Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

Тожикистонда арабча ва туркча жой номлари ўзгартирилди


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бир қанча туман, шаҳар ва бошқа географик объектларнинг тарихий номларини ўзгартириш ҳақидаги қарорга имзо чекди. Ҳукумат қарорига кўра, келиб чиқиши арабча ва туркча бўлган жой номлари форсча номларга ўзгартирилади.

Эмомали Раҳмон имзо чеккан ҳукумат қарорига кўра, Тавилдара тумани Сангворга, Жирғатол Лахшга, Жалолиддин Румий тумани Жалолиддин Балхийга, Жиликўл Дўстига, Қумсангир Жайҳунга, Қайроққум Гулистонга, Чкалов Бўстонга, Ғончи тумани Деваштичга, Қайроққум сув омбори эса Тожик денгизига ўзгартирилади.

Тожикистон ҳукумати географик жойлар номларини ўзгартиришга бундан ўн беш йил аввал киришган эди. Аввалига собиқ иттифоқдан мерос қолган жой номлари ўзгартирилди. Масалан Ленинобод вилоятига Сўғд вилояти номи берилди,Пролетар тумани Жаббор Расуловга, Куйбишев тумани Абдураҳмон Жомий номига ўзгартирилди.

Аммо шу билан бирга асли келиб чиқиши туркий бўлган қишлоқлар, туманларнинг тарихий номлари ҳам ўзгартирила бошланди. Жумладан Нов туманига Спитамен, Табошар шаҳрига Истиқлол номи берилди.

Энди эса минг йиллик тарихий номга эга бўлган географик жойлар номи ҳам ўзгартириляпти.

Масалан, ўлкашунослар Жиликўл, Ғончи, Қумсангир каби жойлар номлари бир неча юз йилликларга бориб тақалишини айтадилар.

Душанбе шаҳри яқинидаги Янгибозор туманига собиқ иттифоқ пайтида Оржоникидзеобод, мустақиллик йилларида эса Кофарниҳон, ундан кейин Ваҳдат номлари берилган. Шунингдек, пойтахтга яқин барча туркий номдаги Кўктош, Оқжар, Болдирғон, Итоқ, Гулмозор, Жарбоши, Бешкапа, Султонобод қишлоқлари ҳам Гулистон, Бўстон сингари номларга ўзгартирилган.

Гарчи бу қишлоқлар номлари ўзгартирилган бўлсада, лекин маҳаллий аҳоли ҳануз бу жойларни эски номлари билан аташлари айтилади.

Туркий ўзакли жой номларини ўзгартиришни истаганлар кўп бўлсада, ҳукуматнинг бу сиёсатига қаршилар ҳам оз эмас.

Номлар ўзгартирилишига мухолиф бўлган одамлар фикрича, тарихий номларни тарихнинг ўзи шакллантирган ва бу номлар ўзгартирилмасдан қолиши керак.

Кузатувчилар фикрича, арабча, туркча ўзакли жой номларининг ўзгартирилиши, икки қўшни давлат билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг ёмонлиги натижасидир.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишларича, Ўзбекистон ҳукумати ҳали бундай ғайримаданий тадбирга қўл ургани йўқ. Бўлмаса, Ўзбекистондаги тарихий Ҳазорасп, Шаҳрисабз ва Денов каби форсча жой номларини ўзбекчалаштирган бўларди.

XS
SM
MD
LG