Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:03

Ўзбекистонликларни нималар қийнаётгани маълум бўлди


Расм Eltuz.com сайтидан олинди
Расм Eltuz.com сайтидан олинди

15 март - Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунида Озодликка йиллардан бери етиб келаётган шикоятлар асоссиз эмаслиги расмий ва ярим расмий ташкилотлар эълон қилган конкрет рақамларда ўз тасдиғини топди.

Шу куни Озодлик бир истеъмолчи билан унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот ўртасида беихтиёр воситачи вазифасини бажарди.

Мавзунинг беихтиёр қаҳрамони

Ғаллаороллик тиниб-тинчимас оқсоқол, президентнинг тенгдоши Набижон Жўрабоев билан боғланиб, унинг эндигина вилоят прокуратурасидан чиққанини билдик.

- Бир биродарим билан вилоят прокурори қабулидан келаяпмиз, деди оқсоқол.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, уни прокуратурага арз қилишга аҳолига арзон нархларда сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотидаги узилишлар сабаб бўлган.

- Бизнинг Ғаллаоролда ҳам дислокация орқали аҳолига 8 хил озиқ-овқат тарқатилиши керак. Ўша нарсалар 2 ойлаб берилмайди, баъзи маҳсулотлар 2 йиллаб ҳам берилмайди. Бозорга олиб чиқиб сотиб юборишади, деди Набижон Жўрабоев.

У қишлоқдоши билан прокуратурага боришдан олдин - февралда мамлакат миқёсидаги бошқа бир идорага арз қилган.

- Шу масала бўйича биз Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзганмиз. Лекин ҳанузгача чора кўрилмади, деди Жўрабоев.

Унинг айтишича, Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти (Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси – таҳр.) аризани жавобсиз қолдирмаган.

- Жавоб вилоят ҳокимлигига юборилган. Вилоят ҳокимлиги туман ҳокимлигига юборган. Кейин туман ҳокимлигидан Истеъмолчилар жамиятига ҳам, бизга ҳам тарқатилиши лозим бўлган ҳамма нарса ўз вақтида тарқатилаяпти, деган ёлғон жавоб келаяпти, шунинг учун прокурорга бордик, у комиссия тузиб ўрганишга ваъда берди, деди Набижон Жўрабоев.

Масалани ўрганишга ваъда беришди

15 март - Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунида Ғаллаоролдан олганимиз бу маълумот ортидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Ахборот хизмати билан боғландик ва суҳбатдошимиз ҳамда унинг ҳамкасбларини байрами билан табриклаб, Набижон Жўрабоевдан эшитганларимизни етказдик.

Федерация вакили Озодлик мухбири гапларини диққат билан эшитди. Набижон Жўрабоевнинг телефонини ёзиб олди. 2 -3 кун ичида Жўрабоев билан боғланиб, масалани ўрганишга ваъда берди.

Рақамлар, рақамлар...

Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни арафасида Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мулозимлари оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказиб, 2015 йил давомида истеъмолчилардан 5141 та ариза тушгани, шу жумладан 3335 ариза ёзма шаклда етиб келгани, 1806 та марта ишонч телефонлари орқали мурожаат бўлганини хабар қилди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ахборот хизмати вакилининг Озодликка айтишича, ўтган бир йил ичида 7501 та ариза тушган.

Газ ва электр – бош масала

Анжуманда, шунингдек, газ ва электр қуввати билан таъминловчи ташкилот ва коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг барча филиалларида қўмита мутахассилари билан ҳамкорликда ҳаммаси бўлиб 7732 истеъмолчи қабул қилинган, шу жумладан 5049 киши газ таъминоти, 2558 киши электр қуввати таъминоти масаласи юзасидан қабул қилингани айтилган.

Газ ва электр қуввати таъминоти ўзбекистонликларни ташвишга солаётган бош масала эканлигини Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ахборот хизмати вакилидан ҳам, Федерациянинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий бўлими вакилидан ҳам эшитдик.

Сизларга асосан қандай муаммолар билан мурожаат қилишади, деган саволга ҳар икки мулозим бир-биридан мустақил равишда аввал газни, кейин электр қувватини ва сўнгра савдо муассасаларини тилга олди.

4 тамал принцип

Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни жаҳон бўйлаб илк бор 1983 йили нишонланган

Информация олиш ҳуқуқи

Хавфсизлик ҳуқуқи

Танлаш ҳуқуқи

Шикоят қилиш ҳуқуқи.

Истеъмолчиларнинг асосий ва принципиал ҳуқуқлари сифатида АҚШ президенти Жон Кеннеди 1962 йилнинг 15 мартида Конрессда қилган чиқишида юқорида келтирилган 4 ҳуқуқни тилга олган эди.

Бу принциплар жаҳондаги кўплаб давлатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунларига асос бўлган.

XS
SM
MD
LG