Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:05

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегарасини 10 кунга ёпди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида чегара дарвозаси очилишини кутаётган одамлар.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида чегара дарвозаси очилишини кутаётган одамлар.

Тошкент расмийлари 15 июнь кунидан то 25 июнгача минтақа давлатлари билан чегараларини бир томонлама ёпгани тўғрисида Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистонни огоҳлантирди. Мазкур қарор Тошкентда 23-24 июнь кунлари ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан қабул қилингани айтилмоқда.

Ўзбекистон 15 июндан 25 июнгача Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон билан чегараларини ёпди.

15 июнь куни Қирғизистон Чегара хизмати бу борада Тошкентдан расмий билдирув олинганини билдирди. Хабарда айтилишича, 10 кун мобайнида Ўзбекистон қўшни давлат фуқароларини, уларга тегишли юкларни ва автомобилларни ўз ҳудудига ўтказмайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур қарори Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Тошкентда 23-24 июнда ўтадиган саммити муносабати билан қабул қилингани айтилмоқда.

Халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари аввалроқ Тошкентда хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилгани ҳақида хабар берган эди. Жумладан, Озодлик радиоси мобил мухбирлари пойтахт вилоятдан келганлардан тозаланиб, шаҳарга кириш-чиқиш йўлларидаги блок постлар кўпайтирилгани, шаҳар ичкарисида фуқаролар ҳаракатланишига жиддий чекловлар қўйилгани кузатилгани ҳақида маълум қилган.

Айрим хабарларда эса саммит муносабати билан Тошкентга кириш ва чиқиш ҳам тақиқланиши мумкинлиги айтилган.

Бироқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкентда 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан пойтахт “ёпилиши”, кириш ва чиқиш, транспорт ҳаракати чекланиши тўғрисидаги хабарларни “асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот” сифатида инкор қилди.

Вазирликнинг 14 июнь куни кечқурун тарқатган матбуот баёнотида айтилишича: ”Саммит ўтадиган кунлари пойтахтнинг “ёпилиши” тўғрисидаги хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Шаҳарга кириш ва чиқиш тартиби одатдагидай қолаверади, айни пайтда текширув тадбирлари кучайтирилади”.

Ички ишлар вазирлиги саммит пайтида Тошкентнинг бир нечта кўчасидагина транспорт ҳаракати вақтинча чекланишини билдирди. Бу чекловларнинг куни ва вақти матбуотда эълон қилиниши айтилмоқда.

Аммо Озодликка Ўзбекистондан етиб келган айрим хабарларда, вилоятлардан Тошкентга кетаётганлар ортга қайтарилаётгани айтилади.

“ШОС туфайли бугун Хоразмдан чиқишни тақиқлаб қўйишибди. Хоразмнинг Саримой постида Тошкентга қараб йўналаётган машиналарни тўхтатиб, ортга қайтариб юборяпти. Биз ҳам Тошкентга қараб йўлга чиққандик, Саримой постидан қайтариб юборишди милиция ходимлари”, деб ёзди Озодликка ўзини Асқарбек Раҳмонов деб таништирган муштарий.

XS
SM
MD
LG