Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:05

Қирғизистон бош вазири истеъфога чиқди


Темир Сариев.
Темир Сариев.

Қирғизистон бош вазири Темир Сариев 11 апрель куни ҳукуматнинг навбатдан ташқариги мажлисида истеъфога кетишини эълон қилди. Истеъфо нутқида Сариев ўзининг бош вазирлик даврида Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга тегишли тўрт пансионат Қирғизистон тасарруфига олинганини алоҳида урғулади.

Қирғизистон ҳукуматининг душанба куни бўлиб ўтган навбатдан ташқариги мажлисини бош вазир Темир Сариев мамлакат парламенти унинг кабинетига икки марта ишонч кўрсатгани, президент Атамбаев ҳукумат ишига бевосита аралашмаса-да, доим сиёсий дастак бериб турганини эътироф этишдан бошлади.

Шундан сўнг ҳукумат фаолиятига тўхталган Сариев у бошчилигидаги вазирлар қатор сиёсий қарорлар қабул қилгани, масъулиятдан қочмагани, хусусан, Ўзбекистонга тегишли тўрт пансионат Қирғизистон тасарруфига олингани, Россия билан ГЭСларни қуриш битими денонсация қилинганини урғулади.

Сариев ўз кабинети ишига тўсқинликлар аввал ҳам бўлгани, бироқ сўнгги пайтларда улар жуда кўпайиб кетганини қайд этди.

Дарҳақиқат, кейинги пайтда Қирғизистондаги сиёсий доираларда ва оммавий ахборот воситаларида Темир Сариев кабинети фаолияти юзасидан танқид кучайган.

Танқидлар кучайиши ўтган ой ўрталарида Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадаги баҳсли ҳудудга ҳарбий техника ва аскар киритган кунларда айниқса яққол сезилди. Ўшанда мухолиф қарашдаги сиёсатчилар Сариев ҳукуматини сиёсий маҳоратсизликда айблаб чиқишган.

“Манас” аэропорти ҳамда Балиқчи-Кўрумду автойўли қурилишига оид тендер жанжали эса бу танқидларнинг авж нуқтаси бўлди.

9 апрель куни мазкур масалани ўрганаётган депутатлар комиссияси ёпиқ мажлисида Транспорт ва алоқа вазири Арғинбек Малабаев ўз муовини Улан Уезбаев ва бош вазирнинг яқинлари автойўл таъмири бўйича тендерда Хитойнинг “Лонг Хай” ширкати манфаатларини ҳимоя қилганини билдирган. Шундан сўнг парламент комиссияси аъзолари “Темир Сариев ишдан кетиши лозим” деган хулосага келишган.

Истеъфо нутқида Сариев бу масалага ҳам тўхталди.

- Сўнгги кунларда мен ва ҳукумат иши атрофида очиқ ёлғон ва найранг кампанияси авж олганидан ҳамманинг хабари бор. Шу сабабли сиёсий муҳит кескин ўзгарди. Бундай вазият ҳукумат иш тартибини анча қийинлаштириб қўйди.

Ҳукумат фаолиятининг турли йўналишлари доимий асоссиз айбловлар нишонига айланди. Балиқчи-Кўрумду йўлини реконструкциялаш масаласи буларнинг энг шиддатлиси бўлди. Ғийбат муҳити ҳукуматни қийин аҳволга солиб қўйди, унинг иши қарийб фалажланиб қолди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай бўлиши мумкин эмас.

Мамлакат ва халқ манфаатларини шахсий сиёсий манфаатларимдан устун қўйган ҳолда мен бугун истеъфога кетаман. Бундан мамлакат президентини хабардор қилдим, - деган Темир Сариев ўз истеъфоси айбловларни тан олганини англатмаслигини, “пок ном”и учун охиригача курашишга тайёр эканини билдирди.

Бу орада Озодликнинг қирғиз хизмати манбалари Қирғизистон бош вазири лавозимига Ўш вилоятининг собиқ губернатори Сўўрўнбай Жээнбеков номзоди кўриб чиқилаётганини маълум қилганлар. Агар Сўўрўнбай Жээнбеков бош вазир лавозимига тайинлангудек бўлса, унинг туғишган укаси – парламент спикери Асилбек Жээнбеков истеъфога кетиши айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG