Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

"Маҳалла" телеканали Озодликдан ўғирлаган расмнинг 3 яшар эгасини таҳқирлади


Зулфизарнинг отаси 2014 йилда бу расмни фақатгина Озодликка тақдим этаётганини айтган эди
Зулфизарнинг отаси 2014 йилда бу расмни фақатгина Озодликка тақдим этаётганини айтган эди

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маҳалла” телеканали Озодлик сайтида эълон қилинган бир расмни ўғирлаб, бу расмга умуман алоқаси бўлмаган муаммони ёритиш мақсадида фойдаланди. “Маҳалла” каналида жума куни эфирга берилган “Тўйлар муборак!” кўрсатувида қариндошлар ўртасидаги никоҳ муаммосини кўтарган ҳамкасбларимиз, Озодлик 2014 йилдан бери тақдирини кузатиб келаётган Зулфизарнинг расмидан фойдаланишди. Телеканал вакиллари бу ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортишди.


Ҳозирда 3 ёшга тўлган Зулфизар тақдири ҳақида Озодлик илк бор 2014 йилда мақола тайёрлаган эди.

Айрим жисмоний нуқсонлар, хусусан “қуёнлаб” ва бурун бўшлиғи касаллиги билан туғилгани учун онаси ташлаб кетган Зулфизар 23 яшар отаси Сардорнинг қўлида қолгани ҳақида гап борган эди.

Сардорнинг соғлиқни сақлаш муассасаларига қизи учун имтиёзли жарроҳлик амалиётини ўтказишни сўраб, қилган мурожаатлари натижасиз якунлангани ҳақида Озодлик бир неча лавҳа ва мақола тайёрлаган эди.

Ўтган йили Ўзбекистон президентининг қизи Лола Каримова ҳомийлигидаги “Сен ёлғиз эмассан!” жамғармаси Зулфизарнинг лабини операция қилиш билан боғлиқ барча харажат ва ташкилий масалаларни ўз зиммасига олиб, қизалоқ тақдирини ўзгартирди. Ҳозир 3 яшар Зулфизарнинг аҳволи яхши ва тенгқурларидан фарқ қилмайди.

“Маҳалла” телеканали жума куни Тошкент вақти билан соат 15.30да эфирга берган “Тўйлар муборак!” кўрсатувида Зулфизарнинг 2014 йили, ҳали 1 ёшлигида Озодликда эълон қилинган расми кўрсатилди. Қизалоқнинг отаси ўша пайтда, маълум сабабларга кўра, бу расмни фақатгина Озодликка бераётганини айтган эди.

“Тўйлар муборак!” кўрсатувининг 5 февраль кунги сони муаллифлари Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳлар муаммосини кўтаришди. Бундай никоҳлардан ногирон болалар туғилишини тушунтирар экан ҳамкасбларимиз иллюстрация сифатида Зулфизарнинг расмидан фойдаланишди.

Озодлик Зулфизарнинг воқеасини яқиндан билиши туфайли бу қизалоқнинг қариндошлар ўртасидаги никоҳ муаммосига умуман алоқаси йўқлигини яхши билади. Шу сабабдан дарҳол Зулфизарнинг отаси Сардор билан телефон орқали боғландик. Сардор ҳам бу кўрсатувни кўргани ва ғазабда эканини билдирди. Лекин бу ҳақда Озодлик билан гаплашишни истамаслигини билдирди. Сардор “бу расмни фақтагина Озодликка берган эдим”, дейиш билан чекланди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияснинг “Маҳалла” телеканалининг ўзини ҳуқуқий бўлими мутасаддиси, деб таништирган вакили мазкур ҳолат юзасидан изоҳ бера олмаслигини билдирди.

“Бу ҳақда ҳозир бир нарса дея олмайман. Бу кўрсатувни кўрганим ҳам йўқ, у қандай тайёрлангани, мавзу ва моҳиятини ҳам билмайман. Лекин бу расм Озодлик сайтидан ўғирланганини қандай қилиб исботлайсиз?”, дея саволимизга савол билан жавоб берди “Маҳалла” телеканали ҳуқуқшуноси.

Зулфизарнинг айни расми фақатгина Озодликка берилганини эслатганимизда, суҳбатдошимиз, "агар қизалоқнинг оиласида даъволар бўлса фуқаролар мурожаати тўғрисидаги қонун доирасида даъво аризаси билан тегишли жойларга мурожаат қилиши мумкин”, дея жавоб берди “Маҳалла” телеканали мутасаддиси.

XS
SM
MD
LG