Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:40

Голландия судига берилган zamondosh сайти муассиси алоқага чиқмаяпти


10 февраль куни zamondosh.com сайтида эълон қилинган баъзи материаллар таркибидаги ўзбекистонлик журналист Галима Бухарбаеванинг шахсига доир иддаоларга асос бўла оладиган исбот ва далилларни тақдим этиши учун ўзбекистонлик журналист, таҳририяти Голландияда жойлашган zamondosh сайти муассиси Ризо Обидга Голландиянинг Арнем шаҳри суди белгилаган муддат якунига етди.

Тилга олинган судга zamondosh.com сайти ва унинг муассиси Ризо Обид устидан арз қилган журналист Галима Бухарбаева воқеа юзасидан Озодлик саволларига жавоб берди.

Озодлик zamondosh.com сайти муассиси Ризо Обид билан ҳам икки кун давомида боғланишга ҳаракат қилди. Боғланишнинг бир қатор воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали қилинган уринишлардан самара чиқмади. Охир-оқибат, агар Ризо Обид қўнғироқларга жавоб бериш имконига эга ҳолатда бўлган эса, демак у бу мавзуда гаплашишни истамади, деган хулосага келдик.

Галима Бухарбаева Ризо Обидни нега судга берди?

Германияда сиёсий қочқин сифатида яшаётган Галима Бухарбаеванинг иддао қилишича, Голландияда сиёсий қочқин сифатида яшаётган журналист Ризо Обид ўзининг zamondosh.com сайтида ёритган бир қатор материаллари билан унинг шаъни ва қадр-қимматини ерга урган.

Даъвогар суднинг қандай ҳукм чиқаришини истаяпти?

Бухарбаева Озодлик саволларига жавоб берар экан, кўрган маънавий зарарини қоплаш учун Ризо Обиддан бир неча минг евро ундириб беришни ҳамда уни Европа Иттифоқидан бадарға қилишни сўраган.

Судга ариза қачон топширилган?

Тошкентда асос солинган ва кейинги йилларда Германия ҳудудида туриб ишлаган ва ҳозирда ёпиқ uznews.net сайти Галима Бухарбаева Голландиянинг Арнем (Arnhem) шаҳри судига Ризо Обид устидан шикоятини 2015 йилнинг 14 декабрида топширган.

Бухарбаевага zamondoshнинг қандай гаплари ёқмаган?

Бухарбаеванинг иддао қилишича, Ризо Обид ўзининг zamondosh.com сайтида ёритган материалларида:

“Галима Бухарбаева Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовадан унинг ўғли Ислом Каримов ёки Каримовлар билан боғлиқ бошқа кишилар орқали пора ёки ҳақ олган;

uznews.net сайти раҳбари ўлароқ на журналистик, на муҳаррирлик эркинлигига эга бўлган, балки сайт донори – Швеция халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги қўйган шартлар доирасида ишлаган;

донор ажратган маблағларни ўзининг ғаразли мақсадларида ўзлаштирган” каби гапларни ёзганки, булар даъвогар фикрича туҳмат ва бўҳтондир.

uznews.net баҳс-мунозара уйғотувчи материаллар босмаганми?

Ўзбекистонлик ҳамкасби устидан Голландия судига шикоят қилган ўзбекистонлик журналист Галима Бухарбаева ҳам ўзининг ҳозирда ишламаётган uznews.net сайтида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган баъзи сиёсий мухолифат аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва диний фаоллар тўғрисидаги мақолаларида сайт муштарийлари орасида баҳс-мунозара уйғотган, баъзиларда эса очиқ норозилик уйғотган иддаоларни қилган.

Бухарбаева Озодликка нима деди?

Озодлик шу ҳолат билан боғлиқ саволини Галима Бухарбаевага берди:

- Сиз Ризо Обидни ва унинг zamondosh.com сайтини туҳмат қилганликда айблаяпсиз. Лекин ўз вақтида Сиз бошқарган uznews.net сайти Муҳаммад Солиҳ билан Обидхон қори Назаровни исломий экстремистликда, Надежда Атаевани коррупцияда айблаган эди?

- Шундай гаплар битилган матнларни, уларнинг скриншотларини кўрсатинг менга. Асоссиз айбламанг мени. Нима бўлганда ҳам суд инстанциялари бор. Агар улар билдирилган фикрни нотўғри деб билса, судга мурожаат қилсин эди. Мен ҳеч қачон Муҳаммад Солиҳ ёки Обидхон қори Назаровни исломий экстремист, Надежда Атаевани коррупционер, деган эмасман, деди Галима Бухарбаева.

uznews.net сайти Озодликдан талаб қилаётган исбот: матн ёки скриншотни унга тақдим этишнинг имкони йўқ - uznews.net ёпиқ.

Галима Бухарбаева билан савол-жавоб:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:29 0:00
Бевосита линк

Нима учун uznews.netга кириб бўлмайди?

uznews.netсайти 2014 йил ноябрида амалга оширилган кибер ҳужум ортидан ўша йил декабрида фаолиятини тўхтатган эди.

2014 йил 10 ноябрда нашрнинг кибер ҳужум воситасида қўлга киритилгани иддао қилинган молиявий ҳисоботлари, грант берувчилари ва муҳаррир ёзишмалари Интернетга сиздирилган эди.

uznews.net қандай нашр?

uznews.net нашри ахборот хизмати ўлароқ Ўзбекистондан хабарларни ўзбекистонликларга етказишга ихтисослашган оз сонли мустақил медиа-ташкилот эди.

Сайт Ўзбекистон ичидаги ва унинг атрофидаги воқеалар ҳақидаги хабарларни тарқатиш, демократия ғояларини тадбиқ этиш ва мустаҳкамлаш билан шуғулланиб келган.

uznews.net нашри 2005 йилда икки ўзбек журналиси Галима Бухарбаева ҳамда Қудрат Бобожоновлар тарафидан Тошкентда ташкил қилинган.

zamondosh,com қандай нашр?

Сайтнинг ўзи ўзига берган таърифга кўра zamondosh,com "Инсон ҳуқуқлари ва демократия портали"дир. Унга Голландияда яшаётган сиёсий муҳожир, журналист Ризобек Обид асос солган.

Сайтнинг ўзи тўғрисидаги маълумотномада унинг ҳозирги муассислари тўғрисида мана бундай дейилган:

"2010 йилдан бошлаб сайт асосчиси Ризобек Обидов порталнинг ягона соҳиби эмас. У кўпмиллатли журналистик жамоанинг бир аъзоси ва Замондош порталининг жамоатчилик билан алоқалар ва Адабиёт бўлимига кўнгилли ( волонтер) тарзда раҳбарлик қилади".

Суд Бухарбаеванинг Обид устидан шикоятини қондириш эҳтимоли нақадар кучли?

Сўз эркинлиги демократиянинг энг муҳим унсурларидан бири ҳисобланадиган Европа Иттифоқида кучли эмас. Шу ўринда журналистика ва ўзбекистонликка боғлиқ бошқа бир суд ишини эслаш мумкин.

2011 йилнинг 1 июлида Париж Олий суди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Rue89 нашри устидан шикоят аризасини қондирмаган.

Суд ҳукмига кўра, президентнинг қизи ва Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакилини "диктаторнинг қизи", Ўзбекистон президентини "диктатор", деб атаган француз журналисти Огустен Скалбертнинг мақолаларида билдирилган фикрлар ҳақиқат, деб тан олинган.

XS
SM
MD
LG