Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:42

Меҳнат вазирлигининг юзлаб ходими ишсиз қолганидан шикоят бўлди


Февраль ойида номи ва таркиби ўзгартирилган Меҳнат вазирлигининг собиқ ишчилари ишсиз ва товон пулисиз қолгани ҳақида шикоят бўлди. Вазирлик муқаддам "Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги" деб аталган, ҳозир эса фақат "Меҳнат вазирлиги" сифатида қолдирилиб, айрим ваколатлари бошқа вазирликларга бўлиб берилгани боис, юзлаб ишчи ишсиз қолиш ташвишига тушиб қолди.

Озодликка ўзини вазирликнинг туман бўлимларидан бирида меҳнат инспектори бўлиб 18 йил ишлаганман, дея таништирган ходим боғланди.

Бу инспектор исми-фамилияси ва ўзи ишлаган туман номини айтмасликни сўради.

Унинг айтишича, вазирлик "Меҳнат вазирлиги" қилиб ўзгартирилганидан сўнг уларнинг бўлимига махсус огоҳлантирув хати йўлланган:

"Хатда 1 апрелдан бошлаб: "тизим ўзгартирилиши муносабати билан сизнинг штат жадвалингиз қисқартириб, тузилган меҳнат шартномангиз бекор қилинишидан огоҳлантираман", деб ёзилган. Мен бошқармага бордим, 18 йил ишлаганман инспектор бўлиб, энди нима бўлади, деб сўрадим. Ҳозирча билмаймиз, деган жавоб бўлди. Бизнинг туманда 5 та инспектор бор, шундан фақат 2 ёки узоғи билан 3 киши қолади, қолгани қисқартирилади, дейишяпти", деди Озодликка боғланган меҳнат инспектори.

Шу йил февраль ойида Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмаси ўзгартирилиб, идора номи "Меҳнат вазирлиги" деб ўзгартирилди. Вазирлик ваколатида фақат аҳолини иш билан таъминлаш, бандлик, меҳнат муҳофазаси билан шуғулланиш ваколатлари қолдирилди.

Ўзбекистон президентининг 22 февраль кунги қарори билан ижтимоий муҳофаза масалалари Меҳнат вазирлиги зиммасидан олиниб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига, ижтимоий нафақалар бериш вазифаси эса Ўзбекистон Молия вазирлигига юкланди.

Бу тузилмавий ўзгаришлар ортидан вазирликнинг юзлаб ишчиси қисқартирилиши кутилмоқда. Хусусан, Озодликка боғланган меҳнат инспектори у ишлаган тумандаги "Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази"нинг 27 ходимидан 13 нафарининг тақдири номаълум қолаётганини айтди.

Бу 13 кишидан 7 нафари вазирликнинг аҳоли бандлигига кўмаклашиб юрган ходимлар, 5 нафари эса меҳнат инспекторларидир:

"15 нафар ўрта махсус маълумот олган ижтимоий хизматчи бор эди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги структурасига ўтказилди. Лекин, биз инспекторларга қисқартириш ҳақида огоҳлантириш келди, аттестациядан ўтасиз, дейишди. 18 йиллик инспекторлар ишсиз қолдикми энди, деб турибмиз. Икки ойлик товон пули берилиши керак ўзи тартиби бўйича, 1 миллион 200 минг сўм атрофида, бу ҳақда гап ҳам йўқ. Ҳозир туманни ўзида 10 тача одам ишсиз қолаяпти. Вилоят бўйича мингтага боради", дейди собиқ меҳнат инспектори.

Озодлик бу шикоят ортидан Ўзбекистон Меҳнат вазирлигига боғланди.

Вазирликдан берилган расмий жавобга кўра, структуравий ўзгаришлар ортидан вазирликнинг ижтимоий хизмат билан шуғулланган ходимлари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказиб берилган.

Аҳолига ижтимоий нафақалар белгилаш билан шуғулланувчи ходимлар эса Молия вазирлиги тасарруфига ўтказилган. Ҳозирда аҳоли бандлигига кўмаклашиб келаётган ходимлар Меҳнат вазирлигининг ўзида қолдирилмоқда, аммо уларнинг сони аттестация воситасида қисқартирилиши кутилмоқда.

"Аттестацияга ҳозирлик бораяпти ҳозир. Аттестациядан ўтган ходимлар қолдирилади. Қисқартириш ундан кейин бўлади, ҳозир бу ҳақда бир нарса дейиш қийин", деди вазирликнинг ўзини таништирмаган ходими.

Республикада аҳолини меҳнат билан таъминлаш ва айни пайтда уларни ижтимоий ҳимоя қилишга масъул вазирлик ишсиз қолаётган ўз ходимларини ишга жойлаштириш ёки уларга ишсиз қолган муддатида компенсация тўланиши ҳақидаги саволларимиз эса ҳозирча очиқ қолдирилди.

Ўзбекистон бўйлаб ҳар бир туманда ишлаб келган "Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказ"ларида 4-10 нафардан меҳнат инспектори, 10-20 нафарга қадар ижтимоий хизматчи, 5-10 нафарга қадар аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи ходим ишлайди.

Озодликка боғланган меҳнат инспекторига кўра, бу ходимларнинг ойлиги ўртача 500 минг сўмдан 700 минг сўмгача ва ҳозирда бу ходимларнинг 30-35 фоизини қисқартириш режалаштирилган. 18 йил давомида Меҳнат вазирлигида ишлаган инспектор энди ўзи ижтимоий ҳимоя ва ишга муҳтож бўлиб қолгани, унга ёрдам бериши керак бўлган бошқарма эса ҳозирча елка қисиш билан чекланаётганидан норози бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG