Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:37

Қирғизистонда туғилганлик тўғрисидаги 40 минг гувоҳнома қалбаки бўлиб чиқди


Туғилганлик тўғрисидаги яроқсиз гувоҳнома
Туғилганлик тўғрисидаги яроқсиз гувоҳнома

Қирғизистонда 2012-13 йилда 40 мингта туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берилган.

Орадан қарийб икки йил ўтгач, мазкур гувоҳномалар сохталиги аниқланган.

Бунга ҳужжат бош қисмидаги “Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома” деб кўрсатилган ерга майда шрифт билан қирғиз ва рус тилларида “Никоҳ гувоҳномаси”, деб ёзилгани сабаб бўлган.

Ҳужжатдаги ҳато майда ҳарфлар билан ёзилгани учун уни бир кўз билан фарқлаб бўлмайди.

У фақат ультрабинафша нурларда кўринади.

Бунинг ортидан ўша йилларда фарзанд кўриб, гувоҳнома олган ва ҳозирда муҳожирликда юрган қирғизистонликлар ўз фарзандларини хорижга олиб чиқишида муаммолар пайдо бўлмоқда.

Ҳозирда бундай муаммолар асосан мамлакат жанубидаги Жалолобод вилояти яшовчиларида кузатилаётгани хабар қилинади.

Жалолободлик Мурод Боев икки набирасини ҳозирда Россияда ишлаётган ота-онаси ёнига олиб бормоқчи бўлиб йўлга чиққанида Ўш аэропортидан ортга қайтарилган.

У ҳужжатни тарқатган масъулларни жавобгарликка тортиш зарурлигини айтади.

"Агарда бу ҳато ультрафиолетовый нурда кўринмаганида одамлар ҳужжатдаги ҳатони билмай юраверарди. Ҳужжатни тайёрлаган ташкилот фойдада қолаверарди.Мен ҳужжатида ҳато топилган ягона одам эмасман, серийний, 40 мингга яқин одам алмаштириши керак. бунга қанча пул сарфланган, шуларнинг барчасини ҳисоблаб чиқиб, жавобгарларни судга бериш керак. Улар қилган ишига яраша жазолансин", дейди Мурод Боев.

Ҳозирда ҳужжатдаги камчилик фақат бошқа давлатларга болаларини бирга олиб кетмоқчи бўлган ота-оналарда, улар аэропортдан текширувдан ўтаётганида маълум бўлмоқда.

Бироқ, гувоҳноманинг яроқсизлиги Қирғизистондан ташқарига чиқмаганларни ҳам ташвишга сола бошлаган.

"2013-йилда берилган метркалар қалбаки экан, таможнийда текширганда билинипти, деб эшитдик. Мени болам ҳам 2013 йилда туғилган, шу йили метрка олганмиз. Биз ҳозирча четга чиқмадик, лекин эртага паспорт олиш бор, балки четга чиқармиз. Ўша пайтга келиб, у қалбаки бўлиб чиқса, нима қиламиз?" дейди ўшлик Даврон.

Биргина Жалолобод вилоятида 2012-2013 йиллар оралиғида 8200 метрка берилган ва ҳозирда вилоятда ҳужжатларни оммавий тарзда алмаштириш ишлари олиб борилаяпти.

"Ҳужжатни ўқиганда билинмайди. Ультрабинафша нурда у “никоҳ гувоҳномаси” экани кўринаяпти. Ҳозирда Бош прокуратура ва маҳаллий прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатилди. Шунинг учун биз одамларга бу ЗАГСнинг айби эмаслиги, “Учқун” акционерлик жамиятини ҳатоси эканини тушунтиряпмиз. Биз одамларга метркани алмаштириш кераклигини айтиб ўтамиз", дейди Жалолобод шаҳар фуқаровий актларни рўйхатга олиш бўлими расмийси Нурия Азимбаева.

Жалолободда январь ойидан бошлаб яроқсиз ҳужжатни алмаштириш кераклиги тўғрисидаги маълумотларни аҳолига етказиш учун барча ҳаракатлар кўрилаётгани ҳам айтилади.

"2011 йилнинг май ойидан бошлаб 2012-13 йили туғилган болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси брак, ўшани алмаштиришни ҳар бир ота-онага ўқувчинглар орқали етказиб қўйинглар", деган мазмунда ҳокимиятнинг ижтимоий бўлими вакиллари томонидан хат келди. Мактуб асосида биз ҳар бир синф раҳбари орқали ота-оналарга буни етказдик. Ҳужжати браклар орасида ўзимнинг қизим ҳам бор. Унинг гувоҳномасига қарасам, ростанам яроқсиз экан. Мен ҳозирча алмаштирмадим. Негаки, 40 минг ҳужжат яроқсиз бўлганидан кейин бунга кимдир биров жавоб бериши керак-да", дейди Сузоқ туманидаги мактаб директори Сирожиддин Исмоилов.

Яроқсиз деб топилган гувоҳномаларни тайёрлаган Бишкекдаги “Учқун” акционерлик жамияти ҳозирча юзага келган ҳолат бўйича бирон изоҳ бергани йўқ.

Бироқ, маълум бўлишича, мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Бош прокуротураси жиноий иш қўзғаб, тергов олиб бормоқда.

Яроқсиз ҳужжатларни тайёрлаш билан давлатга 600 минг қирғиз сўмидан кўпроқ, яъни тақрибан саккиз минг АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани айтилади.

XS
SM
MD
LG