Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Бухорода сотиб юборилган болалар майдончаси можаро бўлмоқда


Бухородан йўлланган шикоятга илова қилинган сурат
Бухородан йўлланган шикоятга илова қилинган сурат

Бухоронинг 5-микрорайонида 30 йилдан буён 90 дан ортиқ хонадоннинг болалари учун ўйин майдончаси сифатида хизмат қилган ҳудуд сотиб юборилгани ҳақида Озодликка шикоят келди. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи Зариф Бобоев муаммо юзасидан шаҳар ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилгани, аммо натижасиз қолаётганидан арз қилди. Шаҳар ҳокими муовини эса болалар майдончаси борлигию, унинг сотилганига оид шикоятларни тўлиқ инкор қилди.

OzodMikrofonга боғланган бухоролик тингловчи Зариф Бобоев 30 йилдан буён 96та хўжалик болалари учун ўйингоҳ бўлиб турган майдонча ноқонуний равишда сотиб юборилди, деб иддао қилди.

Бухоро шаҳри, 5-микрорайон, А.Жомий кўчаси 12 ва 12/1-уйда истиқомат қилувчи 96та оила номидан мурожаат қилганини айтган пенсионер Зариф Бобоев 1987-йилда фойдаланишга топширилган иккита кўпқаватли уй олдида жойлашган кичиккина майдонча болаларга ўйингоҳ вазифасини ўтаб келаётган эди, дейди:

- 1987 йилда кооперативний уйлар қурилган эди. Ўшанда шу иккита дом қурилган ва биз ҳам 32-хонадонни сотиб олганмиз. Олдида шу кичик майдончада бир-иккита качелялари бор эди. Йиллар давомида буларам эскириб, ярми йўқолиб ҳам кетди. Лекин, шу иккита домнинг боласи шу ерда ўйнарди. Шуни яқинда ҳокимият тендерга қўйиб сотиб юборди. Шу домда турадиган қўшнимиз олиб, пастини магазин, тепасини хонадон қилиб, 4 қаватли катта қурилиш қиляпти. Шикоят қилиб бормаган жойим қолмади. Қўшниларимнинг ҳаммаси норози, лекин гапиришга қўрқади ҳаммаси,- деб даъво қилди Зариф Бобоев.

Шикоятчи шаҳар Архитектура бошқармаси вакиллари воқеа жойига келгани ва бир неча бор кўздан кечириб, аниқ гап айтмай кетганини иддао қилмоқда.

- Шаҳар архитектурасидан 3 марта келишди, аниқ гап йўқ. Прокуратура эса бу жойнинг шаҳар ҳокимияти қарори билан сотилиши қонуний, деган жавобни бераяпти. Ҳокимиятда бу жойни расман болалар майдончаси, деган ҳужжат борми-йўқми, билмайман мен. Лекин, бу жойда бизнинг болалар ўйнарди. Ҳозир ёнимизда болалар ўйнайдиган жойнинг ўзи қолмади. Ҳамма томони уй, томорқа бўлиб кетган, - деб даъво қилди шикоятчи.

Озодлик мухбири бу шикоят ортидан Бухоро шаҳар Архтектура бошқармаси билан боғланди. Телефон гўшагини кўтарган ходим шикоят мазмунини тушуниши билан бошлиғимиз, дея Тошпўлат Бозоров исмли шахснинг телефонини берди. Аммо, бу мулозим билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Озодлик Бухоро шаҳар ва вилоят ҳокимлиги билан ҳам боғланди. Вилоят ҳокимлиги ишни шаҳар ҳокимлигига оширди, шаҳар ҳокимининг эса шу кунларда Тошкентга Давлат ва Жамият қурилиши академиясига ўқишга кетгани ҳақида жавоб олдик.

Охир-оқибат, Озодлик саволларига Бухоро шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Илёс Зокиров, деб тақдим қилинган шахс жавоб берди.

Микрофонсиз суҳбатда мулозим ҳокимлик ихтиёрида бу ҳудудда болалар майдончаси бор, деган маълумотнинг йўқлиги ва ҳатто, бу ерда ер майдони тендерда сотилиб, унда қурилиш бўлаётгани ҳақидаги шикоятни тўлиқ инкор қилди.

Расмийларнинг инкорию, сукутидан сўнг боғланган Озодлик мухбирига жавобан Зариф Бобоев қурилиш бўлаётган майдондан 3 дона сурат йўллади.

Суратларда бир-бирига перпендикуляр жойлашган иккита кўп қаватли уйнинг кечишган нуқтасида қурилаётган кўп қаватли уй акс этган.

Зариф Бобоев мана шу уйнинг ўрни собиқ совет замонида болалар майдончаси сифатида тақдим қилинганини яна иддао қилди.

- Ким келса-келсин, ҳаммасига жавоб бераман. Мен фақат Худодан қўрқаман. Бу болаларнинг ҳаққига хиёнат эмасми? Ҳукуматимиз "Она ва бола" йили дейди, "Соғлом авлод йили" дейди. А булар тайёр майдончани сотиб, магазин қиляпти. Илтимос, шикоятимизни юқоридагиларга етказинглар! - деб арз қилди Зариф Бобоев.

Озодлик бу иддаоли шикоят ортидан суриштирувини давом эттирмоқда.

Аммо, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида собиқ совет замонларида болалар учун ўйин майдончаси ёки аҳоли учун кўнгилочар боғ вазифасини ўтаган ҳудудлар ташландиқ аҳволга тушиб қолгани, сотиб юборилаётгани, уларда ноқонуний равишда қурилиш бўлаётгани ҳақидаги шикоятлар талайгина.

Қуйида Озодлик мухбирининг Тошкент шаҳридан йиғилган шикоятлар асосида ҳозирлаган фоторепортажи билан танишишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG