Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:58

Андижонликлар 17 яшар боланинг уриб ўлдирилганига қарши норозилик намойиши ўтказди


Андижон вилояти Улуғнор туманининг Учкўприк қишлоғида истиқомат қилган 17 яшар Тоҳирни "Андижонбалиқ" жамиятининг қоровуллари якшанбага ўтар кечаси уриб ўлдириб қўйган. Жамият мулозимлари бола балиқ ўғирлашга келган пайти ўзи сувга чўкиб ўлганини иддао қилмоқда. Якшанба куни Учкўприк қишлоғининг юзга яқин аҳолиси боланинг қотиллари жазоланишини талаб қилиб чиқишди.

Улуғнор туманининг Учкўприк қишлоғида истиқомат қилган 17 яшар Тоҳир исмли бола 30 январь куни кечаси шу қишлоқ ҳудудида жойлашган “Андижонбалиқ” ҳиссадорлик жамиятига қарашли сунъий ҳовузлардан бирида калтаклаб ўлдирилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган учкўприклик манбага кўра, балиқ овлашга борган болани “Андижонбалиқ” жамиятининг қоровуллари ўлдириб қўйган:

“Воқеа якшанбага ўтар кечаси содир бўлган Бу бола бизнинг қишлоқдан. Кечаси ҳовузга балиқ ўғирлагани борган. Қоровуллар тутиб олиб, уриб ўлдириб қўйишган. Битта балиқ учун ҳам одамни ўлдириш мумкинми? Лекин, энди бу боланинг оёғини томири сувда тортиб, сувга чўкиб ўлган деб айтишяпти”, деди манба.

Унинг айтишича, воқеанинг эртаси куни юзга яқин қишлоқ аҳолиси боланинг қотили жазоланишини талаб қилиб, маҳалла фуқаролар йиғини олдида норозилик билдирган:

“Бола ўлганнинг эртаси куни ҳамма бундан жуда дарғазаб бўлди. Юзга яқин одам, аксарияти аёллар, болани ўлдириб қўйган қоровулларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишди. Ҳокимиятдан вакиллар келди, ҳамма ёқни милиция босди. Ҳоким ўринбосари бу иш албатта ўрганилишини, ҳақиқат қарор топтирилишини айтганидан сўнг, кечга бориб одамлар тарқалди”, деди манба.

Улуғнор тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими 17 яшар бола ҳовузда ўлганини Озодликка тасдиқлади. Бироқ, мулозим бу ишни айни пайтда прокуратура ўрганаётганини айтиб, бошқа маълумот беролмаслигини айтди.

Учкўприк қишлоғидаги маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, расмийлар боланинг ўлимида қоровулларни айбсиз қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда:

“Бу балиқ ҳовузларини қурганлар орқасида танкалари бор бақувват одамлар. Улар унча-бунча ишни бости-бости қилиб юборадиган одамлар. Энди улар болани сувни ичида узоқ ўтириб, оёғини томири тортиб қолиб, чўкиб ўлган дейишяпти. Лекин унинг баданида калтакланиш аломатлари яққол кўриниб турган эди. Экспертиза ҳам нотўғри маълумот берган. Шунинг учун ҳам қишлоғимиз аҳолиси бунт кўтариб чиқди”, деди маҳалла фаолларидан бири.

Улуғнор тумани прокуратурасидан бу масалага изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG