Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:07

Давлат ишчиларига Тошкентга вақтинчалик прописка очилди


Тошкент шаҳар паспорт столлари давлат ташкилотларида ишловчи фуқароларни пойтахтга вақтинча прописка қилишни бошлади. Расмий маълумотга кўра, шу вақтгача участка нозирларида бўлган бу ваколат 2016 йилнинг январидан паспорт столларига ўтказилган. Тез орада пойтахтдаги хусусий фирма ва нодавлат ташкилот ишчилари ҳам вақтинча рўйхатга олиниши айтилмоқда. Аммо, доимий прописка ҳақида ҳозирча янги маълумот берилмади.

"Тошкентга вақтинчалик прописка январдан очилган"

Тошкент шаҳри ИИБдан олинган маълумотга кўра, вилоятлардан Тошкент шаҳри ва вилоятида ишлаш, ўқишга келган фуқароларни вақтинчалик рўйхатга олиш - вақтинча пропискага қўйиш шу йилнинг январ ойидан бошланган.

Бюджет ташкилотлари ишчилари ва талабалардан ташқари, мамлакатга келган хориж фуқаролари ҳам тегишли ҳужжатларни топширган тақдирда 3 кун ичида пойтахтга вақтинча - 3 ёки 6 ойлик муддатга прописка қилинмоқда.

Tafsilot.uz сайти ҳам ИИВнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан бу борада берилган расмий жавобни чоп этди.

Унда аниқлаштирилишича, Тошкент шаҳри ва вилоятига фуқароларни вақтинча рўйхатга қўйиш "меъёрий ҳужжатларга қўшимча ўзгартиришлар киритиш мақсадида" 2015 йилнинг 25 октябридан тўхтатиб қўйилган.

"Бугунги кунда фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш фуқарони доимий яшаш жойидан пропискадан чиқмаган ҳолда беш кундан олти кунгача муддатга (ўқиш учун таълим муассасасига келган шахслар учун - ўқиш даврига) шаҳар, туман ИИБ ХЧК ва ФРБ ходимлари томонидан амалга оширилмоқда", дейилади ушбу мактубда.

Яъни, Тошкентга ишлаш ёки ўқиш учун келган фуқаролар келган кунидан бошлаб 5-6 кун ичида яшаётган манзили бўйича вақтинчалик рўйхатга туриши шарт.

Мактубда қайд этилишича, ўтган йилнинг 25 октябригача вақтинчалик пропискага қўйиш ваколати ИИВ профилактика нозирларида бўлган, аммо янги йилдан бу ваколат ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига ўтказилган.

Бундан бироз муқаддам Республика ОВИРнинг Озодлик саволларига жавоб берган ходими буни тасдиқлаган ва профилактика нозирларидан бу ваколат олиб қўйилиши сабабларини коррупцияга боғлаган эди.

Зарур ҳужжатларнинг узун рўйхати

Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик прописка учун зарур бўлган ҳужжатлари рўйхати эса, одатдагидек, узундан-узоқ.

Tafsilot.uz сайти бу ҳужжатлар рўйхатини чоп этди:

1) ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза;

2) Фуқаронинг паспорти;

3) Мулк эгасининг нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати);

4) Агар бегона шахслар вақтинчалик рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси;

5) Уй эгасининг паспорти нусхаси;

6) Уйнинг кадастр ҳужжатларининг нусхаси (асли ҳам кўрсатилади);

7) Уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, Давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо);

8) Агар эр хотинининг, хотин эрининг уйига вақтинча рўйхатга қўйилаётган бўлса, никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси (шунингдек, ушбу ҳужжатнинг асли ҳам кўрсатилади);

9) Болаларни рўйхатга қўйиш учун, агар улар 16 ёшга тўлмаган бўлишса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларининг нусхалари (шунингдек, уларнинг асли ҳам кўрсатилади) ҳамда 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат. Вояга етмаганлар фақатгина ота-оналари билан бирга прописка қилинади;

10) Давлат божи тўлангани ҳақидаги квитанция (бир киши учун 2604 сўм 80 тийин);

11) Ижарага турувчининг ишхонасидан уни “вақтинча прописка”га қўйиш тўғрисида расмий илтимоснома;

12) Алоҳида ҳолларда зарурат туғилса бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин.

Охирги бандда қайд этилишича, ИИБ ХЧК ва ФР бўлимлари ходимлари зарур, деб топса яна қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга ҳақлидир.

Аммо, бу ердаги асосий муаммо - Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат ташкилотлари айни ҳудудда пропискаси бўлмаган фуқароларни, одатан, ишга олмаслигидир. Расман ишга олинмаган "пропискасиз бўлғуси ишчи" учун "расмий илтимоснома" берувчи ташкилотлар эса, ҳокимлик органлари ва куч ишлатар тузилмалар бундан мустасно, амалда жуда оздир.

Ижтимоий тармоқлардаги баҳслар

Шу кунда вақтинчалик прописка учун ҳужжат топширётган фуқаролар ижтимоий тармоқларда ўз тажрибаларини ўртоқлашмоқдалар.

Айтилишича, паспорт столлари қаршисида вақтинча рўйхатга турувчиларнинг узун навбатлари пайдо бўлган:

"Кўпчилик навбат кутиб турибди. 54-чи бўлиб ёзилдим. Унгача “стол услуг”га кириб, белгиланган ариза, уй эгаси номидан ариза ва манзил варақасини тўлдиртирдим. Бу хизмат учун 6000 сўм тўлайсиз. Бошқа ҳужжатлар ксеронусхаси учун алоҳида ҳақ тўланади. “Стол услуг” хизматчиси ишхонадан хат бор-йўқлигини сўради. Мана, деб бердим. Уни кўраркан, давлат идораси бўлса ўтади, хусусий фирмаларникини қабул қилишмаяпти, деди", деб ёзди Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Шунингдек, тармоқларда талаб қилинаётган ҳужжатлар сирасидаги асосий муаммо яна эътирозларга сабаб бўлмоқда:

"Давлат ишхонаси прописканг бўлмаса ишга олмайди, давлат ишида ишламасанг, прописка қўйиб бермайди... Бу қанақа парадокс? Совет даврида Москвада шунақа тартиб бўлган, ўша доруломон замонларга қайтмоқчимиз шекилли", деб ёзди Facebook фойдаланувчиларидан яна бири.

Озодликнинг айни муаммо бўйича Республика ва Тошкент шаҳри ИИБга қилган мурожаатлари жавобсиз қолди.

"Доимий прописка эса ёпилмаган"

Доимий прописка масаласида эса ҳозирча қўшимча маълумотлар йўқ.

Сўнгги бор Озодлик олган расмий жавобга кўра, ​1999 йилдан буён вилоятликлар учун ёпиқ қолаётган Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий рўйхатга олинувчилар 2011 йилда қонунда белгиланган 12 тоифа фуқаролардир.

Яъни, Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий ёки вақтинчалик прописка "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари тўғрисида" 2011 йилда қабул қилинган қонун ва "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштириш ҳақида" 1999 йилда қабул қилинган президент фармони асосида амалга оширилади.

Аммо, амалиётда бу рўйхатда турган фуқаролар ҳам, одатан, Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий рўйхатга олинмаслиги кузатилади.

Хусусан, қонунда рўйхатга биринчи бўлиб тиркалган тоифа - пойтахтда "ўз номига расмийлаштирилган уй-жойга эга бўлганлар" тоифаси ҳам зиддиятлидир. Яъни, пойтахтда уй-жойга эга бўлиш учун фуқаронинг доимий пропискаси бўлиши лозим. Доимий пропискаси бўлиши учун эса уй-жойи бўлиши лозим.

Бу зиддиятни республика ва Тошкент вилояти ОВИРи ходимлари ҳам эътироф этган, аммо мавжуд тартиб шуни тақозо қилишидан бошқа жўяли жавоб беришмаган.

XS
SM
MD
LG