Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:24

Ўзбекистон ва Эрондан кўчган ўролмонлар Қозоғистон фуқаролигини ололмаяпти


Манғистау вилоят маркази Ақтаудаги ўролмонларни адаптациялаш маркази 200 ўролмонга мўлжалланган.
Манғистау вилоят маркази Ақтаудаги ўролмонларни адаптациялаш маркази 200 ўролмонга мўлжалланган.

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида Ўзбекистон ва Эрондан кўчиб келган 150 дан зиёд киши Қозоғистон фуқаролигини ололмаяпти. Фуқароликни соддалаштирилган тартибда олиш ҳуқуқига эга бўлган бу одамлар ҳозирда бу борада Остонадаги расмийлар рухсатини кутиб ўтирибди.

Манғистау вилоят миграция полицияси ўролмонларнинг фуқаролик олиши билан боғлиқ масала Қозоғистонда 20 март куни бўлиб ўтадиган парламент сайловигача ҳал бўлишига умид қилмоқда. Айни пайтда Аҳоли бандлиги ва ижтимоий дастурларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят бошқармасида Озодликнинг қозоқ хизматига бу борада Остонадан қачон жавоб келиши номаълумлигини айтганлар.

Ўролмон мақомини Қозоғистонда миллати қозоқ бўлган ва чет давлатлардан кўчиб келган кишилар олиш ҳуқуқига эга.

Манғистау вилоят ҳокими матбуот котиби Гулмира Балғўжаева ҳокимиятнинг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 2010 йилдан буён вилоятга 23 мингдан зиёд репатриант кўчиб келганини, бироқ улар Қозоғистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш учун ўз вақтида ариза бермаганларини билдирган.

“Бугунги кунда ўролмонларни турар-жой билан таъминлашда юзага келган қийинчиликларни ҳисобга ҳолда, ўролмонлик мақоми бекор қилинган 150 нафар ҳамюртимизга ўролмонларни адаптациялаш марказида яшашга имконият яратиб берилди”, дея билдирди Гулмира Балғўжаева.

Аввалроқ Эрондан кўчиб келиб, Манғистауда истиқомат қилаётган қозоқларнинг айримлари ўролмонлик гувоҳномаси беришни сўраб, вилоят Аҳоли бандлиги ва ижтимоий дастурларни мувофиқлаштириш бошқармасига мурожаат қилганди.

- Бизга Остонага хат йўллаганларини айтишиб, “қўнғироқ қилиб, ўзинглар билиб олинглар” дейишиб, телефон рақамини беришди, - деганди эронлик этник қозоқ Абдраҳман Бабиқ февраль ойида Озодликка берган суҳбатида.

Мазкур бошқарманинг миграция масалалари бўйича бўлим бошлиғи Асет Жақсилиққизига кўра, 2010, 2011 ва 2012 йилларда хориждан келган қозоқларга тақдим этилмиш ўролмонлик гувоҳномалари бир йилга берилган ва ҳозирда уларнинг яроқлилик муддати ўтиб кетган. Ўтган вақт мобайнида қонунга бир неча бор ўзгартиш киритилган ва 2015 йил декабрида киритилган сўнгги ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда ўролмонлик мақомини олган шахслар дарҳол фуқаролик олиш учун ҳужжат топшириши мумкин.

- Бироқ миграция полицияси [эронлик ва ўзбекистонлик қозоқларнинг] ўролмонлик гувоҳномаси яроқлилик муддати ўтиб кетгани учун улардан ҳужжат қабул қилмаган ва бу мамлакатлар фуқаролигидан чиққанлиги ҳақида элчихонадан маълумотнома олиб келишни талаб қилган, - деди Асет Жақсилиққизи.

Манғистауда истиқомат қиладиган айрим ўролмонларга бундай маълумотномани олиш маҳол кўринади. Масалан, ўзбекистонлик ўролмонлар Олмаота шаҳрида жойлашган Ўзбекистон элчихонасига бориб келиш ўзлари учун ҳаддан зиёд серхаражат иш эканини айтиб нолишади. Эронлик ва туркманистонлик ўролмонлар эса бу мамлакатларнинг Ақтауда жойлашган консулхоналаридан маълумотнома олиш учун 24 минг танга ёки 68 АҚШ доллари миқдорида тўлов тўлаши керак. Бу харажатни уларнинг ҳамёни кўтармайди. Шу важдан бошқарма фуқаролик олиш тартибини жўнлаштириш илтимоси билан Қозоғистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлигига мурожаат қилган. Вазирликнинг дастлабки жавобида ўролмонлар бу масалани ўз элчихоналари билан ҳал қилишлари лозимлиги айтилган.

- Биз Манғистау вилоятида фуқаролик сўраган жуда кўп одам борлигини айтдик. Вазирлик уларнинг рўйхатини сўради. Биз ҳаммани рўйхатдан ўтказиб, февраль ойи охирида вазирликка жўнатдик. Бироқ бу борада жавоб қачон келишини аниқ айтиб беролмайман. Шунинг учун биз ўролмонларга: “Март ойи охирида келинглар”, деяпмиз, - деди Асет Жақсилиққизи.

Бундай муаммо фақат Манғистаудагина эмас, бошқа вилоятларда ҳам мавжудлигини айтган бошқарма мулозимасига кўра, агар Остона рухсат берса, вилоятдаги барча ўролмонлар фуқаролик олиш учун ҳужжат топширади.

Расмий маълумотларга кўра, мустақиллик йилларида Қозоғистонга хориждан 1 миллионга яқин этник қозоқ кўчиб келган. Уларнинг 60 фоиздан ортиқроғини Ўзбекистонда туғилган қозоқлар ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG