Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:26

Ўшда масжидга қатнаб юрган ўсмир ўзини осиб қўйди


Масжиддаги болакайлар (иллюстратив сурат).
Масжиддаги болакайлар (иллюстратив сурат).

Ўш шаҳри яқинидаги Жапалақ қишлоғида 8-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Ўсмирнинг отаси бу худкушликка диний тушунчалар сабаб бўлган, деб ҳисоблайди.

Жапалақдаги 34-сонли мактабда ўқиган Женишбек Чўнмурунов 21 февраль куни ўз уйида ўзини осиб қўйди. Ўсмирнинг отаси Базарбек Чўнмурунов фарзандини бу фожиага диний тушунчалар ундаганини тахмин қилади.

- Муллалар ёш ўспиринларга ҳар нарсани очиқ-ойдин айтавермаслиги керак. Масжидга борганда “беҳишт-жаннат” деб қулоғига қуяверса, бу ерда қийналган пайтда “у ёқда мазза экан, ўша ёқни бир кўрсам”, деб орзу қилиб қоларкан. Улар ҳамма нарсани кинода кўргандек тасаввур қилиб олади. Охирги пайтларда ўғлим мактабга қатнамаётганди. Кейин бу иш содир бўлди. Ҳалигача ўзимга келолганим йўқ. Баъзан ўғлим ҳовлида қийқириб, ашула айтиб ёки экин-тикинга қараб юргандек бўлади, - деди Базарбек Чўнмурунов Озодликнинг қирғиз хизмати билан суҳбатда.

Ўшда мактаб ўқувчиларининг дарсдан қочиб, намозга кетиб қолганига оид ҳолатлар кўп кузатилади.

Ўш шаҳар таълим бошқармаси бошлиғи Қуштарбек Кимсанов ўқувчиларнинг мактабдан ташқаридаги ҳаётини ота-оналар мунтазам равишда назорат қилиб бориши лозимлигини айтади.

Айни пайтда мутахассислар мактабларда сиёсат ҳақида билим берилмагани каби болалар қатнаши мумкин бўлган масжидларда жаннат ва дўзахгача бўлган маълумотлар билан чекланилса бўлади, чунки бу бола психологиясига қандай таъсир қилишини ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди, деган фикрдалар.

Бироқ жапалақлик ўсмир ўлимини миллиондан бир бўлган бахтсиз тасодиф деб ҳисоблаган Ўш вилоят қозиси Самидин Атабаев фикрича, бундай чекловни ўринсиз.

- Дўзах ва жаннат ҳақидаги маълумотлар Худонинг Қуръони Каримда бизга берган оятлари-да. Дўзах ва жаннатга ишониш, охиратга ишониш имон шартларидан биридир. Жумъа маърузаларидан бир умр бу мавзуларни доим четлаб ўтолмаймиз. Биз мактаб ёшидаги болаларни нотўғри йўлга бошлаётганимиз йўқ, аксинча, уларни доим яхшиликка ундаб, ота-онага ҳурмат, ватанга муҳаббатга ундаб келяпмиз. Бу тасодифда масжидни айблаш тўғри бўлмайди, - дейди Ўш вилоят қозиси.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, анъанавий Ислом дини худкушликнинг ҳар қанақа шаклини қоралайди. Ўзини ўлдирган киши Оллоҳга осий ҳисобланиб, ҳатто жанозаси ўқилмаслиги мумкин.

Бу орада Ўш шаҳар ва вилоят ички ишлар бошқармалари жалапақлик ўсмир ўлими юзасидан текширув бошлаб юборган. Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиқов ўспириннинг ўлими сабаблари ҳозирда масжиддан изланаётганини маълум қилди.

- Эскпертиза ва биз тўплаган тезкор маълумотлар асосида тергов ўз йўналишини ўзгартириши мумкин. Чунки айрим гувоҳлар ўсмирнинг ўзини тутиши у масжидга қатнай бошлаганидан кейин ўзгарганини ҳақида кўрсатма берганлар, - деди Замир Сидиқов.

Ўтган йили Ўш шаҳрида 31 киши, шу жумладан, 1 ўсмир ўз жонига қасд қилган. Вилоят бўйича эса 14 нафар вояга етмаган бола ўзини ўлдирган. Одатда, суицид билан боғлиқ ҳодисалар сабаблари астойдил текширилмайди.

XS
SM
MD
LG