Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:29

Тожикистонда гўдакларга русча услубдаги фамилия бериш ман қилинди


Тожикистонда 29 апрель куни янги туғилган чақалоқларга русларга хос қўшимча билан тугайдиган фамилия беришни ман этувчи қонун кучга кирди.

Марказий Осиёдаги бошқа давлатлардагидек, Тожикистонда ҳам жуда кўп одамнинг фамилияси русча услубдадир. Янги қонун мамлакатда миллий ўзликни шакллантиришга қаратилган.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тожикистонликларни славянларга хос исмларни танламасликка чақирди. Президент 2007 йил ўз фамилиясини Раҳмоновдан Раҳмонга ўзгартирган, бунинг ортидан тожикистонлик вазирлар, ҳукумат ишчилари ҳамда президентнинг фарзандлари ҳам ўз фамилияларини ўзгартирган эди.

Раҳмон 2009 йил рус тилини Тожикистон расмий тиллари сафидан чиқарган.

Янги қонунга биноан, фамилияларга “-ов” ҳамда “-ев” қўшимчасини қўшиш ман этилади. Гўдакларга тожикларга хос қўшимча билан тугайдиган фамилия берилиши керак. Бундай қўшимчалар сафига “-зод”, “-пур” ҳамда “-фар” суффикслари киради.

Янги қонунга хорижда ишловчи айрим тожиклар эътироз билдирди.

Тожикистонда аввалроқ гўдакларга ёввойи ҳайвонлар ёки болта, супурги каби уй-рўзғор асбоблари номларини бериш ҳам ман этилган эди. Ўшанда тожиклар умуман олганда “миллий маданият ҳамда анъанага зид” исмларни танламасликка чақирилган эди.

Ҳозирда мамлакатда гўдакларга бериш мумкин бўлган исмлар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Рўйхатга 3000 га яқин исм киритиш режалаштирилган.

Йил бошида Тожикистон депутатлари арабча ва “хорижий” эшитиладиган исмларни ман қилувчи қонун лойиҳасини қабул олган эди. Тожикистонда ота-оналар орасида болаларига арабча ҳамда анъанавий исломий исмларни бериш кенг тарқалган.

Тожикистонда қачонлардир Сумайя, Ойша, Осия каби Исломдаги таниқли шахслар исмларидан олинган номлар деярли умуман бўлмаган. Аммо кейинги йилларда қизларга бундай исм бериш оммалашди. Ўғил болаларга эса Муҳаммад, Юсуф, Абубакир исмларини бериш кенг тарқалди.

Йил бошида қабул олинган қонун лойиҳаси исмларга мулла, халифа, шайх, амир ва суфий каби исломий ва арабча префикс ва суффиксларни қўшиш одатига барҳам беришни кўзлайди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги янги қонун матбуотда нотўғри талқин қилинганини билдирди. Фуқаролик ҳолати актларини қайд қилиш бошқармалиги етакчиси ўрибосари Жалолиддин Раҳимов “Интерфакс” агентлиги билан суҳбатда гўдакка бериладиган фамилия отаси ёки онаси фамилиясидан олинишини, ёки отаси исмидан тузилишини билдирди.

“Шундай экан, бола ота-онасининг фамлияси “-ов”, “-ев” қўшимчалари билан тугаса, масалан, Петров, Каримов бўлса, унга ҳам шу фамилияни беришлари мумкин”, деди Раҳимов. Раҳимов яна қонун русча фамилияларни ман этмаслигини, шунчаки фуқароларга тожикча фамилияни танлашни тавсия этишини қўшимча қилди.

Озодлик радиосининг "Настоящее время" дастури исмларни “тожиклаштирувчи” дастур тайёрлади. Ўз исмингизнинг Тожикистон расмийларига маъқул келадиган муқобили билан танишишни истасангиз, қуйида линкни очинг:

"Настоящее время"

XS
SM
MD
LG