Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:30

АҚШда илк бор масжидга борган Обама мусулмонларга тоқатсизликни қоралади


АҚШ президенти сифатида илк бор Америкадаги масжидлардан бирига борган Барак Обама мамлакатда мусулмонларга нисбатан кучайиб бораётган тоқатсизликни қоралади. Шунингдек, мусулмон жамоаларини Ислом динини экстремистик дин, дея қораловчиларга қарши туришга чақирди. 3 февраль куни Балтимордаги мусулмон жамоаси билан учрашган АҚШ президенти шу кунларда айрим сиёсатчиларнинг аксил-мусулмон кайфиятидан сиёсий мақсадларда фойдаланишини танқид қилди.

Мэриленд штатидаги энг йирик шаҳар - Балтимордаги Исломий жамияти масжидига ташриф буюрган АҚШ президенти ўз нутқида, умумиятла, Америкада кучайиб бораётган аксил-мусулмон кайфиятни танқид қилди.

Ҳозир мамлакатимиздаги мусулмон жамоалари жиддий хавотир ва айни пайтда қўрқув ичида қолган палладир. Барча америкаликлар каби сизлар ҳам террор таҳдидидан қўраяпсиз. Бироқ бунинг устига америкалик мусулмон сифатида сиз яна бир нарсадан хавотирдасиз - жамоатингиз озчилик кишиларнинг зўравон ҳаракатлари учун тез-тез қораланмоқда, ажратиб қўйилмоқда. Менга баъзилар ўзини иккинчи даражали фуқаро сифатида ҳис қилаётгани ҳақида айтмоқда. Оналар хат ёзишди ва “Қизим мактабда ҳужумга учраши мумкинлигини ўйлаб, кечалари йиғлаб чиқаяпман”, деди. Биз америкаликлар - бир оиламиз. Бу оиланинг бирор аъзоси ўзини ажратилган, иккинчи даражали ёки яккаланган каби ҳис қилишни бошласа, бу - миллатимизнинг чок-чокидан сўкилишига олиб келадиган ҳолдир”, деди президент Обама.

АҚШда илк бор масжидга борган Обама мусулмонларга тоқатсизликни қоралади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:01 0:00

У, жумладан, Қуръон таълимоти ва АҚШ тарихидан чиқарилган сабоқ - турли миллат, дин, ирқ вакилларига нисбатан тоқатлилик ғояси бир-бирини тўлдиришини таъкидлади:

"Биз одамларнинг нотўғри тушунчалари ва тарафкашликларидан фойдаланган сиёсатчиларнинг кишиларни динига кўра ажратишига қарши туришимиз лозим", деди, жумладан, Барак Обама.

Бу етти йилдан буён АҚШ президентлигида қолаётган Обаманинг ўз мамлакатидаги масжидга қилган илк ташрифидир. Бу ташрифдан асосий мақсад мамлакатда давом этаётган президентликка номзодлар сайлов олди кампанияси давомида кучайиб бораётган Ислом ва қочқинларга қарши кайфиятга муносиб жавоб бериш бўлди.

Балтимордагги нутқи олдидан Обама мусулмон жамоаларининг етакчилари ва мамлакатнинг турли бурчидан борган фаоллар билан учрашди.

Аммо, уни Балтирморда норозилар гуруҳи ҳам Ислом ва мусулмонларга қарши кайфиятдаги плакатлар билан қарши олди.

Бу ташриф арафасида АҚШ мусулмонлари ва масжидларга диний нафрат асосида қатор ҳужумлар содир этилгани кузатилди. Айниқса, Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳридаги ҳужумлар, ўтган йили декабрь ойида Парижда экстремист мусулмонлар томонидан содир этилган қатор террор ҳужумларидан сўнг Америкада ҳам мусулмонларга қарши кайфиятдагилар сони ортгани кузатилди.

Барак Обама балтиморлик мусулмонлар билан давра суҳбатида
Барак Обама балтиморлик мусулмонлар билан давра суҳбатида

​Хусусан, Сан-Бернардинодаги ҳужумдан сўнг Филаделфиядаги масжидлардан бирига чўчқанинг калласи йўлланди, Калифорниядаги масжидлардан бири эса ёнғин содир бўлди ва полиция буни қасддан содир этилган ҳаракат сифатида тергов бошлади.

АҚШ президентлиги учун давом этаётган сайловолди кампаниясида номзод Дональд Трампнинг мусулмонларга қарши ошкора чиқишлари мусулмонлар ва айни пайтда ҳам демократ, ҳам республикачиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Аввалига Трамп АҚШдаги мусулмонларнинг алоҳида маълумотлар базасини тузиш ва уларни назоратга олишга чақирди. Кейин эса хориждан бораётган мусулмонлар, хусусан, қочқинларнинг мамлакатга киришини тақиқлашга чақирди.

Президент Обама Дональд Трамп номини тилга олмади, аммо бундай чиқишларни қаттиқ қоралади.

"Биз нафратга асосланган бу каби риторикага қатъий қарши туришимиз лозим. Бирортамиз бунга қарши сукут сақламаслигимиз лозим. Бундай тоқатсизликка бефарқ бўлишимиз мумкин эмас", деди Обама.

Президент Обама масжидга, одатдагидек, пойабзалсиз кирди
Президент Обама масжидга, одатдагидек, пойабзалсиз кирди

​Айни пайтда, айрим фуқароларда АҚШдаги радикаллашган экстремист мусулмонлар томонидан Калифорниядаги каби отишмалар яна содир этилиши мумкин, деган хавотирларни ҳам президент эътибордан соқит қилмади.

Шунингдек, президент Обама АҚШ "Исломий давлат" экстремистик гуруҳига қарши курашда ҳам собит туришини таъкидлади.

"Уларга легитимлик беришга мутлақо қаршиман, биз уларни легимтим бир гуруҳ сифатида асло тан олмаслигимиз лозим. Чунки, улар аслида Исломни ҳимоя қилаётгани йўқ, улар мусулмонларни ҳимоя қилаётгани йўқ. Улар ўлдираётган одамларнинг кўпчилиги бегуноҳ мусулмонлар, аёллар ва болалардир", деди Обама.

Учрашувлар давомида АҚШ президенти мусулмон жамоалари етакчиларини ҳам экстремист гуруҳларга қарши курашда фаол бўлишга чорлади:

"Бу ердаги яна бир ҳақиқат шуки, ҳозир кишиларнинг қалби ва онги учун кураш бормоқда, бу кураш айнан ҳозир давом этмоқда. Шундай бир пайтда Ислом динига эътиқод қилар экан, мусулмонлар ҳурфикр жамиятнинг бир қисми бўла олиши, илф-фанда етакчи бўлиши ва демократияга ишониши мумкинлигини намойиш қилиши мумкин бўлган энг тўғри қатлам айнан Америка мусулмонларидир", деб урғулади АҚШ президенти Барак Обама.

XS
SM
MD
LG