекованинг уч ойлик – жами 2,1 миллион сўм пенсиясини унинг розилигисиз пластик карточкага ўтказиб юборган. Оқибатда ёлғиз яшовчи пенсионер коммунал тўловларни ўз вақтида тўлай олмаган, дори-дармон ололмаган.

Пенсионер арз қилгач, туман прокуратураси пенсия жамғармаси бўлими бошлиғига иш қўзғаб, нафақа пулини нақд пулда тўлаб беришни таъминлаган.

“Сайтинг қўябер, сайёд...”

Қашқадарё вилоятининг айрим давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг веб-сайтлари ишини изчил юритиш ва янгилашда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Бу ҳақда вилоятнинг “Қашқадарё” газетаси хабар беради.

Аксар сайтларга кирган фойдаланувчи “Not found” кўринишидаги ёзувга дуч келади. Маълум бўлишича, вилоятдаги кўплаб сайтларнинг маъно-мазмуни, шакл ва дизайни талабга жавоб бермайди. Қолаверса, имловий ва услубий хатолар кўп.

“Айрим туман ҳокимликлари сайтларида “Ҳозирги кунда сайтимизда маълумотлар жамланмоқда. Ноқулайлик учун узр сўраймиз” каби жумлаларнигина ўқиш мумкин”, дейилади мақолада.

Газета танқидий мақолани киноя тарзида “Сайтинг қўябер, сайёд” деб номлаган.

“Чирчиқ дарёси ва каналларда ўтказилган рейдларда 60 га яқин қонунбузарлик аниқланди”

Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Чирчиқ дарёси, Шокир ариқ, Бўзсув, Бўрижар, Қорасув, Салар ва Анҳор каналларида ўтказган рейдларда 60 га яқин қонунбузарлик ҳолатини аниқлади ҳамда айбдорларни жаримага тортди (“Тошкент оқшоми”, 27 январь).

Масалан, Тошкент труба заводи қўшма корхонаси яқинида – Чирчиқ дарёсининг ўнг қирғоғи чиқиндихонага айлангани аниқланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги қарорига кўра, Чирчиқ дарёсида сувни муҳофаза қилиш зонаси ва қирғоқбўйи полосаси белгиланган ва уларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилган.

“Ўзбекистонлик бир неча футболчи Малайзия чемпионатида ўйнайди”

Ўзбекистонлик бир неча футболчи янги мавсумни Малайзия чемпионатида давом эттиради.

“Даракчи” нашри хабарига кўра, “Пахтакор”даги ўйинлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлган Ойбек Қиличев Малайзиянинг “Перак” клуби билан шартнома имзолади. Шунингдек, ҳужумчи Камолиддин Мирзоев ҳам янги мавсумни ушбу мамлакатда ўтказади.

Бунгача ўзбекистонлик Воҳид Шодиев, Лутфулла Тўраев каби футболчилар ҳам Малайзия чемпионати иштирокчилари сафини тўлдирган.

XS
SM
MD
LG