Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:50

Қирғизистон президенти мухолифатни халқ душманларига тенглаштирди


Атамбаев кўчат экиш тадбирида
Атамбаев кўчат экиш тадбирида

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мамлакатдаги мухолифат вакилларини халқ душманларига тенглаштирди. Қирғизистон президентининг бу муқоисаси, 12 март куни Бишкекда ўтказилган шанбаликдан сўнг, журналистлар билан учрашуви чоғида янгради. Алмазбек Атамбаев шунингдек меросхўри ва ҳукуматдаги сўнгги ўзгаришларга ҳам тўхталди.

Бишкекдаги “Ботаника боғи”да кўчат экиб бўлгач маҳаллий журналистлар билан суҳбатлашган Президент Алмазбек Атамбаев мухолифат кучларини кескин танқид қилди.

У яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларида мағлубиятга учраган мухолифатчиларни “кўчада қолган сиёсатчилар” дея таърифлади ва уларнимуолифатчи, деб ҳисобламаслигини айтди:

“Халқни йиғиб, давлат тўнтариши қиламан, деганлар мухолифат эмас, улар эл бузарлар. Улар - ҳақиқий халқ душманлари. Уларда “бир нарса бўлса, чўнтагимни тўлдирай,” деган мақсад бор, холос. Бақирганлар ортида фақат қон ёки ўғирлик бор. Очиқ айтаман, улар улар қонга тўймаган қузғунларга ўхшайди. Мен шундай деб ўйлайман,” деди Қирғизистон президенти.

Алмазбек Атамбаев сўнгги ҳукуматдаги ўзгаришлар ҳақида ҳам ўз позициясини билдирди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг “Ўрнингизга меросхўр тайёрлаяпсизми?” деган саволига “халқ кейинги президентни ўзи сайласин”, дея жавоб қайтарди.

“Агарда мен президент сифатида меросхўр тайёрлаб, халққа шу одамни сайланглар деб кетсам, Қирғизистонга демократия келмайди. Албатта, давлат келажаги мени ўйлантиради. Бироқ қўшни давлатлар каби меросхўрни тайинлаб кетсам, бизда ҳам демократия бўлмайди. Халқ кейинги президентни ўзи сайласин,” деди Қирғизистон президенти.

Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловига икки йилдан озроқ вақт қолган.

Айни пайтда мухолифатдаги сиёсатчи Равшан Жээнбеков президентни ўтмишини унутганликда айблади.

“Бугун Атамбаев айтган қўпол, ёмон сўзларни мухолифат аввалги президентлардан ҳам эшитган. Ўша даврда Атамбаев, Сариев ҳам мухолифатда эди. 2005-йили Акаев ҳам, 2010-йили Бакиев ҳам шундай қилган. Атамбаевнинг шу сўзларни такрорлаши уларнинг аҳволига тушганидан дарак беради. Биз президентни кетсин, деб овоза қилганимиз йўқ. Фақат ўлкадаги сиёсий-иқтисодий, ижтимоий муаммолар ҳал қилинишини талаб қилаяпмиз,” деди Равшан Жээнбеков.

Сўнгги ойларда қирғиз мухолифати ҳукуматга электр энергияси нархи ва ижтимоий тўловларни камайтириш каби талабларни қўяётир.

Мухолифатдаги ҳаракатлардан бири 14-март куни Жалолобод, Талас ва Норинда норозилик намойишлари ўтказишини эълон қилган.

24-март куни эса Ўш шаҳрида мухолифат кучларининг қурултойи ўтказилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG