Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:28

Британиялик сайловчилар Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берди


Дэвид Кэмерон референдум натижалари ортидан Бош вазир лавозимидан истеъфо беришини билдирди.
Дэвид Кэмерон референдум натижалари ортидан Бош вазир лавозимидан истеъфо беришини билдирди.

Бирлашган Қироллик Сайлов комиссияси 24 июнь куни расман сайловчилар Европа Иттифоқини тарк этиш учун овоз берганини маълум қилди. Европа Иттифоқида қолиш ёки қолмаслик масаласида пайшанба куни ўтказилган референдумда овоз берганларнинг 52 фоизи Европа Иттифоқидан чиқиш, 48 фоизи мазкур иттифоқда қолиш учун овоз берган.

Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берган британияликлар сони иттифоқда қолиш учун овоз берганларга нисбатан 1,27 миллионга кўп бўлди. Жами мазкур референдумда овоз бериш учун 46,5 миллион сайловчи рўйхатдан ўтган эди. Бу эса Британия тарихидаги рекорд кўрсаткичдир.

Европа кенгаши раиси Дональд Туск Британия иттифоқни тарк этганидан сўнг қолган аъзолар “27 давлат бирлигини сақлаб қолиш ниятида” эканини маълум қилди. Унга кўра, Европа Иттифоқи лидерлари кейинги ҳафтада Британия иштирокисиз саммитга йиғилади ва “иттифоқнинг келажаги масаласини кенг қамроқли равишда муҳокама қила бошлайди”.

Референдум арафасида Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон сайловчиларни Европа Иттифоқида қолиш учун овоз беришга чақирган эди. Кэмерон 21 июнь куни телевидения орқали қилган мурожаатида Европа Иттифоқидан чиқиш Британия иқтисодига ва миллий хавфсизлигига таҳдид солишидан огоҳлантирган. Унга кўра, Британия Европа Иттифоқидан чиқса, аҳолининг иш билан бандлиги озаяди, нархлар кўтарилади, иттифоқчилар сони камаяди.

Референдум натижалари эълон қилинганидан сўнг Кэмероннинг ёрдамчиси Ройтер агентлигига “овоз бериш натижалари Британияни номаълум маконга элтиб ташлади”, деб баёнот берди.

Британия ташқи ишлар вазири Филип Хаммонд эса референдум натижалари Шотландия Бирлашган Қиролликдан мустақил бўлиши керакми, деган баҳслар яна қайта бошланишига туртки бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирди. Чунки Шотландияда ва Шимолий Ирландияда овоз берганларнинг асосий қисми Европа Иттифоқида қолиш тарафдорлари бўлган.

Овоз бериш натижалари эълон қилингач, Шотландиянинг собиқ Биринчи министри Алекс Салмонд Бош вазир Кэмеронни истеъфо беришга чақирди.

Кэмерон мансуб Консерваторлар партияси2015 йилдаги сайлов олдидан Европа Иттифоқи масаласида референдум ўтказишни ваъда қилганди. Бош вазир Дэвид Кэмерон эсабу каби референдум ўтказиш ҳақида 2013 йилдаёқ эълон қилган.

Референдум натижалари Британиянинг эртагаёқ иттифоқ таркибидан чиқишин англатмайди. Британия яна икки йил давомида Европа Иттифоқи аъзоси бўлиб қолаверади. Би-би-си радиосининг билдиришича, “бунинг ортидан икки йилдан кўпроққа чўзиладиган музокаралар жараёни бошланади”.

XS
SM
MD
LG