Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:36

Кўзбўямачи мансабдор, иссиқ-совуқчи фолбин ва Райҳон концертига сохта чипталар


Ўзбекистонда жин чиқарадиган дуохонлар кўпаймоқда. Мамлакат бўйича 20 га яқин туман ҳокими жавобгарликка тортилди. Эрига қарши киллер ёллаган аёл 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Тошкентда кадастр ҳужжатларини интернет орқали расмийлаштириш хизмати жорий қилинди. Райҳон концертига чипталар сохталаштирилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ерни вақтида шудгорламаган 20 га яқин туман ҳокими жавобгарликка тортилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси қатор туманларда ер майдони вақтида шудгорланмаганини аниқлади (“Ҳуқуқ”, 4 февраль). Мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги оқибатида Навоий вилоятида – 172, Сирдарёда – 24, Фарғонада – 13, Наманганда – 8, Тошкентда – 7, Андижонда – 5 ва Қорақалпоғистонда 7,9 гектар ер майдони вақтида шудгорланмаган. Шу боис Сардоба, Боёвут, Бўка, Қуйичирчиқ, Бекобод, Термиз, Денов, Сариосиё, Олтинсой, Шўрчи, Шеробод, Узун, Жарқўрғон, Музработ, Ғузор, Қизириқ ва Қамаши тумани ҳокимлари маъмурий жавобгарликка тортилди. Мансабдорларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашмагани туфайли 2383 гектар майдон сифатсиз шудгорланган. Бундан ташқари, кўзбўямачиликка йўл қўйилган – 14 минг 528 гектар шудгорланмаган майдонлар ҳисоботда “шудгорланди” деб кўрсатилган.

Ўзбекистон аэропортларида жорий йил апрелдан қизил ва яшил йўлак тизими яратилади

Ўзбекистон аэропортларида жорий йил 21 апрелдан қизил ва яшил йўлак тизими амалга киритилади (“Куч – адолатда”, 2016 йил 4-сон). Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси ўринбосари Акмал Раҳмонов маълум қилади. Амалдаги тартибга мувофиқ, божхона чегарасини кесиб ўтаётган барча шахслар ёзма равишда декларация расмийлаштириши лозим. Янги таҳрирдаги Божхона кодексига кўра эса, агар жисмоний шахс ўзи билан тақиқланган, тегишли рухсатномалар асосида олиб ўтиладиган ёки назорат қилиниши лозим бўлган товарлар олиб ўтаётган бўлмаса, оғзаки декларация усулидан фойдаланиши мумкин. Яъни у божхоначини оғзаки огоҳлантирган ҳолда яшил йўлакдан ўтаверади. Махсус белгиланган, ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган юкка эга шахслар эса қизил йўлак орқали юради. Эслатиб ўтамиз, Янги таҳрирдаги Божхона кодекси жорий йил 20 январь куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланди ва 21 апрелдан кучга киради.

Ўзбекистонда жин чиқарадиган дуохонлар кўпаймоқда

Ўзбекистонда иссиқ-cовуқ қилувчи фолбин ва жин чиқарадиган дуохонлар кўпайиб, бу ҳатто касбга айланиб бормоқда (“Ҳуррият”, 3 февраль). Уларнинг ҳузурига асосан иродаси суст, маънавият саёз хотин-қизлар қатнамоқда. “Ўзига ёқа бўлолмаган бошқага енг бўлармиди?! Уларнинг ҳаётини ўргансангиз, ё фарзанди, ё бирор яқини албатта бемор бўлиб чиқади. Бундай “касб” эгалари эса қайнона билан келин, эр билан хотин, овсинлар, туғишганлар, қишлоқдошлар ўртасига низо солишдан бошқага ярамайди. Болаларнинг етим бўлишига, оналарнинг аччиқ кўзёшларига сабабчи бўлсалар-да, томошабин бўлиб тураверишади”, деб ёзади газета.

Райҳон концертига чипталар сохталаштирилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг жорий йил 23-27 февраль кунлари Тошкентда ўтадиган концерти чипталари сохталаштирилди (“Даракчи”, 4 февраль). Концерт ташкилотчилари мухлисларни қалбаки чипталардан огоҳлантирган. “Истиқлол” санъат саройида уюштириладиган концерт чипталари 20 минг сўмдан 180 минг сўмгача белгиланган. Аввалроқ хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг концертида ҳам чипталарни сохталаштириш ҳолати кузатилган.

Эрига қарши киллер ёллаган аёл 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди эрини ўлдириш учун қотил ёллаган фуқаро Сарвиноз Ортиқовани 8 йилга озодликдан маҳрум этди. Тошкент шаҳар прокуратураси вакили Ҳаётбек Анортоевнинг “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилишича, С.Ортиқова 21 йил бир ёстиққа бош қўйган, 4 фарзандининг отаси бўлган эри Ботир Ортиқовни ўлдириши эвазига фуқаро Усмон Тошевга 15 минг доллар бермоқчи бўлган. Иштирокчилардан бири ҳуқуқ идорасига қотиллик рўй бермасидан аввал хабар бергач, жиноятнинг олди олинган. Қайд этилишича, С.Ортиқова эрини ўлдиртириб, унинг барча мол-мулкига эга чиқишни кўзлаган.

Тошкентда ҳайвонот боғида янги жониворлар келтирилди

Тошкент ҳайвонот боғига янги жониворлар – қулонлар, Пржевальский отлари, Бухоро тоғ қўйлари ва жайронлар олиб келинди (“Оила даврасида”, 4 февраль). Қайд этилишича, бу ҳайвонлар Ўзбекистоннинг ёввойи табиатида яшаган, уларнинг сони камайиб бормоқда, ҳатто қирилиб кетиш хавфи бор.

Тошкентда кадастр ҳужжатларини интернет орқали расмийлаштириш хизмати жорий қилинди

Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри идораси аризаларни он-лайн қабул қилиш тизимини жорий этди (“Тошкент оқшоми”, 3 февраль). Жисмоний ва юридик шахслар кадастр ҳужжатларни расмийлаштириш учун odnookno.uz сайти орқали ариза топшириши мумкин. Қайд этилишича, онлайн ариза ижросини унинг махсус рақами ёрдамида кузатиб бориш имкони мавжуд. Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар my.gov.uz сайти орқали Ергеодезкадастр давлат қўмитасига ариза бериши мумкин.

XS
SM
MD
LG