Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:59

"Халқаро почтамт" филиалидаги ёнғин сабаб почта жўнатмалари кечикмоқда


“Ўзбекистон почтаси” ширкати расмийлари Тошкентдаги “Халқаро почтамт” биносида жума куни ёнғин рўй бергани сабаб халқаро ва маҳаллий почта жўнатмалари кечикиши мумкинлигини айтишмоқда. “Ўзбекистон почтаси” ширкатининг Озодлик боғланган мулозими хориждан жўнатилган айрим жўнатмалар ёнғин ичида қолиб кетгани сабаб эгаларига етиб бормаслигини ҳам айтди.

Тошкентнинг Шимолий вокзали яқинида жойлашган “Халқаро почтамт” биносида жума куни ёнғин келиб чиққанди.

Ёнғин оқибатида бинонинг қарийб 1 минг квадрат метр майдонига зарар етган.

“Ўзбекистон почтаси” ширкати мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда “Халқаро почтамт” биносидаги почта жўнатмалари сақланадиган цехлар ҳам ёнганини тасдиқлади.

- Четдан келадиган почта жўнатмалари сақланадиган цех ҳам ёнган, дейиляпти. Қанчасига зарар етганини аниқ билмаймиз. Бошқа цехларга зиён етмади. Шунинг учун озгина кечикиш бўлади, айрим жўнатмалар эгаларига етиб бормаслиги ҳам мумкин, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган “Ўзбекистон почтаси” ширкати мулозими.

Шимолий вокзал яқинидаги “Халқаро почтамт” биносида хорижга жўнатиладиган ва Ўзбекистонга хориждан келадиган почта жўнатмалари сақланади.

“Ўзбекистон почтаси” мулозими аланга ичида қолган почта жўнатмалари, посилкалар эгаларига товон пули тўланишини айтди.

- Бу борада меъёрий ҳужжатлар бор. Посилка йўқолса эгасига қанча тўланиши ҳақида меъёрий ҳужжатлар бор. Шу жўнатмани эгасига уни қиймати қанчалигига қараб товон пули албатта берилади, - деди “Ўзбекистон почтаси” мулозими.

"Ўзбекистон почтаси" расмий сайтида келтирилишича, “Халқаро почтамт” филиалида кунига 2 ярим мингдан ортиқ бандерол, почта жўнатмалари ва хатлар қабул қилинади.

Айни пайтда “Ўзбекистон почтаси” ширкати расмийлари 3 февралгача қабул қилинган барча жўнатмалар вақтида эгаларига етиб боришини айтишди.

- 3 февралдан олдин қабул қилинган барча жўнатмалар чиқиб кетган ва эгаларига етиб боради. 4 феврал куни қолиб кетган посилкалар, агар жўнтилмай қолганлари бўлса задержка бўлиши мумкин. Ташқарига жўнатиладиган посилкаларда муаммо бўлмайди. Ташқаридан келадиганларда муаммо бўлиши мумкин. Чунки ёнғин четдан келадиган почта жўнатмалари сақланадиган цехга ҳам ўтгани айтиляпти, - деди "Ўзбекистон почтаси" мулозими.

“Халқаро почтамт” филиалидаги ёнғинга электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Бу юзадан Тошкент шаҳар прокуратураси суриштирув олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG